‘Ироқ ва Суриядан қайтинг, афв этиласиз’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бундай даъват билан Тожикистон Ички ишлар вазирлиги чиққан: Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган тожикистонлик жангарилар ортга қайтишса, уларни афв этишга ваъда берган. Қайтишларига ҳам ўзлари кўмак беришларини билдирган.

Бу ҳақда куни-кеча Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг расмий веб саҳифасида чоп этилган билдиришномада айтилади.

Вазирликнинг бу каби баёноти Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига бевосита чегарадош Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи анчайин фаоллашишга муваффақ бўлаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, шу кунларда Афғонистоннинг Тожикистонга шундоқ қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида юзлаб толиблар билан бир сафда “Исломий Давлат” жангариларининг ҳам жанг қилишаётгани расман ўз тасдиғини топган.

Хабарлардан бу жангарилар аксариятининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эканликлари англашилганди.

Қундузлик расмийлар эса, “Исломий Давлат” жангарилари, бундан ташқари, толибларни ҳарбий таёргарликдан ўтказишаётгани, уларни янада йирикроқ ва замонавий жангларга ҳозирлашаётганини ҳам айтишганди.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қўшни Афғонистонда воқеаларнинг бу каби ривожи эҳтимолидан жиддий хавотир изҳор этиб келишаётган эса-да, “Исломий Давлат” таҳдиди чегараларига бу қадар яқинлашмаганди.

Устига устак, Қундуз Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётининг нишонига айланган илк вилоят бўлган, орадан қарийб икки ҳафта ўтаётган эса-да, минглаб афғон ҳарбийлари сонлари ўзларидан бир неча бор кам бўлган жангариларни даф этишни буткул уддасидан чиқа олишмаган.

"Исломий Давлат" аллақачон Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган. Фаоллик билан Афғонистон ва Покистондан ўзига янги жангарилар ёллаш ҳаракатида.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида уларнинг сони бир неча юзга етгани ва аксариятининг собиқ толиблардан иборат экани айтилади.

Ораларида тожикистонлик жангарилар ҳам озмунча бўлмаган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, ўтган йил охирида тўлиғича "Исломий Давлат"га байъат келтириб бўлган.

Бугун айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни қатор вилоятларида фаоллашишга муваффақ бўлишгани кузатилади.

Хавотир

Шундоқ биқинларида кечаётган қақшатқич жанглар Тожикистон томонини ҳам жиддий хавотирга солмай қўймаган, уларни Афғонистон билан ўзаро чегарани янада мустаҳкамлаш учун қатор қўшимча чора-тадбирларга қўл уришга ҳам ундаганди.

Ҳозирда Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара ҳудудида иккинчи ҳимоя чизиғи барпо этилган, мамлакатнинг бошқа минтақаларидан катта сондаги қўшимча ҳарбийлар ташланган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, лозим бўлса, ўз чегараларини ҳимояси учун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва бу ҳам кифоя қилмаса, 201-сонли Россия ҳарбий бўлинмасидан кўмак сўрашларини ҳам баён қилганди.

Бунинг ортидан, жаноб Раҳмон куни-кеча Москвада бўлиб ўтган норасмий саммит чоғида МДҲга аъзо давлатлар вакилларини жанубий чегараларини мустаҳкамлаш учун шошилинч чоралар кўришга ҳам ундаганди.

Сўнгги билдиришномалари манзарасида Тожикистон Ички ишлар вазири жанубий Кулоб шаҳрида бўлиб ўтган махсус семинар чоғида четда жанг қилаётган фуқароларининг сонларига оид янги маълумотларни ҳам ошкор қилган.

Вазир Рамазон Раҳимзода келтириб ўтган рақамларга таянилса, ҳозирга келиб уларнинг сони 386 кишига етган.

Аммо вазир жаноблари уларнинг сирасига Сурия ва Ироқдан ташқари, Покистон ва Афғонистонда ҳам жанг қилаётган фуқаролари киришини билдирган.

Шу пайтгача Тожикистондаги қолган хавфсизлик тизимлари томонидан уларнинг сони 200-300 атрофида экани айтиб келинарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тожикистон Ички ишлар вазири, ўз ўрнида, жангариликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан 150 та жиноий иш очилганини ҳам маълум қилган.

Сурия ва Ироқда ҳалок бўлган фуқароларининг сони 50 нафар эканини ҳам қўшимча қилган.

Шу кунларда Тожикистоннинг қатор етакчи интернет нашрларида Ички ишлар вазирлиги махсус тезкор бўлинмаси(ОМОН) раҳбари полковник Гулмурод Ҳалимовнинг яна 10 киши билан бирга “Исломий Давлат”га қўшилиш истагида Москвага йўл солганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Аммо бу каби хабарлар, ҳалича, расман ўз тасдиғини топгани йўқ.

Бошқа томондан, улар рост бўлса, полковник Гулмурод Ҳалимов Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” сафларига қўшилган энг юқори мартабали Тожикистон фуқароси бўлади.

Сурия ва Ироқда жанг қилаётган тожикистонликлар орасида собиқ меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил қилиши, уларнинг гуруҳ сафларига Россиядан ёлланганликлари айтилади.

Расмий афв

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Тожикистон четда жанг қилаётган фуқароларига расман афв таклиф қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлади.

“Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали тожикистонлик ёшларнинг йўлдан адашиб, Сурия, Ироқ ва яна бошқа давлатларда жанг қилишаётганидан хабар топди. Улардан айримлари ҳозир Туркиядалар ва ўз ихтиёрлари билан ортга қайтиш имкониятига эгалар. Биз уларга шуни билдиришни истардикки, бу каби инсонлар жиноий жавобгарликдан ҳам соқит этилишади”, - дейилади Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг расмий билдиришномасида.

Ушбу билдиришнома тафсилотларидан аён бўлишича, бунинг учун уларнинг олдига вазирлик томонидан бирор бир шарт қўйилмайди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўтган йил Тожикистоннинг шимолий Сўғд вилояти прокуратура идораси биринчилардан бўлиб бу каби ташаббус билан чиққан. Аммо улар эълон қилган афв Сўғд вилояти чегарасидан ташқарига чиқмаганди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг сўнгги билдиришномаси назарда тутилса, бу – илк бор масъуллар томонидан бутун мамлакат бўйлаб эълон қилинган биринчи авф бўлади.

Агар, Халқаро Инқироз гуруҳи яқинда эълон қилган маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган марказий осиёликларнинг сони икки мингдан-тўрт минг нафаргача бўлиши мумкин. Уларнинг орасида энг кўпини ўзбеклар ташкил этиши айтилади.

Яқинда олинган хабарлардан маълум бўлишича, шу кунларда Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари ҳам “Исломий давлат”га қарши йирик тарғибот амалларини бошлашган.

Шахсан президент Каримовнинг ташаббуси деб аталаётган бу кампанияга диний уламолар, журналистлар ва қўшиқчилар ҳам қўшилишган.

Мамлакат диний уламолари ҳам бу хавф-хатардан жамоатчиликни огоҳ этишга даъват қилинган.

Қирғизистон эса, ўз ҳудудида "Исломий Давлат" гуруҳининг фаолиятини расман тақиқланган минтақадаги биринчи давлат бўлганди.

Гуруҳ Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси идораси томонидан экстремистик ва террорчи, дея эълон қилинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ