Назарбоев:Қозоғистон иқтисодий инқироздан чиқиб кетади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари дуч келаётган қийинчиликлар Оврўосиё иқтисодий иттифоқи билан боғлиқ эмаслигини айтган.

Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этган Назарбоев ушбу ташкилотларга киришдан олдин бу каби ўзгаришлар бўлишини билганмиз, деган.

Олдинроқ қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари Россиядан кириб келаётган арзон товарлар ичкаридаги ишлаб чиқарувчиларнинг бизнесини барбод қилаётганини айтиб ҳукуматга мурожаат қилган эди.

Мухолифат вакиллари Россия билан тузилган иттифоқ тенг ҳуқуқлар асосида тузилмаганини айтиб ундан чиқиш кераклигини таъкидлаб келади.

Қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар юзага келган муаммони Россия билан чегараларни вақтинчалик ёпиш орқали ҳал этишни таклиф қиларкан президент Назарбоевнинг муаммоларни Оврўосиё иттифоқига боғламаслик керак деган фикрлари уларни янада қийин аҳволга солиб қўядигандек.

Қозоғистондаги Иқтисодий сиёсат институти президенти Қаирбек Аристанбековнинг Бибисига айтишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар дуч келаётган муамммоларнинг уч сабаби бор.

“Биринчидан, бу Ғарб ва Москва ўртасидаги санкциялар жанги. Унинг натижаси бизга тўғридан тўғри таъсир қилмоқда. Иккинчи омил, нефть нархининг сезиларли даражада тушиб кетиши. Ушбу жараён Қозоғистондаги савдо балансининг тушиб кетишига олиб келмоқда. Учинчидан, декабрда рубл курсининг тушиб кетиши ишлаб чиқарувчиларимизга салбий таъсир қилди”, - дейди Қаирбек Аристанбеков.

Рубл курсининг кескин тушиб кетиши қозоғистонлик тадбиркорларни мушкул аҳволга солиб қўйди.

Пул қадрсизланганидан фойдаланган қозоғистонлик истеъмолчилар товарларни божхона чегераси йўқ Россиядан ташиб кела бошлади.

Натижада Россиядан анча арзон баҳоларга машиналар олиб кирила бошланди. Бу Қозоғистондаги автомобиль ишлаб чиқариш саноатига катта зарба бўлди. Ички бозорда ўз машиналарини сотиш икки баробарга камайиб кетди.

Нархлар ўртача 30-60 фоиз арзонлашиб кетганидан Павлодардаги Қоғоз ва кора картон қоғоз ишлаб чиқарувчи завод фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўйиш хавфи остида қолди.

Павлодар ҳокимияти ички ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва шу билан ишчи ўринларини сақлаб қолиш мақсадида ҳукуматга Россиядан келаётган айрим истеъмол товарлари импортига чеклов қўйиш таклифи билан чиқди.

Бу каби ҳолат парандачилик билан шуғулланувчи бизнесменларнинг ҳам бошига тушди. Ички омборларда нархларнинг баландлиги сабаб 10 минг тонна гўшт сотилмай қолиб кетмоқда.

Қозоғистон паррандачилар уюшмаси президенти Руслан Шарипов Россияда нархларнинг пастлиги сабаб истеъмолчилар маҳаллий парранда маҳсулотларини емай қўйганини айтади.

“Паст нархлар сабаб барча бозорлар уларнинг молини ола бошлади. Бизники омборларда қолиб кетди. Дўконларга чиқарганмиз,лекин сотилмаяпти. Паррандачилик соҳасида аҳвол оғир. Сотилмаётгани сабаб омборларимиз тўлиб бормоқда. Бугунги кунда омборларда 10 минг тоннадан зиёд гўшт қолиб кетаяпти”, - дейди Руслан Шарипов.

Ишлаб чиқарувчилар ушбу масалага ечим сифатида Россиядан келаётган арзон товарларга вақтинчалик чеклов қўйишни тушунади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бироқ ишга тушганига ҳали икки ой ҳам бўлмаган Оврўосиё иттифоқи ўз мантиқига зид равишда чегараларни ёпишни хаёлига келтирмаяпти.

Айрим кузатувчилар, ушбу вазиятдан чиқиш учун маҳаллий тадбиркорлар тақиқ йўлини танламасдан рақобатбордошликни ошириши керак, деган таклифни олдинга суради.

Иқтисодчи Қаирбек Аристанбеков Қозоғистон ҳукуматига мурожаатлар бўлаётган тақдирда ҳам чегаралар ёпилмаслигини тахмин қилади.

Иқтисодчи ушбу вазиятдан чиқиб кетиш учун бир неча йўл борлигини айтади. Шулардан бири нефт нархнинг кўтарилишини кутиш керак. Нефть нархи ошса рубль курси ҳам мустаҳкамланади.

“Иккичиндан, Миллий банк танганинг қадамба қадам қадрсизланишини амалга ошириши керак. Бу иқтисодиётимизнинг Россияникига нисбатан рақобатбардошлигини оширишга кўмак беради. Учинчиси, тангани бир вақтда дарҳол девальвация қилиш”, - дейди Қаирбек Аристанбеков.

Миллий банк танга ҳали бери қадрсизланмайди,деётган бўлсада иқтисодчилар ҳукумат шундай қилишга мажбур қолаётганини айтишади.

Қозоқ тангаси сўнгги марта бир йил олдин қадрсизлантирилган эди. Бироқ орадан бир йил ўтар ўтмас танганинг яна қадрсизлантирилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қийин аҳволга солиб қўйиши ва бу ижтимоий тарангликка олиб келиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қозоғистон иқтисодининг Россия билан чамбарчас боғлиқлиги айни вақтда фақат салбий ҳолатлар олиб келаётгани йўқ.

Вазиятнинг шундай бўлиб туришидан асосий истеъмолчи бўлган аҳоли фойда кўрмоқда. Истеъмолчилар олдида арзон муқобил вариант пайдо бўлди.

Ҳаттоки бензин нархлари ҳам ўртача 15 фоизга тушди.

Лекин бундан иқтисоднинг таянчи бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зарар кўрмоқда. Россиядан импорт ҳажми ортаркан, Қозоғистоннинг ишлаб чиқариши ва экспорт ҳажми салбий кўрсаткичларни қайд қилмоқда.

Ана шундай вақтида Қозоғистоннинг Россия билан бир иттифоққа киришига қарши бўлган мухолифат аъзолри ушбу иттифоқнинг нотўғри бўлганини яна таъкидламақда.

Мухолифат вакилларига кўра, Россия билан ҳар қандай ҳамкорлик тенг ҳуқуқлар асосида шаклланиши лозим. Бироқ 1 январдан иш бошлаган Оврўосия Иттифоқини тенг муносабатлар асосида қурилган ҳамкорлик, деб бўлмайди дейди улар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002