Қозоғистонда муддатидан олдинги президентлик сайловлари ўтказиладими?

Image caption Нурсултон Назарбоев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов каби Қозоғистонни 20 йилдан ортиқ вақтдан буён бошқариб келади.

Қозоғистон халқлари ассамблеяси раис ўринбосари Анатолий Башмаков мамлакатда яқин вақтда муддатидан олдинги президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қилмоқда.

Ассамблея кенгаши йиғилишида чиққан Башмаков ушбу таклифини шундай изоҳлайди:

"Бизда 2016 йилда иккита сайлов кампанияси бўлади. Бири парламентга, иккинчиси мамлакат президентлигига сайловлар. Бу биринчидан, ҳуқуқий томондан ноқулайлик туғдиради, иккинчидан, таҳлилчилар фикрича, дунёдаги иқтисодий инқироз янада кучаяди".

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон ҳукуматининг бутун эътибори иқтисодда, жамият ва мамлакатда инқироз кўринишлари пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилиши лозим. Шу боисдан, мен бу вазиятни енгиллаштириш учун президентлик сайловларини шу йил ўтказишни таклиф қиляпман", дейди жаноб Башмаков.

Қозоғистон расмийси бундан ташқари "Нурсултон Назарбоевнинг меросхўри ким бўлади?" деган "мантиқсиз" саволларни кўпайишининг олдини олиш лозимлигини таъкидлайди. Унга кўра, "Мамлакатда иқтисодий, ижтимоий муаммоларга йўл қўймаслик учун яхшиси катта обрўлик инсонга ишонч билдириш керак".

Қозоғистон халқлари ассамблеяси бундан 20 йил олдин Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан тузилган. Ассамблеяда қонун чиқариш ҳуқуқи берилмаган, лекин йиғилишларида ўртага ташланган таклифлар мамлакат қонун ва фармонлар лойиҳаларига киритилиши мумкин.

Нурсултон Назарбоев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов каби Қозоғистонни 20 йилдан ортиқ вақтдан буён бошқариб келади.

Охирги марта 2011 йилда ўтган сайловда 95 фоиз сайловчи Назарбоевни ёқлаб овоз бергани айтилган. Мамлакатнинг ўзгартириш киритилган қонунига кўра, жаноб Назарбоев чекланмаган тарзда сайловларга ўз номзодини қўя олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Назарбоев ҳам Каримовнинг президентликка қолишлари учун иккала мамлакат қонунларига ўзгартириш киритилган.

Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов Марказий Осиёнинг узоқ йилдан бери қудратни қўлдан бермай келаётган энг кекса давлат раҳбарлари ҳисобланишади.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 29 мартида президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси президентликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олишни бошлаган.

Ўзбекистон Президентлигига Ислом Каримов билан бирга Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаров номзоди қўйилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002