Остонада чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик эр-хотин қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Остонада янги туғилган чақалоғини "Тойота Кэмри" русумли машинага алмаштирмоқчи бўлган асли ўзбекистонлик оила қўлга олинган.

Оила чақалоқ туғилганидан икки кун ўтиб, машинани ўз номига ҳужжатлаштириб олган вақти ушланган.

Чақалоқ эса шифохонага ётқизилган.

Фарзанд 27 январь куни 3 килою 800 грам оғирликда дунёга келган.

Ота онаси икки ўтгач, уни машинага алмаштириш жараёнида қўлга олинган.

"Остона шаҳар Ички ишлар департаменти ходимларига ўзларининг янги туғилган чақалоғини Тойота Кэмри русумли машинага алмаштирмоқчи бўлган оила ҳақида хабар келиб тушди. Тезкор суриштирув жараёнида аёлнинг 25 ва эрининг 29 ёшда эканлиги аниқланди", - дейди пойтахт Ички ишлар департаменти матбуот котиби Софья Қилишбекова.

Полиция берган маълумотга кўра, ушбу жуфт боласини сотишни олдиндан режалаштирган.

Чақалоққа алмаштирмоқчи бўлган машинаси русуми ва унинг 2008 йилдан эски бўлмаслигини шарт қилиб қўйган.

Бола алмаштирилган Тойота Кэмрининг 2012 йилда ишлаб чиқарилгани айтилмоқда. Бундай машиналар Қозоғистонда ҳолатига қараб 23 минг доллардан 29 минг долларгача баҳоланади.

'Муҳтож эмас'

Полиция матбуот хизмати ушбу оиланинг ўта муҳтож эмаслигини таъкидламоқда.

Чақалоқнинг онаси ўзини уй бекаси дея кўрсатган.

Отаси эса Остонадаги ташкилотлардан бирида иш юритувчи бўлиб хизмат қилади.

Ички ишлар департаменти матбуот хизмати оиланинг муҳтож қатламга кирмаслигини айтмоқда.

Исми ошкор қилинмаётган ота асли ўзбекистонлик бўлиб, бундан саккиз йил бурун Қозоғистон фуқаролигини олган. Унинг турмуш ўртоғи ҳали ҳам Ўзбекистон фуқароси.

Полициянинг билдиришича, ушбу жуфтликнинг 5 ёшли яна бир фарзанди бор ва у Ўзбекистонда қариндошларнинг қўлида катта бўлмоқда.

Остона шаҳар Ички ишлар департаменти матбуот котиби Софья Қилишбекова болани машинага алмаштириш олдиндан келишилган бўлса ҳам унинг суррогат она эмаслиги аниқ эканлигини айтади.

“Бу ерда суррогатлик келишув бўлмаган. Суррогат она бўлганида бунинг қонунга зид жойи йўқ. Шундай бўлганида олдиндан келишиб боланинг қандай ривожланаётганини назорат қилиб туришади. Булар сотамиз деб эълон беришган”, - дейди Софья Қилишбекова.

Эр-хотинга балоғатга етмаганларни сотиш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ушбу айб бўйича улар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қилишбекова хонимга кўра, Остона шаҳрида боласини сотувга қўйиш амаллари олдин учрамаган.

Ўзбекистонликларнинг ўз боласини сотувга қўйиш ҳоллари Қозоғистонда биринчи маротаба учраётган бўлса ҳам, Россияда бундай ҳолатлар аввал ҳам қайд этилган.

Марказий Осиёлик мигрантларнинг Россияда янги туғилган чақалоғини йўлкира учун ёки қарзлардан қутулиш мақсадида сотишга уриниш ҳоллари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бир неча маротаба олди олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002