Раҳмон: сайловлар "шаффоф, эркин ва демократик" ўтиши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тожикистон президенти мамлакатни 20 йилдан кўпроқ вақт давомида идора этиб келади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон март ойига режаланган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар "шаффоф, эркин ва демократик" ўтиши кераклигини айтди.

Ғарб кузатувчилари ва мухолифат Тожикистонда бундан олдин ўтган президентлик ва парламент сайловлари демократия андозаларига мос ўтмаганини айтиб танқид қилганди.

Раҳмон жаноблари парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ҳақада Тожикистон парламенти йиғинида йиллик чиқишида гапирди.

Тожикистон Президентига кўра, сиёсий тадбир Тожикистон Республикаси конституцияси талаблари доирасида, қонунларга амал қилинган ҳолатда шаффоф, эркин, демократик руҳда ва сайловчиларнинг фаол иштироки билан ўтказилиши керак.

Шунингдек, Раҳмон жаноблари мазкур жараённи ўтказишга масъул тизимлар барча сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши ҳамда номзодларини кўрсатиши учун тенг шароитлар яратиши шартлигини таъкидлади.

Имомали Раҳмон, шунингдек, бу йил сентябр ойидан бошлаб давлат нафақалари ва бюджет соҳасидаги маошларни кўпайтиришга ваъда берди.

Жаноб Раҳмон ўзининг йиллик чиқишида фарзандлар ва ёш авлод тарбиясига эътибор қаратиб, Тожикистонда икки янги муассаса - Болалар ҳуқуқини таъминловчи Институт ва ота-оналар масъулиятига оид қонун ижросини махсус ташкилот барпо этилишини билдирди.

Унинг айтишича, Тожикистонда ҳар йили 200 минг кўдак дунёга келади, ўрта мактабларда 1 миллион 750 минг бола таҳсил олади.

У ёш авлодни "миллий ўзликни таниш" руҳида тарбиялаш зарурлигини айтди.

Марказий Осиё давлатларига хос "сайловлар"

Тожикистонда кечган парламент ва президентлик сайловлари қўшни Ўзбекистонда бўлгани каби халқаро ҳамжамиятнинг танқидларига нишондир.

Парламент учун курашларда асосан ҳукуматпараст партиялар дастакланади.

Сўнгги парламент сайлови 2010 йилда ўтказилган ва ўшанда мухолифат, хусусан, Ислом Уйғониш партияси сохтакорликлардан шикоят этганди.

Халқаро кузатувчиларга кўра, сайлов жараёни одатда ҳақиқий рақобатсиз кечади.

Шаффофлик ва сўз эркинлиги тўла таъминланмайди.

Минтақа бўйича мутахасисларга кўра, гарчанд сиёсий эркинликка доир вазият қўшни давлатлар, айниқса Ўзбекистондан тубдан фарқ қилса ҳам, сўнгги йиллар Имомали Раҳмон ҳукумати мухолифатга нисбатан босимларни кучайтирмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002