Рашод қори жиҳодга даъват қилганликда айбланмоқда

Қорасув шаҳридаги Ас-Сараҳсий масжиди имоми, таниқли диний арбоб Рашод Камолов "Қирғизистон фуқаросини Сурияга боришга даъват этди" деган айб билан ушланган.

Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлиги Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида диний экстремизмга қарши кураш амалиётларини олиб боришини эълон қилган.

Вазирликнинг билдиришича унинг ўнинчи бўлими тарафидан имом Рашод-қори Камолов қўлга олиниб, икки суткага ушланган.

Расмий билдиришга қараганда, имом маҳаллий жамоани халифат қуришга ундаб, Суриядаги урушга отланишга даъват этгани айтилмоқда.

Ички Ишлар Вазирлигининг Би-би-сига билдиришича у интернет ҳамда уяли телефон орқали ҳам бу ишларни юритган.

Рашод-қори Камоловнинг уйи тинтув қилинган, ва вазирликнинг айтишича, уйдан экстремистик руҳдаги китоблар ва бошқа ашёлар топилган.

Бу ҳол бўйича жиноий иш очилиб, суриштурув ишлари бошланган.

Имом Рашод-қори Камолов таниқли диний арбоб Муҳаммадрафиқ-қори Камоловнинг ўғлидир. Унинг акаси Содиқжон Камолов Қирғизистоннинг биринчи муфтийси, ҳамда илк Парламент аъзоси бўлган.

Маълумки, Муҳаммадрафиқ-қори 2006 йили Ўшда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан машинада кетаётганида отиб ўлдирилган эди.

Рашод-қори Камоловнинг қўлга олиниши учинчи маротаба юз бермоқда.

Рашод-қори Камоловнинг оила аъзолари, ҳимоячиси ё яқинлари билан алоқа қилиб уларнинг ҳодисага муносабатини билишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002