Тожикистонда қиш: яна бир оила исланиб, заҳарланган

Шимолий Тожикистоннинг Конибодом туманида яшайдиган ёш оила кўмирдан исланиб, заҳарланган. Бу фожиа 21 январ тунида юз берган.

Кўчкак қишлоғида яшайдиган 24 ёшли Аҳад Ҳожибоев исланиш натижасида дунёдан ўтган. Унинг 20 ёшли хотини Ўғилой оғир аҳволда беморхонага ётқизилган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Суғд вилояти бошқармасидан хабар берилган.

Расмийларнинг билдиришларича бу Шимолий Тожикистонда кейинги ўн кун орасида рўй берган ва ҳалокат билан тугаган иккинчи кўмирдан исланиш ҳодисасидир.

Олдинроқ 22 ёшли Баҳриддин Шоаюбов ва унинг турмуш ўртоғи Маҳлиё Жумаевалар кўмирдан исланиб, ҳаётдан эрта кўз юмишган.

Ҳали жорий қиш бошланиши арафасидаёқ тўсатдан бошланган совуқ натижасида уй иситмоқчи бўлган бошқа бир ёш оила ҳам дунёни эрта тарк этганди. 22 ёшли Умид Ҳўжамастов ва унинг хотини Гита Мўминованинг кўмирдан исланиб, заҳарланганликлари аниқланган.

Расмийларга кўра жорий йил қиш мавсумида биргина Суғд вилоятида кўмирдан исланиб, ҳалок бўлганлар сони ўн нафардан ортган. Улар орасида ҳали тўрт ёшга ҳам тўлмаган икки нафар қизалоқ ҳам бор. Тожикистон бўйича исланиб, жон берганлар сони эса, анча кўплиги айтилади.

Ҳар йили қиш мавсуми тожикистонликлар учун катта қийинчилик туғдиради. Ҳатто бир йили мамлакат президентининг ўзи одамларни қишга тайёргарлик кўришга, етарли ўтин ва кўмир ғамлаб олишга чақирганди. Лекин аҳолисининг қирқ фоизга яқини кам таъминланган ҳисобланадиган Тожикистонда минглаб оилаларнинг айниқса қиш пайтида нархи ошиб кетадиган кўмир сотиб олишга қурби етмайди. Натижада одамлар яхши текширилмаган, сифати паст кўмир сотиб олишга ё ўсиб турган дарахтларни кесишга мажбур бўлишади.

Айнан кесилган дарахтлар орасида тут ҳам бор. Тут дарахти ўтини ёқилганда эса, ҳатто сифатсиз кўмирдан ҳам кўпроқ заҳарли ис чиқариши аниқланган.

Қиш арафасида Тожикистонда электр воситасида ишлайдиган иситгичлар савдоси авж олади. Лекин бу иситгичлардан фақатгина Душанбе ва вилоятлар марказлари аҳолиси мунтазам фойдаланиш имкониятига эга. Чунки бу шаҳарларда электр таъминоти кеча-ю кундуз қилиб белгиланган.

Душанбе шаҳрида айрим марказий иситиш тармоқлари қайта ишга туширилган. Қолган шаҳарларда иситиш тизимлари ишдан чиққанича ётибди, дейишади кузатувчилар.

Қўшни Ўзбекистон табиий газни узатишни тўхтатгани ва бу ёнилғининг нархи ортиб кетгани боис кўплаб аҳоли манзилларида газ қувурлари кесиб ташланган, газ печлари кераксиз матоҳга айланан.

Айни шу сабаблар ва устига электр таъминотининг чекланганлиги боис қишлоқлар ҳамда мамлакатнинг бошқа шаҳарлари-ю туман марказларида одамлар печ ва сандалдан фойдаланишга мажбурдирлар.

Мутахассисларнинг айтишларича ўтган тунда ёққан қор ва бошланган совуқ Тожикистондаги аксарият аҳоли, айниқса оддий одамлар учрайдиган муаммоларни янада кўпайтиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ