HRW: Оврўпо Иттифоқи Озарбайжонга босим ўтказиши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Алиевга босимлар таъсир қиладими?

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch га кўра, Оврўпо раҳбарлари “Шарқий ҳамкорлар” деб номланган юқори даражали бугунги йиғиндан Озарбайжон ҳукуматига сиёсий важлар асосидаги айбловлар билан қамалганларни ҳеч бир шартларсиз қўйиб юборишни талабини қўйишда фойдаланиши лозим.

Озарбайжон ўнлаб журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва бошқа ҳукумат танқидчиларини ҳибс қилган.

Оврўпо Иттифоқига аъзо 28 давлат расмийлари ва раҳбарлар Латвия пойтахти Ригада тўпланишмоқда.

21-22 май кунлари ОИнинг шарқий ҳамкорлари билан ўтадиган олиймақом анжуманида қатор қўшни давлатлар расмийлари, жумладан, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Элмар Маммадиёров ҳам иштирок этади.

Озарбайжон 12 июндан 28 июнгача илк Оврўпо Ўйинларига мезбонлик қилади. Рига саммити эса, икки томон ўртасида бунгача кечадиган охирги олий даражали йиғиндир.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилотининг айтишича, бу Озарбайжонга босим ўтказиш учун қулай имкониятдир. Ташкилотга кўра, ОИ Озарбайжондан ўз танқидчиларига тазйиқ ўтказишни тўхтатишни ва қамоқдагиларни чиқариб юборишни сўраши лозим.

“Оврўпо Иттифоқи токи ҳукумат инсон ҳақларига оид ўз салбий амалларини тузатмагунга қадар Озарбайжон билан янада яқин ҳамкорлик саволдан ташқари эканини очиқлаши керак”, дейди ҲРУнинг Оврўпо бўйича махсус маслаҳатчиси Лотти Лейхт.

ОИ эса, саммитни Арманистон, Беларус, Гуржистон, Молдова ва Украина каби бошқа мамлакатлар билан ҳам “иккитомонлама, кўптомонлама ва соҳалараро ҳамкорлик йўлларини мубоҳаса қилиш” учун имконият сифатида таърифлайди.

ҲРУнинг айтишича, Озарбайжон таъқибларга чек қўйиб, сиёсий важлар билан қамалганларни қўйиб юбормаса, Оврўпо раҳбарлари Оврўпо Ўйинлари очилиш тадбирларига иштирок этмасликлари лозим.

ОИ Беларус ҳукуматига айни масалада қаттиқ талаблар қўйганди.

Оврўпо давлатлари қайта-қайта учинчи давлатлар билан муносабатларда инсон ҳақларини асосий ўринга қўйишга ваъдаси такрорлайди.

ОИ 2012 йил Инсон ҳақлари ва Демократия учун стратегик дастурни тасдиқлаган ва ташқи ишлар вазирлари Оврўпо давлатлари “бутун оғирлигини эркинлик, демократия ва инсон ҳуқуқи тарғиботига ташлаши”га сўз берган.

Шунингдек, улар 2014 йил июнида ҳуқуқ ҳимоячиларига “сиёсий ва моддий дастак” кучайтирилишини айтгандилар.

Рига саммитга Оврўпо Кенгаши Президенти Доналд Туск, Оврўпо Комиссияси раҳбари Жан Юнкер, ОИ олий вакили Федерика Могерини, Қўшни давлатлар билан сиёсат бўйича комиссари Йоханнес Хан ва Савдо масалалари бўйича масъул Сесилия Малстрем каби қатор расмийлар иштирок этадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ