Россия Тожикистонга ҳарбий ёрдам етказади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Россияга кўра, яхши қўриқланмайдиган афғон чегарасидан жангариларнинг сизиб кириш эҳтимоли катта

Россия матбуотининг хабар беришича, яқин кунларда Москва Тожикистонга 70 миллиард рубл миқдорида ҳарбий-техник ёрдам етказади.

"Коммерсант" рўзномасининг ёзишича, Тожикистон қуролли кучларини замонавийлаштиришга доир икки томонлама келишувга ўтган йил ёзида эришилган.

Нашрнинг маълумотларига кўра, ёрдам етказиш ҳали бошланмаган, аммо қурол-яроғларнинг тури борасидаги келишув ниҳоясига етган.

Россия Тожикистонга алоқа воситаларидан тортиб, ҳарбий ҳаво воситаларига қадар етказиб бериши кутилади.

Москванинг Душанбега ҳарбий ёрдами Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида амалга оширилиши айтилган.

2 апрель куни Душанбеда ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида "Исломий Давлат" жангариларидан келаётган таҳдид масаласи муҳокама этилганди.

Image caption Тожикистонда жойлаштирилган 201-ҳарбий база Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий тузилмаси ҳисобланади

Тожикистонда жойлаштирилган 201-ҳарбий база Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий тузилмаси ҳисобланади.

Душанбе, Кўлоб ва Қўрғонтепа шаҳарларида жойлаштирилган ҳарбий базаларда 7 ярим мингга яқин Россия зобитлари ва шартнома асосидаги ҳарбийлари хизмат қилади.

Тожикистон халқаро қўшинларнинг қўшни Афғонистондан олиб чиқилиши ортидан минтақада хавфсизлик вазиятининг ёмонлашишидан хавотирда.

Шунингдек, Сурия ва Ироқдаги "Исломий Давлат" сафларида юзлаб тожикистонликларнинг жанг қилаётгани Президент Раҳмон ҳукуматини жиддий ташвишга солаётгани айтилади.

Душанбедаги анжуманда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жиҳодчиларнинг яхши қўриқланмайдиган Афғонистон чегарасидан Тожикистонга сизиб кириш эҳтимоли катта эканини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02