Қирғизистон замонавий тарихида кўрилмаган қамоқхона қурмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Хабарларга кўра, Қирғизистонда деярли барча қамоқхоналарни бир жойга йиғиб, замонавий шарт-шароитларга эга, улкан ва марказлашган ягона жазони ижро этиш муассасасини барпо этиш масаласи муҳокама этилмоқда.

Бу каби антиқа иншоотни қуриш учун лозим бўлган маблағнинг аксарият қисмини эса, эски қамоқхоналарни сотиш билан қоплаш таклиф қилинаяпти.

Агар, имконли бўлган сўнгги маълумотларга таянилса, ҳозир Қирғизистонда тахминан 15.000 киши маҳкамага тортилиб, ҳукм этилган.

Шулардан жазоси оғир бўлган беш мингдан ортиқроғи ёпиқ жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда.

Бутун Қирғизистон бўйлаб эса, ўнлаб қамоқхоналарнинг фаолият юритиши айтилади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, иқтисоди ночор бўлган Қирғизистондек кичик бир мамлакат учун деярли барча вилоятларда барпо этилган бунча сондаги қамоқхоналарни ҳар жиҳатдан тутиб туриш осон иш эмас.

Хабарларга кўра, айни шу омил сабаб, ҳайҳотдек қамоқхона қуриш ғояси ўртага ташланган.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, агар ушбу режа амалга ошса, янги марказ тўрт минг маҳбусни ўз бағрига сиғдириши мумкин.

Аммо, шунда ҳам, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган инсонлар, хотин-қизлар, вояга етмаган болалар ва сил хасталигига чалинган маҳкумлар бу ерга кўчирилмайди.

Масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, бир умрга озодликдан маҳрум этилган ва силга чалинган маҳкумлар учун аллақачон иккита алоҳида қамоқхона қуриб беришган.

Агар, уларнинг сўзларига таянилса, мамлакат раҳбарияти томонидан эълон қилинаётган авфлар боис, сўнгги йилларда бутун Қирғизистон бўйлаб маҳкумларнинг сони сезиларли даражада камайган.

Аммо, худди шу манзарада, бир инсоннинг қайта-қайта жиноят содир этиши ҳоллари ортган.

Оғирлиги турлича бўлган жиноятларда айбланган шахсларни сақлаш учун хос қамоқхоналарнинг йўқлиги эса, ҳибсхоналар ва бошқа жазони ўташ муассасаларини жиноятчилар, одатда, тажриба алмашадиган марказларга айлантириб қўйган, дейишади улар.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, маҳбусларни яхшироқ назорат қилиш ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам, марказлаштирилган битта йирик қамоқхона қурилиши мақсадга мувофиқдир.

Уларнинг айтишларича, Қирғизистон қамоқхоналарида бу хусусда замонавий техник имкониятларнинг етарли эмаслиги сўнгги йилларда қатор жиноий доира раҳбарларига қўл келган, улар қасддан бир неча бор турли тартибсизликлар уюштиришга муваффақ бўлишган.

Аён бўлишича, янги лойиҳа ҳукумат томонидан маъқулланса, Қирғизистон бўйлаб жойлашган деярли барча қамоқхона бинолари сотиш мақсадида Давлат мулк идораси ихтиёрига ўтказилади.

Шундан сўнг, бу иншоотлар кимошди савдосига қўйилиб, алоҳида шахслар ва тадбиркорларга сотилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ