Атамбаев чегарани мустаҳкамлашга буйруқ берди

Президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон қуролли кучларига давлат чегараларини қўриқлашда барча чораларни кўришга буйруқ берди.

Бундай қарорнинг олинишига Тожикистон билан сарҳаддош Қирғизистон жанубидаги Боткен вилоятида жойлашган бўлинмалардан бирига номаълум қуролли шахслар томонидан содир этилган ҳужум сабаб бўлди.

Қирғизистон расмий ахборот агентликлари хабар беришича, жумадан шанбага ўтар кечаси Боткен вилояти Лайлак туманининг "Айкол" чегара заставасига номаълум қуроллилар ҳужуми оқибатида застава бошлиғи ҳалок бўлган, унинг ўринбосари ва яна бир аскар жароҳат олган.

Қирғизистон президенти қурбон оиласига таъзия билдирди ва ярадорларга зарурий ёрдам кўрсатишга топшириқ берди.

Жаноб Атамбаев шунингдек ҳуқуқ-тартибот идораларини мазкур қуролли ҳодисани "диққат билан ўрганиб чиқиш ва ҳужумчиларни топиш" билан вазифалантирди.

Хабарларга кўра, ярадорлар Исфана шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Қирғизистон расмийлари берган маълумотга кўра, қуролли ҳодиса чегара ҳудудидан 30 километр ичкарида Қирғизистон ҳудудида юз берган.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабарида таъкидланишича, ҳозирда қирғиз – тожик чегара чизиғи кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда.