Қозоғистон президент сайлови ҳам “ўзбекча” бўлади

Image caption Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари

Қозоғистон президенти Назарбоев ҳам ўз юртини жаннатга қиёслаган.

Фақат бу юртнинг денгизга чиқиш имкониятлари чегараланганлиги иқтисоднинг бундан ҳам ривожланишига тўсиқ бўлаётган экан.

26 Апрел куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайлов олдидан, президент Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг келжакдаги сиёсати ҳақида чиқишлар қилган.

Россия ва Белорусия қаторида, Овросиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоси бўлган Қозоғистон раҳбари ўз халқини мамлакатда йиғилган машиналарни сотиб олишга чақирган.

Бундан ташқари, Назарбоев давлат ишхоналарида қариндош-уруғларнинг ўз лавозимига лойиқ мутахассис бўлган ҳолда ишлашига қарши эмаслигини билдириб ўтган. Бу ҳақда Интерфакс-Қозоғистон, президент қатнашган 10 Апрел куни бўлиб ўтган ёшлар форумидан хабар қилган.

Бунга акси ўлароқ, ўз қариндош-уруғларини корхоналарда қўллаб-қувватлашга тиришган давлат мулозимларига қарши курашиш - Назарбоевнинг сайловолди дастурида эканлигини қозоқ вебсайти Nur.kz хабарини берган.

"Таниш-билишчилик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Агар президент бўлсам..."

Юқоридаги президент чиқишларига Қозоқ интернет фойдаланувчилари вебсайтларда турли хил изоҳлар қолдиришган. Давлат ишчилари орасида таниш-билишчиликка қарши курашишга сўз берган Назарбоевга жавобан, Nur.kz фойдаланувчиси "Салитех" шундай деган: "У бу ишни аввал ўзининг қариндошларидан бошлаши керак, ҳудди Сингапурнинг собиқ президенти каби. Акс холда, бу ҳаммаси шунчаки қуруқ сўзлар".

Аноним қолишни истаган фаол агарда қозоқ президенти бунга эришса, мамлакатда коррупция даражаси тушишини ва саводсиз ҳакамларнинг йўқ бўлишини айтган. "Қобилиятли инсонлар таниши ва пули йўқлиги сабабли имтиҳон топшириб ҳакам бўла олмаяптилар. Умид қиламанки, юртбоши бу ишни охирига етказади ва ҳакамлар орасидаги коррупцияга чек қўяди", деган ушбу фаол.

Бошлиқлар билан яхши муносабатларда бўлган жуда кўп пенсионерлар Ақмола областида хали ҳам ишлаётганини айтган бошқа бир аноним фаол шундай деган: "Улар пенсия ва ойликлар, ҳамда мукофот пулларини ҳам олишмоқда, ёшлар эса катта шаҳарларга иш излаб кетишмоқда, чунки вилоятда давлат ишхоналаридан бошқа жойда тайинлик иш деярли йўқ".

Бошқа Nur.kz фаоллари бу ишни қилишга энди кечлигини айтишган. "Энди кеч, бутунлай коррупциячилардан ташкил топган гуруҳни ўстиришди, коррупция билан суғорилган бир авлод 25 ёшга тўлди," деб айтган "арчин" номлик фаол.

Яна бир аноним фойдаланувчи қуйидаги изоҳни қўшимча қилган: "бу коррупциячилар ўз ўғиллари ва жиянлари учун бу корпусни ўйлаб топишди". Бошқа бир аноним фойдаланувчи "агар коррупцияга отиш ҳукми жорий қилинса, бу мамлакатда ҳеч ким қолмайди" деб айтган. "Ҳаммаси ўз ҳолида қолади. Қий-чув кўтарамиз, шу билан бу иш тўхтайди. Бизда доим шундай бўлган ва бу сафар ҳам шундай бўлади," деган бошқа бир аноним фаол.

"Жаннатий ўлка"

Қозоғистон президентининг мамлакатни табиий жиҳатдан жаннатга тенглаштирганини ўзича тушунган Tengrinews.kz янгиликлар вебсайти фойдаланувчилари мамлакатдаги шароитдан нолишга ҳам улгуришган.

Ареке номлик фаол "ҳа, биз деярлик жаннатда яшаяпмиз. Қачон коррупцияга барҳам берсак, шундагина аниқ жаннатда яшаймиз", деган. Реке номли фаол эса юртбошига қарата шундай деган: "давлат органлари ва корхоналаридаги коррупция ва қабилапарастлик ҳақида нима дейсиз?"

“Заря” исмли фаол шундай қўшимча қилган: "Бизда коррупция ва порахўрлик бор экан, жаннатга эришмаймиз".

Наталья номли фаол истеҳзо билан жамиятда "яхши ҳаётга" нима халақит қилаётганини энди тушуниб етганини айтган. "Ҳақиқатни гапирсам, мен коррупция, порахўрлик, ўз қариндошларини ишга олаётганлар ва давлатни очиқ-ойдин ўмараётганларни, ҳамда виждонсиз, эътиборсиз кишиларни, ўз масъулиятини шаҳрига ва юртига севгисиз бажараётган инсонларни ривожланишга тўсиқ бўлаяпти, деб ўйлардим. Эх, бундай эмас экан, хотиржам тортдим. Бизга шунчаки иқлим ва денгизгача бўлган узоқ масофа халақит бераётган экан," деб ёзади.

"Миллий харид"

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Қозоғистондаги ранг-баранг машиналар

Дунё бозорида рақобатбардош бўлиш учун Овросиё Иқтисодий Иттифоқида “пишиб” боришга чақирган Назарбоев, ҳамюртларини ўз ватанлари ривожи учун чет эл машиналари ўрнига мамлакатда жамланган машиналарни сотиб олишни маслаҳат берган. Аввалроқ, Россиядаги иқтисодий бўҳрон рублнинг долларга нисбатан қадрсизланишига олиб келганди ва буни эвазига нархларнинг тушиши кузатилган. Қозоғистон фуқаролари фурсатдан фойдаланиб Россиядан жуда кўп машина ташиб келишганди.

Tengrinews.kz вебсайти фойдаланувчилари Қозоғистондаги иқтисодий шароитдан нолишда давом этганлар.

"Халқ ҳеч кимни қўлламайди, айниқса кризис вақтида, халқ ўзи ва ўз оиласи ҳақида ўйлайди. Мен қандайдир оғаларни қўллаш учун сарф-харажат қилмайман," деган “Профессор” номли фаол.

Мамлакатда жамланган машинларни сотиб олишга чақириққа нисбатан қуйидаги изоҳлар қолдирилган: “Ser” – "Биз албатта миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлагимиз келади, лекин бизда фақат хорижий махсулотни сотиб олишга етадиган пул бор".

"W38" – "Нарҳларни ошириб, биз ҳақимизда ўйламаётган миллий ишлаб чиқарувчини қўллашни биз нимага ўйлашимиз керак? Гўё биз ўзимизнинг ишлаб чиқарувчидан машина сотиб олсак иқтисодимизни қўллаб-қувватлангандек… Бу фақат ишлаб чиқарувчининг чўнтагига киради!"

"Ербулат" – "Машина ва озиқ-овқат махсулотларига нарҳларни туширинглар, шунда ҳаммаси яхши бўлади".

"Zzzzzz" – "Нима учун биз ишлаб чиқарувчини хаёти ҳақида ўйлашимиз керак? Аввал, у ўз маҳсулоти сифатини кўтариб, нархини туширсин, чунки бундай нархлар бундай сифатга мос эмас. Шунинг учун халқ Россияга ошиқмоқда".

Албатта, Tengrinews.kz вебсайти фойдаланувчилари орасида Нарбоевни қўллаб-қувватлаганлар талайгиналигини таъкидлаш лозим.

Жумладан, "Нурмухамед" шундай деган: "Назарбоев ҳақ. Биз ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимизни қўллаб-қувватлашимиз керак, ҳамда халқимизнинг фаровонлиги ҳақида ўйлашимиз керак".

Сайлов эмас, "ишонч" референдуми

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Ишонч" референдуми?

Қозоғистонда навбатдан ташқари бўлиб ўтадиган сайловларга саноқлик кунлар қолди. Асосан уч номзод – иқтидордаги сиёсий партия "Нур Отан" етакчиси Нурсултон Назарбоев, коммунистлардан Турғун Сиздиқов ва Касаба Уюшмалари Федерация раиси Абилғази Кусаинов ўлканинг президентлиги учун кураш олиб бормоқдалар.

Twitter ижтимоий тармоғидаги Sailau2015 хаштаги остида берилаётган хабарларга қараганда, номзодлар айни пайтда жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

Мамлакатнинг сайлов комиссияси 3 Апрел кунига қадар ташвиқотлар ҳақида ҳеч қандай шикоят олмаганлигини айтган. Ҳозирга қадар 500 га яқин халқаро кузатувчиларни рўйхатга олинганлиги ҳақида хабар тарқатган.

Россиялик сиёсий мутахассис Андрей Грозинга кўра, ушбу сайловларда Назарбоев 95-97 фоиз овоз тўплаши тахмин қилинмоқда.

Бу сайлов Грозин фикрича, Назарбоевга бўлган "ишонч" референдумидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ