Тожикистонда натижаси олдиндан маълум парламент сайловлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

1 март куни Тожикистонда мўлжалланган парламент сайловлари олдидан Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик чоралари кучайтирилган иш тартибига ўтказилган.

Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида бўлгани сингари Тожикистондаги сиёсий партияларнинг айримларини ҳам аксар таҳлилчилар "чўнтак партиялари" деб ҳисоблашади.

Бундан режим кўзлаган мақсад, мамлакатда кўп партиявийлик мавжуд, деган тасаввурни пайдо қилиш ва ҳақиқий мухолифатда бўлган ҳаракатларнинг овозларини тортиб олишдир.

"Бу партияларнинг бирортаси ҳам ҳокимият учун хавфли эмас: улар парламентга кирган тақдирда ҳам ҳукуматнинг ҳар қандай ташаббусини, дастурларини, қонун лойиҳалари ва ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдилар", дейди сиёсатшунос Шодавлат Шонусайриев.

Тожикистонликларнинг аксари сиёсий ҳаётдаги иштирокдан атайин ўзларини узоқ тутишни афзал кўрмоқдалар.

Оддий одамлар билан суҳбатлардан шундай хулосага келиш мумкинки, кўпчилик номзодлар ҳақида, партиялар ва уларнинг дастурлари ҳақида кўп маълумотга эга эмаслар.

ТХДП(Тожикистон Халқ-Демократик партияси) аббревиатурасини кўпчилик эшитган, аммо бу ҳарфлар нимани англатади, деб сўрасангиз, ҳамма ҳам айтиб беролмайди: "Раҳмоннинг партияси", дея жавоб беришади.

"Мен Раҳмон учун овоз бераман. Ҳозир парламент сайловлари бўлаётганини биламан. Лекин нима фарқи бор, партия Раҳмонники-ку, асосий одам у", дейди душанбелик Самад.

Мамлакатда ҳал қилинмаган ижтимоий-иқтисодий муаммолар кўп эканлиги, оммавий иммиграция ва тақиқловчи қонунлар кўплигига қарамасдан аксар тожикистонликлар қудратдаги партияни дастаклашларини айтадилар.

"Ҳокимият партияси таъсир кучига эга ва фақат у вазиятни реал ўзгартиришга қодир. Бироқ парламент кўп партиявий бўлиши керак", дейди сайловчилардан бири.

1 март куни Тожикистонда парламент аъзолари билан бирга маҳаллий кенгашлар аъзолари ҳам сайланадилар.

Аввал ҳам кузатилганидек, қудратдаги Халқ-Демократик партия бу гал ҳам парламентда кўп ўринни эгаллаши кутилмоқда.

Сайлов кампанияси пайтида кўплаб қонун бузилиши ҳоллари, мухолифатга нисбатан босимлар ва таҳдидлар кузатилди.

Бундан олдинги Тожик сайловлари ҳам Ғарб кузатувчилари томонидан демократик андозаларга мос келмагани учун танқидларга тутилган.

Тожикистон нимаси билан аҳамиятли?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистон СССРнинг Марказий Осиёдаги Афғонистонга чегарадош, асосан тоғликлардан иборат собиқ республикаси.

Мамлакат Афғон гиёҳванд моддаларининг Россия ва Оврўпога олиб ўтиладиган асосий йўлларидан бири деб кўрилади.

Аҳолисининг аксари хорижда, асосан Россиядаги меҳнат муҳожирларидир.

Тожикистонда Россиянинг энг хориждаги йирик ҳарбий базаси жойлашган, ҳарбий база ҳозирлиги муддати 2042 йилгача узайтирилган.

Аҳолисининг аксари мусулмон.

Бироқ 1992 йилдан буён Президент Имомали Раҳмон бошқаруви остидаги дунёвий давлатдир.

Сайловларда ким иштирок этаяпти?

Тожикистонда кўп партиявийлик асосидаги демократия ўрнатилган, деб эълон қилинади, амалда эса Президент Раҳмон етакчилигидаги Халқ-Демократик партия томонидан бошқарилади.

Мухолиф партияларга сайловларда иштирок этишга изн берилган, аммо уларда мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритишнинг реал имкониятлари йўқ деб кўрилади.

Қудратдаги Халқ-Демократик партия яна парламент қуйи палатасида кўп ўринга эга бўлишига ишонилар экан, мухолифатдаги Тожикистон Ислом Уйғониш партияси, агар сайловлар адолатли бўлса, камида 30 фоиз ўринни қўлга киритишига умид билдирган.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси Марказий Осиёдаги ягона исломий партиядир.

2010 йилдаги парламент сайлови якунида Халқ-Демократик партия 63 кишилик парламентда 45 ўринни, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси эса икки ўринни қўлга киритган эди.

Бошқа бирор мухолиф гуруҳ, шу жумладан, ҳукуматнинг очиқ танқидчиси ҳисобланган Социал-Демократик партия Тожик парламентида бирор ўринга эга бўлишига кўпчиликнинг кўзи етмайди.

Сайловда номзодлари илгари сурилган партиялар - Коммунистик партия, Иқтисодий ислоҳотлар партияси(бу партия ҳам парламентда икки ўринга эга), Демократик партия ва Социалистик партия.

Бу партияларнинг ҳаммаси "ўлик" сайлов кампанияси уюштиришгани учун танқидларга тутилмоқда.

Бу галгиси адолатли сайлов бўлишига умид борми?

Тожикистон ўз бошидан кечирган 1992-97 йиллардаги фуқаролар урушидан кейин уч марта парламент сайлови ўтказилган. Булар 2000-, 2005- ва 2010-йиллардаги сайловлар. Барча сайловлар тинч ўтган, бироқ ҳаммаси камчиликларга тўла, аодатсиз, деб таърифланган.

Расмийлар барча сайловлардаги сайловчилар иштирокини фаол деб эълон қилиб келишади. Расман 2010 йилдаги сайловда барча сайловчиларнинг 85 фоизи қатнашди, деб эълон қилинган. Бу рақамни кузатувчилар ва мухолифат савол остига олган, чунки Тожикистон фуқароларининг бир миллиондан ортиғи меҳнат муҳожири сифатида хорижда бўлганлар.

Кузатувчилар ва мухолифат фаоллари 1 мартдаги сайловларнинг ҳам эркин ва адолатли бўлишига шубҳа билан қарайдилар.

Фарқли жиҳати борми бу йил?

Бу йилги парламент сайловлари кампанияси пайти мухолиф партияларнинг аъзолари ҳамда уларни дастакловчиларга нисбатан босимлар бўлгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида жуда кўп хабарлар эълон қилинди. Шунингдек, мухолифат номзодларини рўйхатдан ўтказишда кўплаб сунъий тўсиқлар ташкил қилинган, полиция ва хавфсизлик кучлари мухолифат номзодларига турли шаклда босимлар ўтказиб, ўз номзодларини сайловдан, уларнинг кузатувчиларини эса ҳам сайлов комиссиясидан олиб ташлашга мажбурлаганлар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатув миссияси "полиция аралашуви ва қудратдаги партия кампанияси йўлида давлат ресурсларидан фойдаланилган"ини қайд этган.

Россиядаги сайлов участкалари сони камайтирилган.

2013 йилдаги президентлик сайлови пайтида Россияда 24 сайлов участкаси ташкил қилинган.

Бу гал сайлов участкалари сони камайтирилганидан, Centrasia.ru веб-сайти хабар қилишича, "Тожикистон Ислом Уйғониш партиясини дастаклайди деб кўрилган сайловчиларнинг овоз беришига атайин тўсқинлик қилиш" мақсади кўзланган.

Сайлов ва парламент

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Мажлиси Намояндогон деб аталади, унда 63 ўрин бор.

Агар бирор бир номзод 50 фоиз овозни қўлга кирита олмаса, бу ҳудудда икки ҳафта мобайнида иккинчи давра овоз бериш ташкиллаштирилиши кўзда тутилган. Қол

Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси жами 288 номзодни рўйхатга олган, шундан 32 нафари аёл.

Парламентнинг юқори палатаси Мажлиси Миллий аъзоларининг сайлови 27 март кунига мўлжалланган.

Мажлиси Миллийнинг 33 аъзосидан саккиз нафари президент томонидан тайинланади.

25 нафарини эса маҳаллий кенгашлар томонидан сайлаш кўзда тутилган.

Тожикистон парламенти икки палатасининг аъзолари ҳам беш йиллик муддатга сайланадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ