Президент Назарбоев: ‘Россияга қарши санкциялар ноқонуний’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон раҳбари бу ҳақда Россиянинг давлатга қарашли “Россия 24” телевизион каналига берган суҳбати чоғида баён қилган.

Нурсултон Назарбоевнинг иддао қилишича, яқинда Ғарб томонидан Россияга киритилган жазо чоралари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маъқулловини олмаган.

Қозоқ раҳбарига кўра, бир неча ойдан буён амалда бўлган санкциялар иқтисодга ҳам терс мазмунда ва Оврўосиё иттифоқининг тараққиёти йўлига ҳам ғов бўлади.

Қозоғистон президентининг бу каби сўзлари янграган суҳбатининг ўзи кеча сешанба куни кечқурун олиб узатилган.

Қолган минтақа давлатлари каби Россия Қозоғистоннинг ҳам йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади.

Қозоғистон, бундан ташқари, яқинда шахсан президент Владимир Путин ташаббускори бўлган Оврўосиё иттифоқига ҳам бош қўшган.

Аммо, президент Назарбоевнинг ўз суҳбатида эътироф этишича, яқин иқтисодий иттифоқчисига қарши киритилган жазо чоралари Қозоғистон учун икки томонлама: ҳам салбий ва ҳам ижобий таъсирга эга бўлган.

Қозоқ раҳбарига кўра, бир томондан, Ғарбнинг санкциялари таъсири остида Россия миллий пул бирлиги – рублнинг қадрсизланиши ўзларида нарх-навонинг ўйнашига олиб келган.

Бошқа тарафдан, Россияга аввалгидан кўра кўпроқ маҳсулот экспорт қилишларига йўл очган.

“Санкциялардан фақат Россия зиён чекаяпти, деб ўйламанг. Бу каби қарама-қарши жазо чораларидан Оврўподаги барчани ҳам мамнун, деб бўлмайди. Бизнес аҳли Россияда ўзлари ётирим киритиб, пул ишлашлари мумкин бўлган улкан бозорни йўқотди. Шундай экан, бу каби вазиятда ҳеч кимни ғолиб, деб атаб бўлмайди”, - деган жаноб Назарбоев ўзининг телевизион суҳбатида.

"Ечилмас муаммо йўқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчилар Россия рублининг қадрсизланиб, нефтнинг арзонлашиши Қозоғистон иқтисодини ҳам боши берк кўчага киритиб қўйгани ҳақида ёзишган.

Расмий Остона давлат бюджетини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлгани, Қозоғистонда иқтисодий ўсиш суръатларига оид башоратларнинг манфийлашгани ва танганинг қиймати ошиқча баҳолаб юборилган-юборилмаганига оид саволларни пайдо бўлгани бунга мисол эканини айтишганди.

Қозоғистон раҳбарига кўра, алал-оқибат ҳар қандай уруш музокаралар йўли билан якун топади. Шундай экан, мавжуд инқироз ҳам эртами-кечми, ўз поёнига етади.

Президент Назарбоев, худди шу ўринда, ечилмас муаммо йўқлиги, агар бу масалада ўзидан воситачилик қилиши сўралса, ҳеч иккиланмай бу ишга киришажагини ҳам баён қилган.

Унга кўра, муроса илинжида музокаралар столига ўтиришса, давлат раҳбарлари тил топишмасликларининг иложи йўқ.

“Ҳозир ҳам Россия ва ҳам Украина томони мавжуд муаммога барҳам бериб, боши берк кўчадан чиқиб кетишнинг айни палласига етишди. Оврўпо раҳбарлари ҳам худди шундай истакда. Бунинг учун вақт ҳам пишиб етилган”, - дея баён қилган Қозоғистон раҳбари.

Президент Нурсултон Назарбоев Россия телевизион канали билан суҳбати чоғида яна бир қудратли қўшниси Хитойнинг янги Ипак Йўли ғоясига ҳам тўхталиб ўтган.

Дунё уммонларига йўллари тўсилган мамлакати учун янги инфратузилмалар барпо этилишининг муҳимлигини урғулаган.

Бу йўлда Хитойни ўзларига иқтисодий, сиёсий ва ёки ҳарбий таҳдид сифатида кўрмасликларини ҳам қўшимча қилган.

Россия ва Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия рубли кескин қадрсизланишининг таъсири ўтган яқин ойлар ичида қолган Марказий Осиё давлатларида ҳам яхшигина сезилган.

Аллақачон Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодига жиддий зарба бериб улгурган.

Чунки аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импортга қарам.

Шу боис ҳам, Россия рубли ортидан маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлаган.

Бу эса, ўз навбатида, четдан келаётган кенг истеъмолдаги маҳсулотлар нархларининг қимматлашувига сабаб бўлмай қолмаган.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Украина инқирозида тутган ўрни учун расмий Кремлни “жазолаш”га қарор қилганди.

Россиянинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефт нархининг пасайиб кетиши эса, бу жараённи янада тезлашишига хизмат қилганди.

Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёнинг узоқ йилдан бери қудратни қўлдан бермай келаётган энг кекса иккита давлат раҳбаридан бири ҳисобланади.

У ўтган йил охирида Қозоғистон халқига кутилмаган мурожаат билан чиқиб, яқин истиқболда Қозоғистонни глобал синовлар кутаётгани билан ҳам огоҳлантирганди.

Қозоғистонни олдинда кутаётган иқтисодий қийинчиликларга тайёр туришга чақирганди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, жаҳон бозорида нефт нархларининг беқарорлиги ва Қозоғистоннинг йирик иқтисодий шериги бўлмиш Россиядаги иқтисодий инқироз қозоқ ҳукуматини жиддий ташвишга солмай қўймаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ