"Энди муҳожир эмаслар..."

Image caption Муҳожирлар

Ўтган йилнинг 22 декабр куни Москвада ўтган Овросиё иқтисодий кенгаши саммитида Қирғизистон Божхона иттифоқи ҳамда Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиш тўғрисидаги шартномаларни имзолаган эди.

Президент Алмазбек Атамбаев “Россия 24” телеканалига берган суҳбати чоғида Қирғизистон ЕИҲга қўшилиш орқали тўғри сиёсатни танлаганини маълум қилиб:

-Мен бизнинг қадамларимиз тўлиқ асосланган деб ўйлайман. Бу жараённинг камчиликлари ва ютуқларини ҳисоб-китоб қилганлар ҳамжамиятга қўшилиш ортидан Қирғизистон умуман ютуққа эришишини тушуниб туришибди, - деган эди.

Ушбу сиёсат ортидан Россиядаги қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳам “елкасига офтоб тегди”. Эндиликда, улар мамлакатда анча эркин яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эгадирлар.

«Моҳиятан, бизнинг фуқароларимиз эндиликда муҳожир эмаслар. Меҳнат муносабатларида улар жойлашган давлат фуқаролари билан тенг бўладилар», —дея Россия ОАВларига изоҳ берди Қирғизистон муҳожирлик, ёшлар ва меҳнат вазирлигининг ўринбосари Алмаз Асанбаев.

Апрель ойининг ўрталарида эса бу маълумотни Россия ФМС раҳбари тасдиқлади.

- Қирғизистонлик муҳожирлар мамлакатининг OИҲига қўшилганидан кейин 2015 йил май ойидан бошлаб патент ва ишга рухсатнома расмийлаштиришларига ҳожат қолмайди, - деди Константин Ромодановский.

Кутилган қонун ижроси

Image caption Қирғизистонликларга Россияда ҳаёт бирмунча осонроқ бўлади

Қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари мазкур қонун ижросини йил бошидан бери кутишаётганди.

- Январь ойида патент бўйича янги қонунлар чиққанидан сўнг, қайта хужжат қилмадим, - дейди қирғизистонлик ўзбек Абдурахим Солиев. – Февраль ойида чегарага чиқиб келгандим, 3 ойлик муҳлатим май ойидаги қонунга уланиб кетди. Ортиқча ҳаражату оворагарчиликлардан қутилдим.

Айни пайтда меҳнат муҳожирлари патент олиш учун 20-40 минг ( 40 000 рубл - 777 доллар атрофида) рубл атрофида ҳаражат қилишмоқда. Бундан ташқари, хужжатни расмийлаштириш ва қўлга киритиш учун камида 1 ой вақт сарфланади.

Шунингдек, энди қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари рус тили тарихи ва қонунчилиги бўйича тест синовларини ҳам топширмайдилар. А.Солиевнинг айтишича, у рус тилини билмагани учун имтиҳонга бормай турган.

- Тест топширганлар саволларини жуда қийин дейишди, мен фақат русчада гаплаша оламан, холос. Мактабда яхши ўқимаганман. Ўз ишимни устасиман, ишласам бўлди-да. Қурувчига унақа нарсаларни нима кераги бор?!

Ечим топилди

Кучга кириши кутилаётган янги қонун-қоидалардан нафақат қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари, балки уларнинг иш берувчилари ҳам мамнун. А.Солиевнинг иш берувчиси Станислав Гурьев билан суҳбатлашганимизда янги қонунни қониқиш билан қабул қилганини билдирди.

- Очиғи, бизга қўйилган талаблар ҳам чарчатиб юборади одамни. Меҳнат муҳожирлари билан ишлаш иккала томон учун ҳам фойдали. Аммо уларни хужжатларида доимо муаммолар бўларди. Ноқонуний ишлатсак, катта миқдордаги жарима хавфи. Бир томондан иложсиз болаларга ачинаман, бир томондан ўз тинчимни ўйлардим. Мана, ечими топилди.

Россия ФМС матбуот хизматининг маълум қилишича, шу йилнинг 15 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда 505 минг Қирғизистон фуқароси бор. Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари сони бўйича Ўзбекистон ва Тожикистондан кейинги ўринни эгаллайди. Айнан шу қонун ортидан, қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари сони ортиши кутилаяпти. Чунки фақат миграция ҳисоби билан Россияда ишлаш ва яшаш улар учун ҳар томонлама манфаатли бўлди.

Бу эса ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Ўзбекистонликлар яна четда

Айни пайтда ноқонуний меҳнат муҳожирини ишлатган иш берувчига 1 млн.рубл (20 минг доллар атрофида) миқдордаги жарима белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, эндиликда иш берувчилар ишлатиш учун муаммоли ўзбекистонларни эмас, хавфсиз қирғизистонликларни афзал кўришади. Бу эса табиийки, ўзбекистонликлар учун иш ўринлари камайишини билдиради.

Уй-жой масаласида ҳам ижарага берувчилар ўзбекистонликлардан кўра, қирғизистонликларни маъқул кўради. Ҳар ҳолда, улар энди тинчроқ вариант.

- Нега бизни ҳеч ким ўйламайди, улардан кам еримиз йўқ-ку, - дейди ўзбекистонлик Мавлон Эргашов. – Шусиз ҳам қўшнилар билан деярли ёвга айланиб бораяпмиз. Қирғизистонликларни бизга беписанд қарай бошлаганидан неча марта жанжаллар бўлганди. Яна авжига чиқаркан-да!

Бундан ташқари, жорий йилнинг февраль ойида Москва шаҳар мэри Сергей Собянин россияликлар орасида иш танқислиги эҳтимоли юзага келгудек бўлса, муҳожирларни сиқиб чиқаришнинг бошқа чорасида ҳақида сўз очган эди.

- “Ишсиз россиялик фуқаролар сони ўсганини кўрсак, меҳнат муҳожирлари учун петент тўлови миқдорини ошириш ҳисобига бу секторни сиқишга ҳаракат қиламиз” – дея интервью берди пойтахт мэри “Россия 1” телеканалига.

Қирғизистонлик муҳожирлар ортиши, иш ўринларини эгаллаши баробарида келгусида иш танқислиги юзага келиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу ҳолатда С.Собянин таъкидлаган “чора” фақат ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари учун қўлланилиши аниқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ