Қозоғистонда президентлик сайловлари 26 апрелда ўтказилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев муддатидан олдинги президентлик сайловларини 26 апрелда ўтказиш ҳақида фармонга имзо чеккан.

Жаноб Назарбоев ўзининг қарорини Қозоғистон халқи хоҳиши билан изоҳлаган. "Уларнинг менга илтимоси ва кўпнинг иродаси бунга сабаб бўлди", деган у.

14 февралда Қозоғистон Халқ ассамблеяси аъзолари дунёдаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, Назарбоевга "умуммиллий янги мандат бериш зарур"лигини билдиргандилар.

Ассамблея раҳбари Анатолий Башмаков ушбу таклифни шундай изоҳлаганди:

"Бизда 2016 йилда иккита сайлов кампанияси бўлади. Бири парламентга, иккинчиси мамлакат президентлигига сайловлар. Бу биринчидан, ҳуқуқий томондан ноқулайлик туғдиради, иккинчидан, таҳлилчилар фикрича, дунёдаги иқтисодий инқироз янада кучаяди".

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон ҳукуматининг бутун эътибори иқтисодда, жамият ва мамлакатда инқироз кўринишлари пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилиши лозим. Шу боисдан, мен бу вазиятни енгиллаштириш учун президентлик сайловларини шу йил ўтказишни таклиф қиляпман", деган жаноб Башмаков.

Қозоғистон расмийси бундан ташқари "Нурсултон Назарбоевнинг меросхўри ким бўлади?" деган "мантиқсиз" саволлар кўпайишининг олдини олиш лозимлигини таъкидлайди. Унга кўра, "Мамлакатда иқтисодий, ижтимоий муаммоларга йўл қўймаслик учун яхшиси катта обрўлик инсонга ишонч билдириш керак".

Қозоғистон халқлари ассамблеяси бундан 20 йил олдин Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан тузилган. Ассамблеяда қонун чиқариш ҳуқуқи берилмаган, лекин йиғилишларида ўртага ташланган таклифлар мамлакат қонун ва фармонлар лойиҳаларига киритилиши мумкин.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг мустақил бўлган Қозоғистонни узлуксиз бошқариб келаётган Назарбоевнинг навбатдаги муддати 2016 йилда ниҳоясига етади.

Қозоғистон Конституцияга биноан, бир шахс кетма-кет фақат икки муддатга сайланиши мумкин. Бироқ бу чеклов мамлакатнинг раҳбари Назарбоевга нисбатан ишлатилмай келади.

Қозоғистон Конституцион кенгаши бундан аввал муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга ҳеч бир ҳуқуқий тўсқинлик йўқлигини маълум қилган.

Охирги марта 2011 йилда ўтган сайловда 95 фоиз сайловчи Назарбоевни ёқлаб овоз бергани айтилган. Мамлакатнинг ўзгартириш киритилган қонунига кўра, жаноб Назарбоев чекланмаган тарзда сайловларга ўз номзодини қўя олади.

Image caption Назарбоев ва Каримовнинг бошқарувни бошқага бериш эҳтимоли кузатилмайди.

Назарбоев ҳамда Каримовнинг президентликка қолишлари учун иккала мамлакат қонунларига ўзгартириш киритилган. Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов Марказий Осиёнинг узоқ йилдан бери қудратни қўлдан бермай келаётган энг кекса давлат раҳбарлари ҳисобланишади.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 29 мартида президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак.

Кузатувчиларга кўра, Каримов билан бирга президентликка номзоди қўйилган уч киши аслида "сайлов спектакли"да рол ижро қилиб берадилар холос.

Ўзбекистонда ҳам Қозоғистонда каби президентлик сайловларида мухолифат вакилларининг иштирок этиши айни пайтда бутунлай имконсиздир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002