Россиядаги муҳожирларни экстремист гуруҳлар “овламоқда” ми?

Image caption "Экстремистик гуруҳларга аъзолик айблари билан минглаб тожикистонликлар қамоққа ташланган..."

Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида 19 киши «Жамоат Ансаруллоҳ» гуруҳига аъзолик ва экстремизмда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар.

Хабарларга кўра, яна тўрт киши бу гуруҳ аъзоларининг “жиноий ҳаракатлари” ҳақида тегишли идораларга хабар бермаганликда айбланиб, ҳукм этилганлар.

«Жамоат Ансаруллоҳ» нинг раҳбари деб кўрилган шахс қарийб 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Қолган 18 нафар айбланувчилар 8,5 йилдан озодликдан маҳрум қилинганлар.

Тожикистонда ноқонуний экстремист гуруҳ деб танилган «Жамоат Ансаруллоҳ» аъзоларининг “жиноий фаолиятлари” ҳақида хабар бермаганликда айбланган тўрт кишининг хар бирига 1 йилдан қамоқ жазоси белгиланган.

Олий Маҳкама хабарномасида айтилишича, барча ҳукм этилганлар «Жамоат Ансаруллоҳ» гуруҳига Россия Федерациясида муҳожирликлари даврида аъзо бўлишган.

Муҳожирлар Россияда ёлланмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Меҳнат муҳожирлари

Сўнгги йиллар Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида экстремист гуруҳлар, жумладан “Исломий давлат” ҳам “ёллаш” овини кучайтиргани ҳақида айтилади. Мутахассисларга кўра, Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” сафида жанг қилаётганлар марказий осиёликлар, хусусан тожикистонлар сафида собиқ меҳнат муҳожирлари салмоқли ўрин эгаллайди.

Би-би-си билан ёпиқ суҳбатда, асли ўзбекистонлик бўлган меҳнат муҳожирининг айтишича, “турли диний гуруҳлар доим меҳнат муҳожирлари орасидан ўзига тарафдор йиғишга доим ҳаракат қилиб келишади”.

Аммо Россиядаги инқироз туфайли минглаб муҳожирлар ишсиз қолгани ва ё даромадлари кескин тушиб кетиши, аксариятни нафақат иқтисодий, балки сиёсий важлар билан ҳам экстремистик гуруҳлар сафига киришига сабаб бўлди, дейди ўзбекистонлик муҳожир.

“Ватанга борса нима қилади? Ҳеч бир иши порасиз битмаса, иш бўлмаса, милициянинг бедодлигини асти қўяверинг, айниқса намоз ўқийдиган бўлсангиз жонингиз хатар остида...Ҳукуматдагилар намоз ўқийдиганлар қўрқади, намоз ўқийдиганлар ватанга қайтишдан...Буни ИШИДчилар ҳам, ҳизбчилар ҳам яхши билади”, дейди у.

Москвалик журналистга кўра, бугунги кунда Тожикистоннинг бир миллиондан ортиқ фуқаролари Россияда меҳнат қилишади.

Сўнгги йиллар Тожикистон ҳукумати “миллий маданият”га ёт деган баҳона билан узун соқол қўйган эркаклар ва ҳижоблик хотин-қизларга қарши тарғиботни кучайтириб юборган.

Айрим мулозимлар ҳатто арабча исмлардан воз кечиш таклифи билан чиқишар экан, ижтимоий тармоқларда бу мавзулар қизғин мунозараларни урчитиб юборган.

Кузатувчиларга кўра, азалдан анъанадор ва диний қадриятлари мустаҳкам мамлакатда ҳукуматнинг бу каби қаттиққўл чоралари салбий қаршиланмоқда.

"Жамоат Ансаруллоҳ"

“Жамоат Ансаруллоҳ” илк бор 2010 йилда, Хўжанд шаҳрида амалга оширилган худкушлик ҳужуми ортидан эътиборга тушган.

Ҳодисада тўрт милиция ходими қурбон бўлган ва ўнлаб кишиларга тан жароҳати етганди.

Ушбу воқеа ортидан қатор экстремистик гуруҳларнинг интернет саҳифаларида "Жамоат Ансаруллоҳ"нинг баёноти эълон қилинган ва гуруҳ ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққанди.

2011 йилда шарқий Рашт водийсида олиб борилган махсус ҳарбий амалиётлар чоғида тожикистонлик таниқли жангари қўмондон Мулло Абдулло яширинган ғордан ҳам гуруҳнинг байроғи топилгани хабар берилган ва шундан сўнг "Жамоат Ансаруллоҳ" Тожикистон ҳудудида жиддий фаолият олиб бораётганига оид тўхтамга келинганди.

Гуруҳнинг кимлардан иборат экани, аъзоларининг сони ва жойлашган ери ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Мулла Абдулло террорчи гуруҳлар орасида катта нуфузга эга бўлган ва кўп йиллар Афғонистон ҳудудида "Ал-Қоида" тармоғи тарафида туриб, жанг қилган.

Тожикистон Бош прокуротурасининг маълумотларига кўра, «Жамоат Ансаруллоҳ» Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансуб гуруҳдир.

Мулозимларга ишонилса, бу гуруҳни Ал Қоида молиялайди.

Бошқа бир хабарларда, “Жамоати Ансаруллоҳ” бундан ўн йилча аввал Покистоннинг Вазиристон минтақасида ташкил топгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ