Ислом Каримов яна рақсга тушиб берди

Image caption "Ҳар баҳорда шу бўлар такрор..."

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бир гуруҳ "хослар" йиғилган Наврўзнинг расмий тантанасида яна рақсга тушиб берган. Хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган бу зиёфатда Ислом Каримовнинг елка қоқиб йўрғалаши деярли анъанага айланиб қолган. Би-би-си муҳаррири Йоҳаннес Деллга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари орасида у ягона раққос эмас. Интернет замонида раҳбарларнинг машқлари тезда ижтимоий тармоқлар орқали тарқалар экан, мусобақа шоуларга кўниккан томошабинлар бехосдан Президентларнинг талантларини ҳам бир-бири билан солиштирса ажаб эмас. Хўш, агар улар орасида ҳам мусобақа ўтказилса, қай бири ғалаба қозонарди, ё, таъбир жоиз бўлса, буларнинг қай бири муқомларда талантлироқ?

Британ телевидениесининг энг машҳур эшиттиришларидан бирида машҳур инсонлар томошабинлар ўнгида рақсда беллашишади. Strictly come dancing номли бу дастур 40 дан ортиқ бошқа мамлакатга ҳам сотилган.

Марказий Осие мамлакатларини оладиган бўлсак, машҳурлик бобида буларда ҳеч ким Президентларга етмайди. Ана ўша Президентлар муқомларга йўрғалар экан, буларнинг мусобақаси нечук кечарди?

Президент Каримов саҳнани одатда Навруз ва Мустақиллик кунларида эгаллайди. Бу нуқтаи назардан унинг рақсга шайлиги албатта қўшимча очколар келтирарди. Бироқ рақснинг ўзида у бироз нўноқроқ, юзининг ифодаси ҳам қотиб қолганроқ...

Аксинча, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг бадан ҳаракатлари эҳтирослироқ. Буни, жумладан унинг ўғли тўйида тушган рақсидан билиб олса бўлади. Балки тантананинг ўзи бунга ундагандир, баҳарҳол унинг ғамзаю муқомлари анчайин жонли.

Туркманистонга ўтадиган бўлсак, бунда Президент Бердимуҳаммедовнинг репертуари кенгроқ. У ўзининг туғилган кунида бир гитара, бир аккордеон чалиб қўяди, рақс ҳаракатлари эса бағоят уқувли, рост, бироз зерикарлироқ.

У кўпроқ Ди джей сифатида тирикроқ, видеоларнинг бирида пластинкаларни айлантириб, баданларини соллантириши завқу нашъага тўла. Лекин у пластинкаларга боғланиб қолгани, бу рақс учун очколар сонини бироз камайтириши турган гап.

Қозоқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг гитара чалган видеолари мавжуд эса-да, рақсга тушганлари деярли йўқ. Қирғизистон Президенти Атамбаев ҳам намозда суратга олинган эса-да, рақсга тушгани топилмайди.

Бундан пешқадамлик Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга тегади.

Унга рақиб топмоқчи бўлсангиз, Россияга назар ташлаш керак бўлади. Ўз пайтида Президент бўлган Дмитрий Медведевнинг диско услубидаги рақси, ё-да эскироғини оладиган бўлсак, Россиянинг собиқ Президенти Елциннинг сайловлар олдидан саҳнада "ёндириши"ни эслаш керакдир.

Президент Елциннинг 1994 Берлинда қўлига дирижер чўпини олиб кўрсатган қилиқларидан устун келиш амри маҳолдир. Бундаги шавқу завқ ҳам чиндан ҳам беназир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02