Интимақ қишлоғи яшовчиси ўлимида гумон қилинган шахс Ўзбекистонда қўлга олинган

Жанубий Қозоғистон вилояти Ички ишлар департаменти матбуот хизматига таяниб Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг хабар тарқатишича, Сариоғоч туманидаги Интимақ қишлоғи яшовчисини ўлдиришда гумон қилинган шахс Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинган ва Қозоғистонга экстрадиция қилинган.

“Қозоғистон полициясининг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари билан Интимақ қишлоғи яшовчиси қотиллигида гумон қилинган Наретов Н.К қўлга олинган ва Қозоғистонга экстрадиция этилган. Ҳибсдаги шахс ҳозирги пайтда Жанубий Қозоғистон вилояти Ички Ишлар департаменти тергов изояторига етказилган”, дейилади вилоят полицияси идораси хабарида.

Ушбу жиноят тергови билан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг мамлакат жанубига юборилган махсус тергов гуруҳи шуғулланаётгани хабар қилинади.

Вилоят Ички ишлар департаменти билдиришича, Сариоғоч туманида жамоат тартибини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда, вазият тўла назорат остида.

Сариоғочга Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларидан полиция ва махсус қўшинлар бўлимлари юборилган.

Жума ва шанба кунлари бутун Сариоғоч тумани ҳудудида алоқа сифати ёмонлашган.

Маҳаллий одамлар мобил телефон орқали қўнғироқлашиш имконияти йўқолиб қолганини айтганлар.

Айрим нашрлар туманда буткул Интернет алоқаси узилгани ҳақида хабар тарқатганлар.

5 ва 6 феврал кунлари Сариоғочнинг бир неча қишлоғида зўравонликлар кузатилган.

Бунга қозоқ миллатига мансуб Интимақ қишлоғи яшовчисининг тожик миллатига мансуб Бўстонлиқ қишлоғи яшовчиси томонидан пичоқлаб ўлдирилгани ҳақидаги хабар туртки берган.

Полиция қотиллик сабабларини маиший характерда эканлигини айтган.

Бўстонлиқликларнинг айтишларича, 5 феврал куни қўшни Интимақ қишлоғилик 100 тача киши темир-терсаклар билан қуролланиб келиб, уйлар ва автомобилларга ўт қўйганлар.

6 феврал куни ҳам биноларга ўт қўйилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Бўстонлиқ қишлоғи яшовчилари зўравонликлар яна такрорланишидан чўчиб қолганликларини айтганлар.

Айрим оилалар ўз аёллари ва фарзандларини қариндошлариникига бошқа жойларга юборганлар.

Қозоғистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ҳудудларида миллатлараро муносабатлар ёмонлашаётгани ҳақидаги хавотирлар юзага келганига бир неча йил бўлди.

Ўзаро суҳбатларда Жанубий қозоғистонлик ўзбеклар қозоқ миллатига мансуб айрим одамларнинг "бу ер қозоқларнинг ватани экани, ўзбеклар ўз ватанига кетиши кераклиги" ҳақидаги гаплари кўпайганига 4-5 йил бўлганини айтадилар.

Ўтган йили 27 август куни қозоқ миллатига мансуб ёшлар ўзбеклар яшайдиган Қорамурт қишлоғига бостириб келганлар.

Уйлар, дўкон ва автомобилларни тошбўрон қилганлар.

Бир неча киши жароҳатлангани хабар қилинган.

Ўшанда Қозоқ расмийлари бу оддий безорилик, миллий низо эмаслиги ҳақида айтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ