Минтақа ўзини ‘Исломий Давлат’дан ҳимоя эта оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Таҳлилчиларга кўра, дунёдаги энг қудратли бу жиҳодчи гуруҳнинг минтақага қанчалик кириб бора олиши бундан буёғига Покистон Қуролли кучларига боғлиқ бўлади.

Уларнинг бу каби баҳоси “Исломий Давлат” Марказий Осиёнинг шундоқ биқинида ўзининг янги тармоғига асос солган, минтақада ўз қўмондонини тайин этган, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон раҳбарияти, алал-оқибат, гуруҳ минтақага жиддий таҳдид эканини расман ва ошкора эътироф этган бир манзарада янграмоқда.

Чунки айнан Жосуслик Хизмати дохил Покистон ҳарбийлари минтақадаги энг йирик исломий жангари гуруҳларга катта таъсирга эга, деб ишонилади, аммо бу фикр ҳамиша покистонлик мулозимларнинг ўзлари томонидан рад этиб келинади.

Минтақавий таҳлилчилар эса, худди шу манзарада, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита қўшни Афғонистондаги исёнчи гуруҳлар ҳам Покистоннинг дастаги ва кўмагига қарам эканини айтишади.

Уларга кўра, Покистон томони бу каби гуруҳлардан икки девор-дармиён қўшниси бўлган Афғонистон ёки Ҳиндистонга қарши ўзининг минтақадаги гео-сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фойдаланиб келади.

Аммо, бошқа томондан, Покистон Қуролли кучлари 2009 йил Сват водийси ва ўтган йилдан буён Шимолий Вазиристондаги ҳарбий амалиётлари мисолида ўзларининг жангариларга қарши нимага қодирликларини намойиш этишга ҳам улгуришган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Сват водийда Шариат қонунини ўрнатишга улгурган толиблардан буткул тозаланган бўлса, Покистоннинг қўшни Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасидаги кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтган йил июн ойидан буён давом этиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистоннинг худди шу минтақасидан эса, йилларки, ҳар икки давлатда бирдек фаолият юритишга қодир Толибон ҳаракати, “ал-Қоида”, “Ҳаққоний” тармоғи ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати лидерлари ва аксарият аъзолари бошпана топиб келишган.

Бир-бирлари билан яқин иттифоқчи ва якуний мақсадлари исломий давлат қуриш бўлган бу гуруҳлар сўнгги ўн йилликларда минтақага асосий таҳдид сифатида кўриб келинган.

Ҳозирга келиб, уларнинг орасидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ўхшаш гуруҳлар “Исломий Давлат”га буткул садоқатларини баён қилиб улгуришган.

“Ал-Қоида” ва “Ҳаққоний” тармоғи истисно, ҳар икки Толибон ҳаракати қатор юқори мартабали қўмондонлари ҳам ўз амирул-мўмининлари Мулла Муҳаммад Умардан воз кечиб, улар баробарида Яқин Шарқдаги янги исломий халифат халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтириб бўлишган.

Таҳлилчилар эса, худди шу ўринда, сўнгги ойларда минтақадаги жангари гуруҳ лидерлари ёки аъзоларини “Исломий Давлат” сафларига ўтишга ундаётган асосий омиллардан бири ҳам айнан Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристон минтақасида олиб бораётган ҳарбий амалиётлари бўлаётганини айтишади.

Жумладан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Мужоҳид Усмон Ғози ўзларининг “Исломий Давлат” гуруҳига садоқатлари изҳор этилган бундан бир неча ой аввалги баёнотида айнан шу амалиётлар сабаб, Вазиристон минтақасида жуда ночор аҳволда қолганликларини ошкора тан олганди.

Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларга кўра, янги ғоявий, инсоний ва молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёж бу жангариларни ҳозир “Исломий Давлат” сафларига чорлаётган асосий омилга айланган.

Дунёнинг турли бурчакларидан ёлланган аъзоларининг сони ҳозирги кунда 30.000 дан ортиши айтилувчи “Исломий Давлат” эса, ҳар томонлама баҳо берганда ҳам, бугун дунёдаги энг қудратли жиҳодчи ва жангари гуруҳ сифатида эътироф этилади.

Устига устак, ҳар икки Толибон ҳаракати сафларидаги тарқоқлик ва яқин-яқингача барча толиблар байъат келтириб келган раҳбарлари Мулла Муҳаммад Умар қаердалигининг номаълум қолаётгани “Исломий Давлат”нинг минтақадан янги жангарилар ёллашига қўл келаётган бошқа бир муҳим омилга айланган.

“Исломий Давлат”нинг Жанубий Осиёда алоқалари борми?

90-йиллар охирларидан бошлаб то ҳозиргача минтақадаги барча жангари гуруҳлар Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Умарга содиқ бўлишган.

Шу жумладан, Ироққа ўтишидан аввал Афғонистонда бир неча йил жанг қилган “Исломий Давлат” гуруҳининг асосчиси Абу Мусаб аз-Зарқавий ҳам.

“Исломий Давлат”нинг Абу Мусаб аз-Зарқавий атрофидаги бошқа лидерлари эса, Афғонистон ва Покистонда деярли бўлишмаган, шу боис ҳам улар минтақада бирор бир алоқага эга эмаслар.

Таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат”ни минтақага боғловчи ягона восита, ҳозирча, сўнгги йилларда гуруҳ сафларида жанг қилиш учун Покистон ва Афғонистондан Сурия ҳамда Ироққа кетаётган маҳаллий жангарилар бўлиши мумкин.

Покистон Қуролли кучлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Агар, айрим маълумотларга таянилса, Покистон Қуролли кучлари жорий пайтда сони 600.000 дан ортувчи мунтазам қўшинга эга. Устига устак, Покистонда катта сондаги ярим ҳарбийлар ва полиция кучлари ҳам амал қилади.

Бунда ташқари, Покистоннинг Ҳаво ва Денгиз кучлари ҳам минтақадаги йирикларидан бири саналади.

Мамлакат Қуролли кучлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борувчи Жосуслик Хизматининг қудрати эса, Покистонга қўшни минтақа давлатлари томонидан алоҳида эътироф этилади.

Устига устак, айнан ҳарбий қурилмаси Покистонда, агар таъбир жоиз бўлса, “энг йирик сиёсий партия” сифатида кўрилади, яъни, ҳарбийлар мамлакат сиёсатида якуний сўзни айтиш даражасида қудратга эга.

Покистон Қуролли кучлари минтақадаги энг яхши таъминланганларидан бири ҳам ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Би-би-сининг Покистондаги мухбири Раҳимуллоҳ Юсуфзай

Жанг майдонидаги ўтган 11 йиллик фаолиятини назарда тутаркан, Покистондаги мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзай минтақадаги турли жангари гуруҳларга қарши курашда Покистон ҳарбийлари етарли даражада тажрибага эга эканликларини ҳам таъкидлайди. .

“Улар шунча йилдан буён Покистон Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” тармоғи, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати ва бошқа кўплаб исёнчи гуруҳларга қарши жанг олиб бориб келишмоқда. Ютуқлари ҳам йўқ эмас. Орада Покистон шимоли-ғарбидаги айрим минтақаларни исёнчилардан тозалашга ҳам муваффақ бўлишган”, - дейди мухбиримиз.

Аммо, худди шу манзарада шуни ҳам таъкидлаш керакки, орада кечган вақт мобайнида Покистонда фаол бўлган бирор бир жангари гуруҳ буткул даф этилмаган, улар билан сулҳу мадорага эришиш уринишлари ҳам ҳозирга қадар самара бермаган.

Мухбиримизга кўра, эҳтиёж туғилса, Покистон Қуролли кучлари “Исломий Давлат” гуруҳи жангариларига қарши ҳам худди шундай жанг олиб бора олади, аммо бу жараён осон кечмайди ва ҳатто, бир неча йилга чўзилиши ҳам мумкин бўлади.

Тажриба нима дейди?

Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристон минтақасидаги кенг кўламли ҳарбий амалиётлари саккиз ойдан буён давом этиб келади ва аниқ қачон ниҳоя топиши ҳам, ҳозирча, маълум эмас.

Агар, покистонлик ҳарбийлар ўзларининг иддаоларига таянилса, орада кечган вақт давомида каттагина ютуқларга эришишган.

Ўз амалиётлари жараёнида шу пайтгача Шимолий Вазиристонда хорижийлари дохил икки мингдан зиёд жангарини ўлдиришган. Юзлаб исёнчиларни ҳибсга олишган.

Покистонлик масъуллар, шунинг баробарида, исёнчиларнинг таъминот йўллари, бомба ясаётган сатҳлари, тайёргарлик жамлоқлари ва Шимолий Вазиристондаги асосий истеҳкомлари вайрон этилганини ҳам иддао этишади.

Аммо, Покистондаги мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, орада кечган вақт мобайнида ҳарбийлар ўз даъволарини исботлаши мумкин бўлган ишончли далилларни оммавий-ахборот воситаларига тақдим этишмаган.

На-да ўлдирилган жангариларининг шахсларига оид маълумотлар, на-да уларнинг жасадлари ва на-да таслим бўлгани айтилаётган исёнчиларнинг ўзларини оммага кўрсатишган.

“Покистон Қуролли кучлари, бундан ташқари, Шимолий Вазиристон минтақасининг 90 фоизини жангарилардан тозалашганини айтишади. Аммо улар сўз юритаётган ҳудуд фақат текисликдан иборат. Демоқчи бўлганим, жангарилар минтақанинг тоғли ва қалин ўрмонзорлардан иборат қолган 10 фоизидан бошпана топишган, шу боис ҳам, уларни мавҳ этиш осон бўлмайди. Бу кенг кўламли ҳарбий амалиётлар яна қанчага чўзилишини ҳам ҳеч ким айтолмайди”, - дейди у .

Мухбиримизнинг айтишича, Шимолий Вазиристондагиси билан баробарида Покистоннинг қавмлар яшовчи яна қатор минтақаларида ҳам жанглар бораётгани боис, Афғонистон билан чегарадош ҳудудларнинг тўлиқ хавфсизлигини таъминлаш йилларга чўзилиши мумкин.

“Исломий Давлат” қўшилса-чи?...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Таҳлилчиларга кўра, шунда ҳам, минтақадаги бугунги вазият назарда тутилса, “Исломий Давлат” Покистон Қуролли кучларини шошириб қўйиш даражасида катта хатарга айланолмайди.

Улар айни ўринда орада кечган вақт давомида Покистон Қуролли кучлари ва Америка ҳарбийларининг дрон ҳужумлари сабаб, Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” тармоғи ва минтақадаги бошқа исёнчи гуруҳлар ҳам аскарий ва ҳам ҳудудий жиҳатдан аллақачон каттагина йўқотишларга учрашганига диққат қаратишади.

Бошқа томондан, таҳлилчиларнинг айтишларича, Покистон ва Афғонистонда ёллашга улгурган янги жангариларининг собиқ толиблар экани боис, “Исломий Давлат” яқинда минтақада асос солган “Хуросон Исломий Давлати” тармоғининг бугунги чеҳраси ва куч-қудрати ҳам мамлакат ҳарбийларига яхши маълум.

Аммо, шунда ҳам, уларга кўра, “Хуросон Исломий Давлати” тармоғининг Покистонда ташкил топгани, бирламчи лидери ва аксарият янги аъзоларининг Покистон Толибон ҳаракати аъзолар экани сабаб, “Исломий Давлат” қўшни Афғонистондан кўра, Покистонга каттароқ хавф туғдиради.

Яъни, Покистон Қуролли кучлари етарли сонда қўшин, қурол-яроғ ва таъминотга эга эсалар-да, жангарилар олиб боражак жанг услуби уларга панд бериши мумкин бўлади.

Сўнгги йилларда минтақада фаол бўлган барча жангари гуруҳлар эса, партизанча жанг олиб бориш йўлига ўтишган, худкуш ҳужумчилар ва узоқдан туриб бошқарилувчи портловчи ускуналарга кўпроқ рўжу қўйишган.

Ҳарбий экспертларга кўра, худди шу боис ҳам, бу каби жангари гуруҳларни буткул мавҳ этиш осон иш эмас. Уларга қарши жанглар узоқ давом этади ва катта йўқотишларга сабаб бўлади.

Устига устак, ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчилар наздларида минтақада ўзининг янги тармоғига асос солиши “Исломий Давлат”нинг Жанубий Осиёда ҳам кенгайиш ниятида жиддий эканига ишора қилади.

Бошқа томондан, бу - ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг таъсири бундан буёғига ошиб боришига ҳам далолат қилади, дейишади улар.

“Исломий Давлат”га минтақадаги бошқа жангарилар қандай муносабатда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Ал-Қоида” тармоғи сўнгги ўн йилликларда минтақадаги иккита қудратли жангари гуруҳдан биттаси бўлиб келган.

Тармоқ айнан “Исломий Давлат” гуруҳининг номини тилга олиб, шу пайтгача на-да ёқловчи ва на-да қораловчи бирор бир баёнот билан чиққан.

Аммо орада “ал-Қоида” раҳбари Айман аз-Завоҳирий Сурия ва Ироқда жанг қилаётган барча исёнчи гуруҳларни бирлашишга даъват этгани ҳам бор гап.

2014 йилнинг июн ойида, яъни “Исломий Давлат” гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўзини янги халиф, деб эълон қилишидан икки ой ўтиб, Жанубий Осиёда янги тармоғига асос солганини эълон қилган.

Орадан бор-йўғи бир неча ҳафта ўтиб, Ҳиндистондаги янги бўлими орқали Покистоннинг Карачи шаҳрида йирик ҳужум уюштиришнинг ҳам уддасидан чиққан.

Кўпчиликнинг ишонишича, “ал-Қоида” бу ишни “Исломий Давлат”нинг янги жангарилар ёллаш ва Яқин Шарқдаги бойвачча ҳомийлари воситасида минтақада ўз таъсирини кучайтиришига йўл қўймаслик мақсадида қилган.

Аммо, халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, сўнгги йилларда Сурия ва Ироқда эришган жиддий ютуқлари янги ҳомийлар ва кўнгиллилар масаласида “ал-Қоида”ни бир четга суриб, устунликни аллақачон “Исломий Давлат” гуруҳига берган.

Айрим гап-сўзларга кўра, Покистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Фазлуллоҳ ҳам шафқатсизлик бобида “Исломий Давлат”дан қолишмаслигини кўрсатиш ва бу борада гуруҳнинг минтақадаги янги тармоғидан аввал донг чиқариш учун Пешовардаги қонли ҳужумга қўл урган.

Лекин, таҳлилчиларнинг қатъий-ишонч билан айтишларича, шунда ҳам, “Исломий Давлат” алал-оқибат Покистоннинг муайян бир қисмини босиб олиш ёки маълум бир ҳудудида ўзининг бошқарувини ўрнатишга муваффақ бўлмайди.

Ҳам ҳар икки Толибон ҳаракати ва ҳам “ал-Қоида” тармоғини назарда тутган таҳлилчиларга кўра, “Исломий Давлат”га минтақада биринчи йирик сунний-салафий гуруҳи бўлмаслиги панд беради.

Бошқа тарафдан, уларга кўра, сўнгги йилларда бутун Покистон бўйлаб зўравонликлар кўламининг анча камайгани ҳам дунёдаги энг қудратли бу жангари гуруҳ зиддига хизмат қилади.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, 2009-2010 йиллар билан таққосланганда, ҳозирга келиб, Покистон бўйлаб исёнчиларнинг ҳужумлари учдан бирига қисқарган.

Аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг ишонишларича ҳам , токи Покистон Қуролли кучлари имкон бермас экан, “Исломий Давлат” Жанубий Осиёда узоққа боролмайди.

Жумладан, покистонлик ҳарбий эксперт Хадим Ҳусайнга кўра, “Исломий Давлат”нинг минтақадаги муваффақияти Покистон ва Афғонистон ҳукуматларининг исёнчиларга қарши жорий сиёсати ва стратегиясининг қанчалик иш беришига ҳам боғлиқ бўлади.

“Агар, бу икки давлат ҳукуматлари жангарилик ва экстремизмни йўқ этишга муваффақ бўлишмаса, бу – “Исломий Давлат”нинг минтақага янада фаолроқ кириб келиши, янгидан янги жангарилар ёллаши ва ўз тармоқларини барпо этишига йўл очиши мумкин. Чунки Афғонистон ва Покистонда аллақачон “Исломий Давлат”ни ҳар томонлама қўллаши, уларга кўмак бериши мумкин бўлган тармоқлар мавжуд”, - дейди эксперт.

Таҳлилчилар, худди шу ўринда, ўтмиш тажрибасидан келиб чиқиб, “Исломий Давлат”нинг фаоллашишга бўлган интилишлари манзарасида минтақада жангари гуруҳларнинг янги глобал иттифоқлари пайдо бўлиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмайди.

Бошқа томондан, уларга кўра, ҳозирча, Покистон ва Афғонистоннинг ўзига кўз тикиш биланоқ “Исломий Давлат” аввалига ўзи бир бўлими сифатида пайдо бўлиб, сўнгги йилларда ашаддий рақибига айланган “ал-Қоида” тармоғига ўзига хос бир даъват билан ҳам чиққан. Ҳамда, ўз навбатида, минтақадаги мавжуд жангари гуруҳлар ўртасида қудрат талашишга бўлган интилиш эҳтимолини-да пайдо қилган.

Покистон масъуллари нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солганига оид аудиобилдириши билан ўтган ой охирида чиққанди.

Покистон ҳукумати ва ҳарбийларининг бунга муносабатлари эса, орадан бир ойча ўтиб, яъни фақат шу кунларда маълум бўлди.

Аммо, эътиборли жиҳати шундаки, “Исломий Давлат” хавфига баҳо беришда уларнинг фикрлари бир-биридан тамом фарқли эканига гувоҳ бўлиш мумкин.

Яъни, ҳам Покистон Ички ишлар ва ҳам Мудофаа вазирлари “Исломий Давлат”ни ўз мамлакатларига жиддий таҳдид сифатида кўрмасликларини баён қилиб турган бир манзарада, Ташқи ишлар вазирлиги шу ҳафта душанба куни Яқин Шарқдаги бу гуруҳ таҳдидидан жиддий огоҳлантириб чиқди.

Покистон Ташқи ишлар вазири Айзаз Аҳмад Чаудри парламентнинг махсус йиғинида, “Ҳукумати “Исломий Давлат” минтақага солаётган таҳдиддан огоҳ”, - эканини баён қилди.

Жаноб Чаудри, ўз ўрнида, ҳукумати барча масъул мулозимларга мамлакатдаги бирор бир шахс ёки ташкилотнинг “Исломий Давлат” билан алоқада бўлмасликларини таъминлашга ҳам буйруқ берганлигини маълум қилди.

Коалицион парламент ҳайъати эса, айнан “Исломий Давлат” Покистонга қандай таҳдид солиши мумкинлиги масаласини муҳокама қилиш учун йиғилган бўлган.

Мамлакатда инглиз тилида чоп этилувчи йирик “The Express Tribune” нашриинг хабар беришича, шунда ҳам, Покистон Ташқи ишлар вазири мамлакатининг “Исломий Давлат”га қарши халқаро ҳарбий иттифоққа қўшилиш нияти йўқлигини билдиришни ҳам унутмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бундан аввал “Исломий Давлат” номи ва рамзлари Покистоннинг Лахор, Кветта ва Карачи каби йирик шаҳарлари бинолари деворларига чизиб кетилган, Пешоварда эса, тарафдорлари гуруҳни қўлловчи варақалар тарқатишгача боришганди.

Аммо покистонлик мулозимлар шу пайтгача “Исломий Давлат”нинг оёғи ўз мамлакатларига етганига оид хабарларни рад этиб келишаётганди.

Хавфсизлик ва жосуслик манбаларининг ишонишларича, ҳозирча, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи Жанубий Осиёдаги амалиётларини тўғридан-тўғри ўзи мувофиқлаштиришга улгурганича йўқ.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, агар Покистон ҳукумати Афғонистон билан бевосита чегарадош қавмлар яшовчи минтақаларини тўлиқ ўз назорати остига олишга муваффақ бўлса, “Исломий Давлат” бўладими ёки бошқа ҳар қандай жангари гуруҳ, минтақада хавфсиз бошпана топиши мумкин бўлган бирор бир жой қолмайди.

Уларга кўра, худди шу боис ҳам, Покистон ҳарбийлари худди шу масалага бирламчи аҳамият қаратишлари шарт бўлади.

Покистондаги янги тармоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Гуруҳ шу йил бошида Покистонда асос солиб, қўшни Афғонистонда ҳам фаолият юритишини кўзда тутган янги тармоқ эса, “Хуросон Исломий Давлати”, деб номланади.

“Исломий Давлат” жорий пайтда ўз исломий халифатига асос солган дунёдаги ягона жиҳодчи жангари гуруҳ бўлади.

Жорий пайтда эса, гуруҳнинг Яқин Шарқ чегараларидан ташқарида ҳам фаоллашишга уринаётгани кузатилади.

Улар яқинда Покистоннинг ўзи, шунингдек, Ливия ва Мисрда уюштирилган ҳамда “Исломий Давлат”га байъат келтирган маҳаллий жангари гуруҳлар масъулиятини ўз зиммасига олган қатор қонли ҳужумларни бунга мисол қилиб келтиришади.

Яқин Шарқда эришган муваффақиятлари боис, Жанубий Осиёдаги бошқа жангари гуруҳлар орасида ҳам “Исломий Давлат”га мойиллик кучайиб бораётгани, Индонезия, Бангладеш ва Ҳиндистон каби қатор минтақа давлатлари фуқароларининг ўз йўлларини Сурия ва Ироққа солишаётганига оид хабарлар бор.

Йилларки, ораларидаги алоқалар танглигича қолаётган Покистоннинг ён қўшниси Ҳиндистон эса, худди шу манзарада ўз ҳудудида “Исломий Давлат” гуруҳининг фаолиятини расман тақиқлаган биринчи Жанубий Осиё давлати бўлади.

Агар, маҳаллий масъуллар келтираётган маълумотлар ва собиқ Толибон қўмондонлари ўзларининг видеоиқрорларига ишонилса, “Исломий Давлат” ўтган бир неча ойнинг ўзида Покистон ва Афғонистонда юзлаб янги жангарилар ёллашга муваффақ бўлган.

Агар, яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, шу кунларда 2.000 дан 4.000 тагача марказий осиёлик ҳам “Исломий Давлат” сафларида жанг қилмоқда.

Ўзбекистон томони эса, орада гуруҳнинг шу йил баҳор ойларида ўз ҳудудида турли хуружлар уюштириш режасида эканидан хабар топганини ҳам баён қилганди.

“Исломий Давлат”нинг минтақадаги лидери ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

40 ёшлар атрофидаги Ҳафиз Сайид Хон ўтган беш йил давомида Покистон Толибон ҳаракатининг қавмлар яшовчи ва ўзи туғилиб ўсган Оракзай минтақасидаги қўмондони бўлган.

Агар, ўзи эълон қилган хабарга таянилса, ўтган йил октябр ойида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи сафига ўтган.

Дунёдаги энг қудратли ва жангари бу гуруҳга садоқатини изҳор этган пайтда Оракзайдаги қудратидан айрилиб, қувғинда бўлгани ва Афғонистоннинг шимолий-шарқий минтақаларидан бошпана излаб юргани айтилади.

Ҳафиз Сайид Хон диний сабоғини Оракзай минтақасининг Мамозай ҳудуди ва қўшни Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги масжидларда чиқарган.

2001 йил сентябр ойидаги ҳужумлар ортидан, Афғонистонда Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучларига қарши жанг қилган ва ўша пайтда қудратда бўлган Покистон Толибон ҳаракати раҳбари Байтуллоҳ Меҳсуднинг назарига тушган.

Аммо Байтуллоҳ Меҳсуд америкаликларнинг дрон ҳужумида ҳалок этилиб, унинг ўрнига Ҳакимуллоҳ Меҳсуд тайин этилган 2009 йилнинг август ойида ҳаракатнинг Оракзай минтақасидаги қўмондони этиб тайинланган.

Лекин, шунга қарамай, Ҳакимуллоҳ Меҳсуд ва унинг ўлими ортидан, 2013 йилда иқтидорга келган Мулла Фазлуллоҳ билан ҳам чиқишмаган.

Таҳлилчиларга кўра, Ҳафиз Сайид Хоннинг Толибон сафларини тарк этиб, “Исломий Давлат” томонига ўтишига ҳам худди шу нарса туртки берган бўлиши мумкин.

Аммо орада “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистондаги илк лидери, жангари ёлловчиси ва минтақадаги янги тармоғи раҳбарининг муовини Мулла Абдул Рауф америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, орадан икки ойча ўтиб ҳам, “Хуросон Исломий Давлати” иккита лидеридан биттаси бўлган Мулла Абдул Рауфнинг ўлими юзасидан бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича эса, ҳатто, бу каби йўқотиш ҳам “Исломий Давлат” гуруҳининг минтақада фаоллашиш ниятларига тўсқинлик қила олмайди.

Куни-кеча Афғонистон Президенти Ашраф Ғани айнан Покистон Қуролли кучларининг Вазиристон минтақасида олиб бораётган ҳарбий амалиётлари сабаб, вужудга келаётган вазиятдан жиддий хавотир билдириб чиққан, айни шу жанглар сабаб, бугун Покистон қолиб, ўз мамлакати минтақадаги жангари гуруҳлар учун тортишиш марказига айланганини баён қилганди.

Афғон раҳбарининг халқаро ҳамжамиятга қаратилган бу каби сўзлари хавфсизлик масалаларига бағишланган йирик Мюнхен анжуманида янграган, худди шу чиқишида президент Ғани Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи жорий пайтда Афғонистонда уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасида фаоллашишга муваффақ бўлаётганига алоҳида эътибор тортганди.

Ашраф Ғанининг огоҳлантиришича, агар, халқаро ҳамжамият мавжуд вазиятни назардан қочирса, бунинг оқибатлари яхши бўлмайди.

Афғонистон президентига кўра, унинг мамлакати "Исломий Давлат" дохил глобал террорчи тармоқларнинг учрашув нуқтаси бўлиб қолмоқда ва бу гуруҳга қарши халқаро миқёсда кескин чоралар кўрилмоғи лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ