Генерал Дўстум "Ню Йорк Таймс"га раддия ёзган

Image caption Генерал Дўстум идораси рўзномага раддия юборган

Бундан бир неча кун аввал "Ню Йорк Таймс" рўзномаси "Афғонистон вице-Президенти, собиқ уруш қўмондони чекалантирилгач, тутақмоқда" деган мақолани чоп этди. Мақола муаллифи Аъзам Аҳмаднинг айтишича, Дўстум бундан бироз аввал хавфсизлик кенгашида деярли йиғлаган.

Бу мақолага жавобан генерал Дўстум идораси рўзномага ўз жавобини юборган. Бу раддияда жумладан бундай дейилади: "Ню Йорк Таймс" 100% ёлғон бўлган, балки тўлиқ сохталаштирилган ҳамда ёлғон маълумотларга асосланган хабарни чоп этди".

Раддияда "Ню Йорк Таймс" рўзномасининг Кобулдаги идораси Дўстум жаноблари билан алоқада бўлмаганлиги айтилиб, бу ҳол хабарнинг тарафкашлигидан далолатдир дейилади.

Раддия рўзномага қарата: "Сиз ўз мақолангизда генерал Дўстумнинг хавфсизлик йиғилишларидан бирида деярли йиғлаганини айтгансизлар, бироқ бу ассоссиз ва заминасиз сохтакорликдир" - деб таъкидлайди ва "Биз буни кескин равишда рад этамиз!" - деб давом этади.

Раддия сўнг генералнинг Президент Ашраф Ғани билан биргаликда ўзининг Вице-Президент мақомида иш олиб бораётганлигини ва фаолиятининг қирралари ҳақида гапириб, "Бу каби хабарлар генерал Дўстумнинг маълуму машҳур ҳамиятига зиён келтириш учун майдадир, бироқ инсонларнинг генерал Дўстум ҳақидаги тасаввурини бузишга ёрдам беради" - дейди ва "Ню Йорк Таймс" рўзномасининг мухбиридан ушбу иддаоларнинг тўлиқ таъбирини беришни талаб қилади.

Рўзнома ҳозирча бу хусусда ҳеч қандай қўшимча изоҳ бермаган.