Ўш: Мелис Мирзакматовнинг акаси ҳибсга олинди

Расмий хабарларга кўра, Ўш собиқ ҳокимининг акаси Кенеш Мирзакматов товламачиликда айбланмоқда. Аллақачон унинг устидан жиноий иш очилгани ҳам айтилмоқда.

Яқинда халқаро қидирувга берилган Мелис Мирзакматов ўзининг қаердалиги ҳануз маълум эмас.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Ўш собиқ ҳокими устидан сиртдан жиноий иш қўзғатилган.

Унга расман “ўз хизмат лавозимини суиистеъмол этганлик” айби қўйилган, ҳибсга олишга қарор қилинганди.

Аён бўлишича, Кенеш Мирзакматов 2 май куни Ўшдан Бишкекка кетиш йўлида ҳибсга олинган.

У билан бирга яна уч кишининг қўлга олингани, ҳибсдагилар қолганларининг ҳам товламачиликда айбланаётгани айтилади.

Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Ўш вилояти ва шаҳри бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати билдирган.

Матбуот хизмати маълумотларига таянилса, тўрттовлондан икки нафари ўтган йили “Боткен фахрийлари жамияти”ни тузиб, уй сотиб олишга эҳтиёжманд одамларга ўз хизматларини таклиф қилишган, улардан пул ундиришган.

“Жорий пайтда уларнинг товламачиликлари юзасидан тўққиз киши расман арз қилган. Аммо бошқа жабрдийдаларни ҳам топиш ишлари давом этмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, улар етказган умумий зиённинг миқдори 132 минг АҚШ доллари ва 1 миллион сомдан ортиқроқни ташкил қилади”, - дейилади бошқарма матбуот хизмати баёнотида.

Матбуот хизмати, ўз навбатида, шу пайтга қадар бу гуруҳнинг қўлидан 19 кишининг жабр чеккани аниқлангани, ҳозир бешинчи гумондорнинг қидирилаётгани ҳақида ҳам хабар беради.

Расмий хабарларга кўра, бир нафарининг қидирувда эканига қарамай, аллақачон бешовлон устидан жиноий иш очилган.

Кенеш Мирзакматовнинг маҳкама ҳукми асосида икки ойгача муваққат тергов изоляторида сақлаб турилиши ҳам айтилади.

Масъулларга кўра, жорий пайтда унинг товламачилик билан боғлиқ можарода Ўш шаҳри ҳокимлиги давлат мулки бошқармаси собиқ бошлиғининг ҳам қўли борлигига оид иддаоси текширилмоқда.

Мелис Мирзакматов

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy Photo

Хабарларга кўра, собиқ ҳокимга қўйилаётган айблов Қирғизистоннинг жанубий Ўш шаҳридаги қурилиш жараёнлари билан боғлиқ.

Норасмий маълумотларга кўра, Мелис Мирзакматовнинг ўзи ҳозир хорижда бўлиши мумкин.

Қирғиз мулозимлари эса, унинг айнан қайси давлатда экани ҳақида ҳеч нарса дейишмаяпти.

Аммо собиқ ҳокимнинг анча пайтдан буён жамоатчилик жойларида кўринмай қолгани кузатилади.

Унинг "Улуттар биримдиги" партияси "Мелис Мирзакматов устидан жиноий иш қўзғатилишини сиёсий қатағон", деб тасвирлаганди.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, Ўш шаҳри ва вилояти тергов бўлимларининг текширувлари собиқ ҳокимнинг Навоий кўчасидаги эстакада кўприги қурилиши жараёнида ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл урганини тасдиқлаган.

Жумладан, жаноб Мирзакматовнинг қатор қонунларга зид равишда, ҳеч қандай техник-иқтисодий асосларсиз, шаҳардаги хизматлар ва идоралар раҳбарларига кўприк қурилиши учун маблағ ажратиш ва дарҳол ишни бошлаш тўғрисида буйруқ берганлиги ошкор бўлган.

Тергов тафсилотларидан аён бўлишича, шу мақсадда ўтган йили икки марта ноқонуний тендер ўтказилган:

Шартномалар имзоланиб, оқибатда давлатга катта миқдорда, яъни 27 миллион сом зарар етказилган.

Жаноб Мирзакматов 2010 йилнинг ёз ойида маҳаллий ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида келиб чиққан қонли этник низолар чоғида ўзининг миллатчи чиқишлари билан танилган.

Нуфузли халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида эса, Ўш шаҳри собиқ ҳокими ўзбек маҳаллаларига қарши ҳужумларни тўхтатмасликда айбланган.

Шу билан бирга унинг ҳокимлик фаолиятига ижобий баҳо берганлар ҳам йўқ эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ