Қозоғистон: Одамлар ўз пулларига Сталинни ‘жойига қайтаришди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳодиса Қозоғистоннинг жанубий Эски Иқон қишлоғида юз берган.

Кетажак сарф-харажатларга қишлоқнинг ўзига тўқ одамлари туриб беришган.

Қолганларининг “ҳа”-“ҳу”си билан Сталиннинг ўтган йилги қуюнлардан жиддий зиён кўрган ҳайкал яна қишлоқ узра қад ростлаган.

Орадан шунча йил ўтиб ҳам, Эски Иқон қишлоғида Сталиннинг машҳур экани айтилади.

Яъни, 30-йиллардаги очарчилик ва қатағонлар ҳам қишлоқ одамларининг Сталинга бўлган меҳрларини сўндира олмаган.

Устига устак, Сталиннинг қишлоқда яна оёққа қайтган 60 йиллик ҳайкали Қозоғистонда “омон қолган” сўнггиси экан.

Хабарларга кўра, ҳозир бутун Қозоғистонни қидирсангиз ҳам, Сталиннинг бошқа одамбўйи ҳайкалига ҳеч бир ерда тўқнаш келмайсиз.

Қозоғистондаги айрим интернет нашрларининг хабар беришларича, орада шўравийлар ҳам, маҳаллий қозоқ масъулларининг ўзлари ҳам ҳайкалдан “қутулмоқчи” бўлишган.

Шундай ҳаракатлардан бири 1956 йилда, Никита Хрушчев бошқаруви даврида юз берган.

Хабарларга кўра, ҳайкални асраб қолиш учун аксарият қишлоқликлар бир ёқадан бош чиқаришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жумладан, уруш фахрийси Бобожон Нишонбоев ҳам уларнинг орасида бўлган.

“Биз фашистларга қарши, “Ватан учун”, “Сталин учун”, деб курашганмиз. Улар эса, Сталиннинг ҳайкалини бузмоқчи бўлишганди”. “Фақат ўлигимиз устидан бу ишни қиласан, дедик. Қаттиқ турдик ва ҳайкални асраб қолдик”, - деб айтган Бобожон ота ‘Otyrar.kz” веб саҳифасига берган суҳбатида.

1954 йилда отаси Сталин ҳайкали пойдеворини қўйишда иштирок этган Мурат Йўлдошев эса, мустақиллик йилларида ўзларининг бошларига ҳам шундай кун тушганлигини айтади.

Унга кўра, ҳайкални ёмон ниятли одамлардан қўриш учун бутунбошли сатҳни сотиб олишларига тўғри келган.

Аммо уларнинг шунча саъй-ҳаракатларини йўқ ердан келган қуюнлар чиппакка чиқарган-қўйган.

Мурат Йўлдошевнинг айтишича, маҳаллий масъуллар шундан сўнг Сталиннинг ҳайкалини таъмирлашга жазб кўрсатишмаган.

Буни кўриб, қишлоқликларнинг ўзлари пул йиғмоқчи бўлишган, ижтимоий мулоқот тармоқлари орқали кўмак сўрашган.

Тижоратчилар қурилиш маҳсулотлари ва ҳайкалтарошларнинг ҳаққини тўлашган. Маҳаллий аҳоли таглиги учун туриб берган. Бир оқсоқол эса, ерини дариғ тутмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, ижтимоий мулоқот тармоқларида қолдирилган изоҳларига қаралса, қишлоқ аҳолисининг бу каби жонбозлиги ҳамма томонидан ҳам хуш қаршиланмаган.

Аммо, шунда ҳам, Мурат Йўлдошевнинг бу масалага қараши анчайин фалсафий.

Мулозимлардан бири даври қачонлардир ўтиб бўлганини айтиб, нега ҳануз Сталин учун “ёниб-куйиб” юришини сўраркан, у кишининг жавоби умуман кутилмаган бўлган.

Агар, веб саҳифа келтирган иқтибосига таянилса, Марат Йўлдошев ўзини саволга тутган мулозимга, “Бу ҳайкалнинг қад ростлашида отамнинг ҳам ҳиссаси бўлган. Турсин, уни отиб юбориш бизнинг ишимиз эмас. Бир кун биз ҳам бу дунёдан ўтамиз. Шундай экан, қарорни фарзандларимиз беришсин”, - деб жавоб берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ