"Тожикистон: Ҳажу ҳижобга тақиқ, соқолни эса қирдиринг"

The Diplomat Интетнет журналида чоп этилган мақола Тожикистонда диний эркинликлар чекланаётгани ҳолатлари ҳақидадир.

Мақола муаллифи Катрин Патзга кўра, аслини олганда виждон эркинлиги Тожикистон конституциясида расман қайд этилган.

"Лекин амалда мамлакатнинг аксар қисмини ташкил қилувчи мусулмонлар учун диний амалларга риоя қилиш давлатнинг қаттиқ назорати остидадир".

Мақолада айтилишича, охирги ойларда давлат диний амаллар устидан назоратни анчайин кучайтирди. Президент Раҳмон аёлларга ҳижоб ўрамаслик маслаҳатини берди, тақводорларнинг соқолларини олдириб ташлашга мажбурлангани ҳақида хабарлар чиқди, Ҳаж зиёратига ким бора олиши борасида янги кўрсатмалар қабул қилинди.

Ўтган ойда ўтказилган парламент сайловларига қадар Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида қонун чиқарувчи органда Исломий партия аъзолари мавждуд бўлган ягона мамлакат эди.

Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси минтақада ягона расман қайд этилган диний партия сифатида тақдим қилинади.

Бу балким ҳақиқатдир, лекин март ойида ўтказилган сайловлардан сўнг мамлакатдаги фуқаро урушидан кейин мавқеи қонунлаштирилган бу партия илк бор парламентда биронта ҳам ўринсиз қолмоқда.

Бундан ташқари Тожикистон расмий диний идоралари Ислом Уйғониш Партиясининг умуман тақиқланишига даъват қилиб чиқдилар. Баъзилар эса ҳатто партияга "террорчи ташкилот" деб тамға қўйишга чақирдилар.

The Diplomat да ёзилишича, Диний Ишлар бўйича Давлат Қўмитаси, Уламолар Кенгаши сингари ташкилотлар ҳам диний амалларни назорат қилиш ишига ўз "ҳиссаларини" қўшадилар.

Бунга қўшимча баъзи жамоат ерларида ҳижобда юриш, ёши 18 га кирмаганларнинг оммавий диний йиғинларда иштирокларини тақиқловчи кўрсатмалар бор.

АҚШ давлат Департаменгининг "Диний эркинликлар борасида" 2013 йили чқарилган ҳисоботида айтилишича, "Тожикистонда никоҳ ва мавлудлар дохил қатор маросимларга чекловлар киритилган.

Никоҳ тўйларида қатнашиши мумкин бўлган меҳмонлар сони чекланган, фотиҳа маросимлари тақиқланган, ҳатто бериладиган совға-саломлар миқёси расмийлар томонидан белгиланган.

Расмийлар назорати уст-бош ва соч-соқол соҳасига ҳам етган.

"2014 йил январ ойида "давлат имомлари" қандай кийинишлари ҳақида кўрсатма чиққан. Global Voices эса баъзида тақводорларнинг соқоллари мажбуран олиб ташлангани ҳолтлари ҳаиқда хабар берпди".

Шу йил 31 март куни Хўжанд шаҳрига йўл олганлардан бири йўлдан адашган вақти тўхтаб, маҳаллий милция ходимидан йўл сўрайди ва тез орада бундай қилганига пушаймон бўлади.

38 ёшли бу йўловчининг айтишича, уни милиция идорасига олиб бориб, соқолини олишга мажбурлаганлар.

Мақолада ёзилишича, аҳолисининг аксари мусулмон бўлишига қарамай Тожикистон раҳбарияти деярли мутлақ дунёвийдир.

Ўтган ноябр оийда Лондонда икки таниқли тадқиқотчи Жон Хезершоу ва Дэвид Монтгомерилар томонидан чоп этилган ҳисоботда сиёсий Исломнинг дунёвий давлатчиликка таҳдиди собиқ Иттифоқ давлатларида кенг тарқалган "афсона"лардан бири эканлиги айтилганди.

Афсонами йўқми, сиёсий Ислом давлатчиликка хатар деган хавотир сақланиб қолмоқда, дея хулоса қилади The Diplomat даги мақола муаллифи.

Бу ҳафта эса Interfax хабар агентлигининг маълум қилишича, Тожикистонда фақатгина ёшлари 35 дан ошганлар Ҳаж зиёратига боришларига рухсат берилиши ҳақида айтилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer