Вена қамоқхонасида Роҳат Алиев жасади топилган

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви ва собиқ дипломат Роҳат Алиевнинг жасади Австриянинг Йозефштадт қамоқхонасидаги бир кишилик хонадан топилган.

Жазони ижро этиш муассасаси вакилларининг айтишича, Роҳат Алиев ўлимининг дастлабки сабаби деб ўзига суиқасд кўрилмоқда.

Қамоқхона маъмурларига кўра, Назарбоевнинг куёви ўзини ўзи осиб ўлдирган.

Қозоғистонда Роҳат Алиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

У қатор жиноятлар, хусусан одамларни ўғирлаш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳ тузиш, ҳокимиятни ноқонуний босиб олишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топилган.

Қозоғистон маҳкамаси Роҳат Алиевни 2008 йили сиртдан жами 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Қозоғистон ҳукумати Австриядан Роҳат Алиевни экстрадиция қилишни талаб этган.

Бироқ 2011 йили Вена маҳкамаси Роҳат Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилишдан бош тортган.

Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси лавозимини эгаллаган Алиев ўзига қарши айбловларни сиёсий сабабларга асосланганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02