Қозоғистонда учоқ ҳалокатга учраган

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ан- 2 учоғи ҳалокатга учраши натижасида олти инсон ҳаётдан кўз юмган, бир киши оғир жароҳат олган.

Воқеа 20 январ куни маҳаллий вақт билан 15.40да "Шатиркўл" кони ҳудудида рўй берган. Фожеа сабаблари ўрганилмоқда.

Бу ҳақда Қозоғистон Ички Ишлар вазирлиги Фавқулодда қўмитаси хабар қилади.

Учоқ бортида етти йўловчи ва уч экипаж бўлганлар.

Ҳалокат юз берган жойга кон хавфсизлик хизмати ходимлари, Қарағанда ва Жамбил вилоятлари фавқулодда ҳодисалар бўйича бошқарма қутқарувчилари ва Жамбил вилоят суриштирув гуруҳи етиб борган.

Учоқ кондан 20 км масофада топилган.

Фожеа натижасида уч йўловчи ва уч экипаж аъзоси вафот этган. Бир йўловчи- аёл киши тирик қолган. Лекин унинг аҳволи ўта оғирлиги хабар қилинади. Аёл оғир жароҳатлар билан шошилинч касалхонага олиб кетилган.

Маълумотларга кўра, учоқ "Казахмис" ширкатига тегишлидир. Ширкатнинг тўрт ходими ва уч экипаж аъзоси Балхашдан "Шатиркўл" конига қараб йўналган бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ