‘Исломий Давлат’ Афғонистонда жадаллик билан фаоллашмоқда’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бундай хавотир билан илк бор Афғонистондаги Нато кучлари Бош қўмондони чиққан.

Генерал Жон Кэмпбеллга кўра, дунёдаги энг қудратли ва жангари бу гуруҳ ҳозир Афғонистонда фаоллик билан ўзига янги жангарилар ёлламоқда.

Унинг айтишича, бунга толибларнинг узоқ йиллик лидерлари Мулла Муҳаммад Умардан норозиликлари ва янги манбаларга қўл солиш илинжи сабаб бўлмоқда.

Аммо, Бош қўмондоннинг иддао этишича, бу каби жадал саъй-ҳаракатларига қарамай, “Исломий Давлат”, ҳозирча, Афғонистонда жангга киришиш салоҳиятига етганича йўқ.

Шунда ҳам, генерал Кэмпбеллга кўра, Афғонистондаги вазиятнинг Сурия ва Ироқдагиси каби тус олмаслиги учун "Исломий Давлат" фаолияти кенгайишининг олдини олишга ҳаракат қилишади.

Эслатиб ўтиш жоиз, генерал Жон Кэмпбеллнинг сўзлари “Исломий Давлат” гуруҳи Афғонистонда ўзининг илк ҳужумини уюштириш ва Тожикистонга бевосита қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида биринчи марта Толибон билан бир сафда жанг қилишга муваффақ бўлганига оид хабарлардан қисқа вақт ўтмай янграмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган ой шарқий Жалолобод вилоятида амалга оширилган ва ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган қонли худкушлик ҳужуми – “Исломий Давлат” Афғонистон тупроғида масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан биринчи ҳужум бўлганди.

Қундуздаги воқеълик эса, шу пайтгача бу икки гуруҳни бир-бирига ёвқараш мавқеъда билиб келган аксарият ҳарбий таҳлилчиларни ҳам шошириб қўйганди.

Воқеаларнинг бу каби ривожидан "Исломий Давлат"нинг толибларни янгича, замонавий ва йирик урушларга тайёрлаш истагида экани англашилганди.

Гуруҳ шу йил январ ойида Афғонистонда ҳам фаолият олиб боришини кўзлаб, Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган.

Ўзининг Яқин Шарқдаги исломий халифатини глобаллаштириб, Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи қадим Хуросонни қайта тиклаш ниятида.

Аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистоннинг маълум ҳудудлари эса, қадимда Хуросон, деб юритилган.

Афғонистонга эса, янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келган ўтган йил сентябр ойидан бошлаб сизиб киришга муваффақ бўла бошлаган.

Устига устак, "Исломий Давлат" гуруҳи катта сондаги Ғарб қўшинлари Афғонистонни тарк этган, президентлик сайлови билан боғлиқ ярим йиллик бўҳрон ва янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишдаги кечикишлар сабаб, Афғонистонда турли қуролли гуруҳлар қайта бош кўтарган бир манзарада минтақада фаоллашишга ҳаракат қилмоқда.

"Исломий Давлат" ва Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Исломий Давлат”нинг минтақадаги илк лидери ҳам Афғонистоннинг жанубий Ҳелманд вилоятилик собиқ Толибон қўмондони Абдул Рауф Хадим бўлган ва у сўнгроқ америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, "Исломий Давлат" минтақадаги янги тармоғининг раҳбари ҳам Покистон Толибон ҳаракатининг собиқ юқори мартабали қўмондони Ҳафиз Сайид Хон бўлади.

Бундан ташқари, "Исломий Давлат" шу пайтгача минтақада ёллашга муваффақ бўлган янги жангариларининг аксарияти ҳар икки ҳаракатга мансуб собиқ толиблардир.

Шу кунларда "Исломий Давлат" гуруҳи Афғонистоннинг барча бурчакларида ўз истеҳкомлари ва тайёргарлик жамлоқларини ташкил қилиш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам бор.

Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг махсус йиғинида ҳам “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистондаги ҳозирлиги юзасидан жиддий хавотирлар янграганди.

Халқаро ташкилотнинг махсус вакили, агар, “Исломий Давлат” Афғонистондаги жангариларини бир сафга жамлайдиган бўлса, воқеалар хавотирли тус олиши эҳтимолидан ҳам ташвиш билдирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Бу каби чиқишларга расман муносабат билдираркан, Афғонистон президенти идораси “Исломий Давлат”ни мавҳ этиш учун махсус чораларга қўл уриш режасида эканликлари ва гуруҳга қарши ўз курашларини давом этдиришларини билдирганди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, сўнгги ойларда бу каби хавотир билан чиқаётган бирор бир томон Афғонистондаги “Исломий Давлат” сафларига ёлланган жангариларнинг аниқ сони ҳақида бирор бир маълумот беришмаган. Аммо уларнинг сўзларидан улардан аксариятининг собиқ толиблар экани англашилади.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, ҳар икки Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси саналган ва сўнгги йилларда асосан Афғонистон шимолида қайта фаоллашишга муваффақ бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган йил охирида расман "Исломий Давлат" гуруҳига байъат келтирган.

Шу пайтгача минтақадаги аксарият йирик жангари гуруҳлар айнан Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтириб келишган.

Воқеаларнинг "Исломий Давлат" билан боғлиқ минтақадаги ўтган ярим йиллик ривожига Афғонистон Толибон ҳаракатининг лидери бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

"Исломий Давлат"нинг минтақадаги тармоғи воизи Шаҳидуллоҳ Шаҳид эса, яқинда бундан буёғига ҳам "Исломий Давлат" сафига қўшилиш истагидаги толиблар сони ортиб боришини баён қилганди.

"Исломий Давлат" ва минтақа

Бошқа томондан, айрим интернет нашрларида Афғонистонга бевосита қўшни Ўзбекистон "Исломий Давлат"нинг аллақачон Марказий Осиёда ҳам фаоллашишга улгурганидан ташвишда эканига оид мақолалар бўй кўрсатган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожидан минтақадаги барча давлат раҳбарлари жиддий хавотир изҳор этиб чиқишган, ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва турли хавфсизлик чораларини кўриш ҳаракатига тушиб қолишгани ҳам бор гап.

Сафларидаги жангариларининг сони 30.000 дан ошиши айтилувчи "Исломий Давлат" жорий пайтда дунёдаги энг қудратли жангари гуруҳ саналади.

Жорий пайтда Марказий Осиёликлари дохил бутун Жанубий Осиё давлатларидан Яқин Шарқда “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган фуқароларнинг сони минглаб экани айтилади.

Яқинда эълон қилинган расмий маълумотлар ўтган бир неча йилнинг ичида ўз йўлларини Сурия ва Ироққа солган марказий осиёликларнинг сони икки мингдан тўрт мингтагача эканига далолат қилганди.

Ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларга кўра, минтақадаги бу жангари гуруҳлар ўзларининг расман байъат келтириш қарорлари билан “Исломий Давлат”нинг обрўси, мавқеи, инсоний ва молиявий ресурсларидан фойдаланишмоқчи, қайта фаоллашишмоқчи.

Таҳлилчилар, ўз ўрнида, мавжуд вазиятни назарда тутиб, шу яқин келажакда минтақада жангари гуруҳларнинг янги глобал тармоғи вужудга келиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмайди.

Бошқа томондан, Афғонистон ўтган 14 йил бадалида ўн минглаб сондаги хорижий қўшинларнинг кўмаги билан ҳам ўз ҳудудидаги Толибон муаммосига барҳам бера олмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ