Қирғизистонда қуролли гуруҳ қўлга олингани айтилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар қилишича, Ўш вилоятида махсус қидирув амалиётларини ўтказиш чоғида халқаро террорчилик ташкилоти дея тасвирланаётган гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

Хавфсизлик хизмати масъулларига кўра, улар бадавлат фуқароларнинг мол-мулкини ноқонуний ўзлаштириш мақсадида "Амалиёт" деб аталган қуролли қароқчилик билан шуғулланиб келганлар.

Қўлга тушган гуруҳнинг олти аъзоси ва тўрт ёрдамчиси Суриядаги халқаро террористик ташкилотларнинг жамлоғларида тайёргарликдан ўтганлари айтилади.

Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик хизмати матбуот котиби Роҳат Сулаймонов маълум қилган мухбирларга.

Унинг билдиришича, ҳибсга олинганлар яшаб келган уйларда тинтув ўтказилганда, бир дона Калашников автомати, овчилар милтиғи, газ тўппончаси, 1800 га яқин турли калибрдаги патронлар, олтита ниқоб, темир таёқ ва ёғоч калтаклар, пичоқ ва машина номери топилган.

Ушбу воқеа юзасидан Қирғизистон жиноят кодексининг "ҳужжатлар ва муҳрларни қалбакилаштириш", "ноқонуний фаолият билан шуғулланиш" каби моддалари бўйича жиноий иш очилган.

Гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам қидирилаётгани хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ