Туркманистонга хуш келибсиз!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркманистонга йўл олсангиз, қўлингизда луғат бўлсин

Йўл азоби гўр азоби. Лекин тақдир тақозоси билан қариндош-уруғлар турли мамлакатларга кўчиб кетишади. Дийдор ғанимат деганларидек, инсон инсон билан тирик, айниқса туғишганларинг билан.

Шунинг учун ҳеч қандай тўсиқлар ўз яқинларингни кўришга ҳалақит қилмайди. Лекин баъзи тўсиқлар ҳаддан ташқари. Уларга на кулишингни ва на йиғлашингни биласан киши.

Бундай саёҳатлар баъзида бир неча йиллик таасурот қолдиради одамда. Бир хиллар бошидан ўтганини бировга гапиришга ор қилади. Шундай бўлса-да ўз бошимдан кечирганимни сизлар билан бўлишмоқчиман.

Сабаби - маслаҳатларим сизга ҳам бир кун асқотади деган умиддаман. Бу Туркманистонга йўл олган саёҳатчиларга бериладиган маслаҳатимни ҳеч бир туристик қўлланмада топа олмайсиз.

Чунки бу гаплар "бошдан кечирган таъбиб" деганларидек, камина ҳам ушбу "мўъжизакор" мамлакатга саёҳат қилиш бахтига муяссар бўлди. "Театр кийим илгичлардан бошланади" деганларидек, "замонавий Туркманистон" божхонадан бошланади.

Меҳмон ёки турист сифати Туркманистонга учиб келишингиз билан, шу божхона ёки чегара ходимлари қўлига тушасиз. Биринчидан, уларнинг ҳеч бири Туркман тилидан бошқа тилда сўзлашмаслигига тайёр бўлинг.

Шу туфайли, ўзингиз билан ҳеч бўлмаганда битта луғат олиб олинг. Иккинчидан, сизнинг юкингиз синчиклаб текширилишига тайёр туринг. Сизнинг шахсий нарсаларингиз, яъни ички кийимларингиз ҳам бирма-бир тўлиқ назоратдан ўтади.

Шундай ҳолатга гувоҳ бўлдим: форма кийган ёш йигитча бир аёлнинг ички кийимларини тита кетди. Бу ҳали ҳолваси, ҳали эмас ҳаммаси…

Текшириш гали энди гигиена пакетларига келди. Йигитчани бу нарсалар ўта қизиқтириб қолди, сабаби уларнинг шакли кичик "бомбачаларни" эслатади-ку! Унинг бундай маҳсулотдан хабари йўқ экан, қўпол тарзда ҳалиги хонимни ноўрин бемаъни саволга тутди.

Аёл на жавоб беришни ва на бермасликни билади. Ер ёрилмади, ернинг тагига кириб кетмади. Уялганидан қизариб, ерга қараб тураверди. Бундай "туркманча текшириш услуби" назоратнинг илк босқичи экан.

Кейингисида алоҳида хонага киришимни сўрашди, у ерда форма кийган икки аёл ўтирарди. Улар менга белимгача ечиниб, ички иштонимнинг белбоғини очиб кўрсатишимни буюришди. Мен нотўғри эшитдим деб ўйлаб, титраган овозда қайта сўрадим.

У мендан нима талаб қилинишини айтди. Мен уларга бундай муносабат иззат-нафсимга тегаётганини айтдим. Лекин назоратчи аёл бу ҳолат у учун оддий бир кундалик иши, ҳамда барча Туркманистонга кирувчилар учун бирдай расмий талаб экани такрорлади.

Шундай текшириш жараёнидан сўнг ниҳоят мени шаҳарга қўйишди. Мен ўз ёру-биродарларимни кўриб қувонган бўлсам ҳам, ҳалиги шок ҳолати мени узоқ вақт тарк этмай турди.

Хуллас, ҳиссадан қисса - Туркманистонга бормоқни ният қилсанг, ечинишга ҳам тайёр туринг, азиз саёҳатчи!

Козоғистонлик сайёҳ.