Тожикистонда "Салафия" оқими экстремистик дея эълон қилинди

Тожикистон Олий Маҳкамаси «Салафия» оқимини экстремистик дея қарор қабул қилган. Бу борада Тожикистон Республикаси Олий Маҳкамаси мақомотидан билдиришган.

Бу қарор аслида бундан бир ой олдин қабул қилинган бўлиб, энди у оммалаштирилган.

Тожикистонда «Салафия» фаолияти бундан беш йил олдин Олий Маҳкама томонидан таъқиқлаб қўйилганди.

Унгача «Салафия»га мансублар эркин фаолият юргизишганди. Бу оқим тарафдорларининг айниқса мамлакат жанубида кўплиги айтилади.

Тожикистонда «Салафия» фаолияти таъқиқланиши билан бир пайтда мазкур оқимга мансуб кўрилганларнинг рўйхати тузиб чиқилганди.

«Салафия»га мансуб кўрилган 7 киши устидан дастлабки маҳкама 2010 йилда бўлиб ўтган. Унда Душанбе шаҳрининг Сино тумани маҳкамаси 7 киши устидан ҳукм чиқарган.

Жазоланганлар орасида «Салафия» оқимининг мамлакатдаги таниқли вакилларидан бўлган Сирожиддин Абдураҳмонов ва унинг ўғли Киромиддин ҳам бўлишган.

«Салафия» экстремистик деб эълон қилинар экан, энди унинг мансубларига қарши Тожикистон Жиноий Кодексининг экстремистик фаолиятни амалга ошириш учун оммавий чорловлар деган мазмундаги моддаси қўлланади.

Бу модда бўйича жазога тортиладиганлар узоқ йиллик муддатга озодликдан маҳрум этиладилар.

Айни бир пайтда Тожикистон ҳудудида «Салафия» оқимининг вебсайти таъқиқланган ва у ёпиб қўйилган.

"Салаф" сўзи "ўтмиш" ё "аввалги" маъносини бериб, салафийлар Ислом динини Муҳаммад пайғамбар ва унинг сафдошлари тушунган тарзда тушунишни истайдилар, ҳамда Қуръонни символик талқин қилиш усуллари ва мусулмон дунёсига Ғарб билан юз берган алоқалар асосида кириб келган янгиликларни рад этадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002