Сунъий йўлдош антенналаридан ким ва нима учун хавотирда?

Хабарларга кўра, туркманистонлик масъуллар одамларнинг шахсий сунъий йўлдош антенналарини йўқ қилишга қаратилган амалиётларини кенгайтиришган.

“Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти эса, мазкур вазиятдан хавотирда.

Халқаро ташкилотга кўра, ҳозирга келиб, Туркманистонда, ҳатто, одамларнинг кўзидан панада бўлган сунъий йўлдош антенналари ҳам масъуллар томонидан йиғиштириб олинмоқда.

Шу йилнинг март ойида пойтахт Ашхободнинг марказий кўчасида истиқомат қилувчи аҳолининг бошига худди шундай кун тушган, улар уйларининг томларидан ўз сунъий йўлдош антенналарини олиб ташлашга мажбур қилинганди.

Бу буйруқнинг сабаби масъуллар томонидан шаҳар қиёфасини яхшилаш мақсади билан изоҳланганди.

“Хьюман Райтс Вотч”га кўра, туркманистонлик масъулларнинг шаҳар ташқарисида ҳам худди шу каби чора-тадбирларга қўл уришаётгани бошқача хулосаларга етаклайди.

Халқаро ташкилот наздида, бу – одамларнинг мустақил ахборот манбасига бўлган имкониятларини чеклашга қаратилган уринишга ўхшайди.

Туркманистонлик масъулларнинг бу йўлда олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатлари эса, одамларнинг сўз эркинлиги ва маълумот олиш ҳуқуқларининг поймол этилишини англатади, дейди “Хьюман Райтс Вотч”.

Халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотига кўра, “бу каби маънисиз амалиётга зудлик билан чек қўйилиши лозим”.

Уларнинг бу хусусдаги баёноти тафсилотларидан маълум бўлишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари худди шу мақсадда Аннау, Ободон, Гўктепа, пойтахт Ашхобод сарҳадлари ва Туркманистоннинг жанубий Мари шаҳарларида бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Айрим ҳолларда милиция ҳамроҳлигида бўлган маҳаллий масъуллар эса, аҳолига давлат телевизион каналларидан фойдаланишни “тавсия” қилишган.

Сунъий йўлдош антенналари барибир олиб ташланиши билан огоҳлантиришган.

Бу ишни ўз ихтиёрлари билан қилишлари учун уларга бир ой муҳлат беришган.

Акс-ҳолда 400-500 манат миқдорида жарима тортилишлари билан пўписа қилишган.

Берилган муҳлат якунига етиши ортидан, “омон қолган” сунъий йўлдош антенналарини вайрон қилишга тушишган.

Халқаро ташкилотнинг маълумотларига кўра, шу йилнинг 15 май куни пойтахт Ашхободдаги турар-жой биноларидан бирининг яшовчилари бир гуруҳ номаълум шахсларга гувоҳ бўлишган.

Улар ҳеч кимга ўзларини таништирмасдан, кран ёрдамида уйларнинг томидан одамларнинг сунъий йўлдош антенналарини олиб ташлашга ҳаракат қилишган.

Ўз ниятлари ҳақида маҳаллий аҳолини олдиндан огоҳлантиришмаган.

Яшовчилардан айримлари эса, юз берган воқеадан, ҳатто, буткул бехабар қолишган.

Фақат сигнал йўқолгач, текшириш учун уйларининг томига чиққач, ўз сунъий йўлдош антенналарининг олиб ташланганидан хабар топишган, холос.

“Сунъий йўлдош антенналари Туркманистон халқининг ташқи дунёдан иҳоталаниб қолишининг олдини олиш учун муҳим восита. Шу боис ҳам, Туркманистоннинг энг яқин халқаро ҳамкорлари сўз ва маълумот олиш эркинлигига қарши бу каби ҳужумлар юзасидан ўзларининг жиддий хавотирларини изҳор этишлари лозим”, - дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ