АҚШда ҳибс қилинган ўзбеклар маҳкамага келтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи website

Куни кеча Қўшма Штатлар полицияси "Исломий Давлат" жангариларига дастак кўрсатиш фитнасида гумонлаб ҳибс қилган уч марказий осиёликдан икки нафари Ню Йоркдаги маҳкамада ҳозир бўлган.

Уларга "Исломий Давлат" жангариларига қўшилиш учун Сурияга сафар қилишни режалаганлик айбловлари қўйилган.

Қўлга олинганлардан икки нафари ўзбекистонлик, бири Қозоғистон фуқароси экани айтилади.

Улардан бири Жон Кеннеди аэропортида, тахмин қилишинича, Сурияга йўл олган пайти ушланган.

Учинчи шахс Флорида маҳкамасига келтирилган.

Полициянинг айтишича, ҳибс қилинганлар агар Сурияга етиб бора олишмаса, Америка тупроғида ҳужумларни амалга оширишни мақсад қилишган.

Радикал изоҳлар

Ҳибс қилинган Ўзбекистон фуқаросининг бири Абдурасул Жўрабоев 24, иккинчиси Аброр Ҳабибов 30 ёшда экани айтилади. Улар бир неча йилдан бери Америкада яшаб келишган.

Абдурасул Жўрабоев илк бор ўзбек тилидаги вебсаҳифалардан бирида ўзининг радикал қарашларини қолдириши ортидан ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушган.

У, жумладан, "шаҳид бўлиш" учун "Президент Обамани отиш", ҳақида ёзган. Абдурасул Жўрабоев келаси ой Истанбулга сафар қилиш учун чипта сотиб олган.

Яна бир ўзбекистонлик Аброр Ҳабибов ҳам Америкада бир неча йилдан бери яшаётган бўлган, аммо унинг визаси муддати ўтгани айтилади.

У ўз шерикларига молиявий кўмак беришда айбланмоқда.

Қозоғистон:АҚШда ҳибс қилинган фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаросининг "Исломий Давлат" гуруҳига алоқадорлик гумони билан ҳибс қилиниши юзасидан баёнот берган ва вазирлик "қозоқ фуқароси Аҳрор Саидаҳмедовнинг ҳибсга олинганига оид маълумотга эга" эканини айтган.

Вазирлик воизи Нуржан Айтмахановнинг маълум қилишича, "Аҳрор Аброрович Саидаҳмедов 1995 йил Қозоғистон жанубидаги Туркистон шаҳарчасида туғилган".

"2011 йил октябрида у Ўзбекистонга кетган ва ўшандан бери Қозоғистонга қайтмаган", дейилади Ташқи ишлар вазирлиги вебсаҳифасида берилган баёнотда.

Нуржан Айтмахановга кўра, Саидаҳмедов Қозоғистоннинг Ню Йоркдаги консуллигида ҳам рўйхатдан ўтмаган.

Унинг айтишича, ҳали Саидаҳмедовнинг ўзи ҳам ё-да, унинг яқинлари консулликдан бирон ёрдам сўраб мурожаат қилишмаган. Аммо, агар шундай мурожаат бўлса, унга ҳуқуқий нуқтаи назардан зарурий ёрдамлар кўрсатилади.

Ню Йорк полицияси комиссари иш юзасидан ҳали текширувлар давом этаётганини айтган.

Агар уччовлон айбдор топиладиган бўлса, ҳар бирига 15 йилдан қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02