Президент сайлови: Назарбоев нима қилмоқчи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев муддатидан олдин ўтадиган президентлик сайловларига номзоди қўйиш борасида бир қарорга келмаганини билдирган.

75 ни қаршилаётган Назарбоев режалари бошқа эканлигини ва балким Қозоғистонда декорацияларни алмаштириш вақти келгани борасида гапирган.

Президентлик сайловларида 10 киши номзод сифатида иштирок этишини маълум қилган.

8 март - Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан уюштирилган тадбирда чиқиш қилган Нурсултон Назарбоев бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш борасида шубҳаланаётганини айтган.

“Ҳозир сайлов кампанияси бошланди. Бу тўғрисидаги ғояни асосан аёллар дастаклашди. Мендан номзодимни олдинга суришни сўраб ёзилган минглаб мактуб олаяпман. Очиғини айтсам, шахсий режаларим бошқача эди. Мен Қозоғистонни бошқаряпман, балки декорацияни алмаштириш вақти келгандир”, - деган Нурсултон Назарбоев.

Назарбоев бир вақтлар Сингапурни бошқарган Ли Куан Юдан нима учун истеъфо бергани ҳақида сўраганини айтган.

Сингапур раҳбари Қозоғистон президентига давлатни 31 йил бошқарганини, аммо сўнгги вақтларда ўзини телевизор орқали кўрганда, ўзига ўзи ёқмай қолганини билдирган.

Нурсултон Назарбоев ҳамкасбига, балки телевизор бузиб кўрсатаётгандир, деб жавоб берганини айтган.

Қозоғистон президенти залда йиғилган аёлларга қарата, "бугун менда бу борада сиз билан маслаҳатлашиб олиш имконияти бор", деган.

Қозоғистон Халқи Ассемблеяси мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказиш таклифини кўтариб чиқди.

Ушбу таклиф парламентда ҳам қўллаб-қувватланди. Президентнинг ўзи ҳам муддатидан олдин сайлов ўтказишни дастаклади.

Президентлик сайловлари 26 апрелга мўлжалланган. Шу вақтгача 10 киши номзод сифатида иштирок этишини маълум қилган.

Номзодлар қозоқ тилидан имтиҳон топшириши, бадал пули тўлаши ва имзо тўплаши керак бўлади.

Чорак асрдан бери Қозоғистонни бошқараётган Нурсултон Назарбоевнинг номзоди 11 март куни бўлиб ўтадиган “Нур Отан” партиясининг қурултойида илгари сурилиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ