Афғон аёл 'Қуръонни ёқмаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Фарҳунданинг тобутини аёллар кўтариб боришган

Кобул полицияси бошлиғига кўра, ўтган ҳафта Кобулдаги полиция идораси олдида ғазабнок оломон томонидан гўёки муқаддас Қуръон нусҳасини ёққанлиги учун ўлдирилган аёл айбсиз бўлган.

Тергов учун масъул генерал Муҳаммад Зоҳирнинг айтишича, у барча далилларни ўрганиб чиққан ва 27 ёшли Фарҳунданинг Қуръон нусҳасини ёқиб юборганини тасдиқловчи биронта ҳам далил топмаган.

"Фарҳунда мутлақо бегуноҳ бўлган", дея полиция бошлиғининг сўзларидан иқтибос келтиради Рейтер агентлиги.

Пайшанба куни куппа-кундузида Кобул марказида оломон 27 ёшли Фарҳундани калтаклар билан урган ва ёқиб юборган.

Мобил телефонида туширилган ва ижтимоий тармоқларда тарқаган тасвирларда полиция аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмагани акс этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Полиция ҳодисага мудохала қилмаган

"Ўтган тун мен бутун ҳужжатлар ва далилларни яна бир марта ўрганиб чиқдим, аммо Фарҳунда муқаддас Қуръонни ёққанига доир биронта ҳам далил тополмадим", - деб айтган Афғонистоннинг бош жиноий терговчиси.

У ҳодисага алоқадор барча шахсларнинг жазога тортилишини айтган.

Полиция бошлиғининг сўзларига кўра, 8 нафар полиция ходимлари дохил 13 киши ҳибсга олинган.

Афғонистон президенти ва бошқа расмийлар аёлнинг ўлдирилишини қоралашган.

Фарҳунданинг яқинлари у руҳан носоғлом бўлгани ҳақидаги матбуот хабарларини рад этишган.

Уларга кўра, Фарҳунда исломий билимлар бўйича мутахассис бўлган.

Якшанба кунги жаноза маросимида юзлаб одамлар иштирок этишган ва Фарҳунданинг тобутини аёллар кўтариб боришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ