Москвада Наврўз: меҳнат муҳожирлари учун ҳам байрамми?

Москвадаги “Россия” давлат концерт залига 7000 дан зиёд турли миллат вакиллари жам бўлишиб, Наврўзи оламни нишонладилар.

Ташкилотчиси Москва шаҳри ҳудудлараро ҳамкорлик, миллий сиёсат ва диний ташкилотлар алоқалари Департаменти дейиладиган мазкур байрам тантаналарининг асосий ташкилотчиси “Москва Наврўзи” лойиҳаси ва сценарий муаллифи, режиссёри “Тожик маданияти маркази” раҳбари Хуршеда Хамроқулова бўлиб, тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Татаристон, Туркманистон, Бошқирдистон, Доғистон ва Озарбайжон давлатларининг элчихона вакиллари иштирок этишди.

Миллатларни бирлаштирган байрам

- Наврўз умумшаҳар байрами лойиҳасини 2005 йил ноябрда Москва шаҳар ҳукуматига тақдим этгандик, - дейди Хуршеда Хамроқулова. – Шу билан бирга Наврўзни миллий байрам сифатида нишонловчи 10 дан зиёд миллат диаспоралари раҳбарларини Москвада байрамни нишонлаш учун бирлашишга кўндирдим. Эндиликда эса, тожик, ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман, курд, бошқирд, озарбайжон, афғон, эрон, чечен, татарлар билан бирга ва байрамимиз меҳмони сифатида турк, ҳинд, рус, талиш, чувак каби миллатлар вакиллари ҳам даврамизга қўшилишди.

“Москва Наврўзи”да 14 давлат диаспоралари вакиллари томонидан намойиш этилган ранг-баранг концерт дастури йиғилганларга чинакам байрамона завқ бағишлади. Айниқса, доғистонликлар, тожиклар, озарбайжон ва қозоқ вакилларининг байрамга тайёргарлиги эътирофга лойиқ. Нафақат ватанида, балки Россияда ҳам танилган турли миллат санъаткорлари ўз тилларида қўшиқ куйлаб, миллий рақслари билан ўз юртлари билан фахрланишларини яққол намойиш этишди. “Голос” телелойиҳасида иштирок этган қозоғистонлик, татаристонлик хонандаларнинг чиқишлари ҳам ўз юртдошларининг ифтихорига сабаб бўлди.

6 соатда 10 дақиқа

6 соатлик байрам дастурида Ўзбекистон номидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Наталья Нурмухаммедова ва Москвадаги “Рақс” студиясининг 10 дақиқалик чиқишлари кифоя қилди.

- Тўгарагимиз аъзолари бир пайтда ҳам ишлаб, ҳам байрамга тайёрланишларига тўғри келди. Озчилик бўлганимиз учун Москвадаги ўзбек талабаларини байрам дастурига жалб этдик, ­- дейди “Рақс” тўгараги раҳбари Моҳидил Атаева.

Москвада ўтказиладиган ҳар бир байрам, ҳар бир тадбир борки, уларда фақат саноқли кишиларни кўриш мумкин. Аммо рус телеканалларида деярли ҳар ярим йилда бир ўзбекистонлик “ярқ” этиб чиқаяпти. Уларнинг иштироки маблағга бориб тақалгани боис, ўзбекистонликлар бепул қатнашувчи фидойи жамоатчиларни маъқул кўраяпти.

Байрамда иштирок этган ҳар бир давлат томонидан жиддий тайёрганликнинг гувоҳи бўлдик. Фақат ўзбеклар либослар масаласида ҳам, санъат намойиши жиҳатидан ҳам жуда оқсади.

Москваликлар таниб улгурган, Ўзбекистон номидан чиқишга муносиб санъаткорлар кўп эди, аммо байрамга эътиборсизлик бошқа миллат вакиллари орасида ўзбекларни ўкситиб қўйди.

Сумалаксиз Наврўз

Танаффусда ташкил этилган кўргазмаларни айландик. Қирғизлар чодири, афғонлар мусиқа асбоблари, эронликлар диний-маърифий китоблари, доғистонликлар ханжару пичоқлари, татару озарбайжонларнинг миллий пишириқлари қаторида ўзбекларнинг шойи-ипакларини кўриш мумкин.

Image caption Бу йил Россияга меҳнат муҳожирлари оқими камайган

Водийлик Нурали ака кўп йиллардан бери Москвадаги кўргазма-ярмаркаларда ўз ипаклари билан қатнашиб келади. Шунингдек, уларнинг ёнида “Москва ҳамдўстлиги” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Виктор Тепляков Тошкентдан келтирилган турли миллий либослару буюмларни намойишга қўйган.

- Ўзбекистонга ҳар борганимизда қуруқ қайтмаймиз, - дейди ташкилот ходими Ольга Ширшова. – Ўзимиз билан миллий санъат намуналаридан имкон қадар олиб келамиз. Мана шундай тадбирларда жуда асқотади.

Халқ байрами эди...

Дарвоқе, “Москва Наврўзи”да иштирок этиш таклифнома орқали бўлгани сабаб, зиёлилару пойтахтда таҳсил оладиган ўзбек талабаларидан бошқа ўзбекларни учратмадик. Оддий халқ эса байрамни иш жойларида кутиб олишди. Улар айни пайтда иш билан бирга Россияда жорий этилган янги хужжатларни тартибга солиш билан овора.

- Бу ой олган хонадонимизни таъмирини тамомлаб, иш берувчи билан ҳисоб-китоб қилишимиз керак, - дейди таъмирчи уста Расул Валиев. – Тўрт ойдан бери пул олганимиз йўқ. “Хўжайин” фақат озиқ-овқат, кундалик харажатларга пул бериб туради. Иш ҳақини уйни топширгандан сўнг олишга келишгандик. Шуни кетидан янги хужжат ҳам қила олмадим. Кетишимда “запрет” босишмаса эди деб қўрқаман.

Россияда ҳар йили баҳор ойларидан бошлаб ўзбекистонлик муҳожирларнинг ташрифи ортиши кузатиларди. Бу йил эса аксинча, улар сафи тобора камайиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02