Қирғизистонда президентнинг ҳижоб борасидаги мавқеига тушунмаганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қирғизистон президентининг мамлакат парламентидаги вакили президентнинг ҳижоб борасидаги мавқеини нотўғри тақдим қилгани учун жазога юз тутмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаевнинг Жогорқу Кенешдаги вакили Молдакун Абдилдаев 19 февралда бўлиб ўтган парламент йиғинида мактаб ўқувчиларига ҳижоб ўрашни тақиқлагани учун Ақ Тала туманининг таълим бўлими раҳбарияти ишдан четлатишини айтган.

Жаноб Абдилдавега кўра, президентнинг ҳижоб қирғизларнинг анъанавий уст-боши эмаслиги ҳақидаги баёнотини Ақ Тала туманида нотўғри тушунганлар.

Лекин аслида жаноб Абдилдаевнинг ўзи президент Атамбаевнинг мавқеини нотўғри тушунган бўлиб чиқди.

Президент матбуот идорасидан билдиришларича, давлат раҳбари дунёвий кийимлар тарафдоридир.

"Алмазбек Атамбаев ҳамиша дунёвий ва миллий кимий формаси тарафдори бўлган ва "мусулмонча кийим", унинг устига болалар ва мактаб ўқувчиларининг бу йўлда кийинишига мутлақо қарши. Бу мавқе қирғиз давлатининг дунёвий характери ҳақидаги конституцион моддадан келиб чиққан. Шундай экан, биз Норин вилоятининг Ақ Тала туманидаги халқ таълими бўлими раҳбарининг ота-оналардан ўз қизларига ҳижоб тақишни мажбурламаслик борасидаги талабларини буткул асосли деб биламиз. Президент девони Молдакун Абдилдаев давлат раҳбарининг сўзларини нотўғри талқин қилгани учун унинг масъулияти масаласини кўриб чиқмоқда", - дейилади матбуот идораси баёнотида.

Ўтган йили 3 ноябрда Мудофаа кенгаши йиғинида қилган чиқишида жаноб Атамбаев "мусулмон номини кийим билан эмас, балки қилган иш билан, тоза фикрлар ва ахлоқий тарбия билан оқлаш керак"лигини айтганди.