Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ижтимоий минбар: 'Одамлар эртага нима бўлишини билишмайди'

Ўзбекистонда АҚШ долларининг курси кескин кўтарилиб кетиши ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари "қора бозор" устидан назоратни кучайтирган.

Натижада, хусусан, пойтахт бозорларидан валютачиларнинг йўқолиб қолгани ва хорижий валюта айирбошлашнинг қийинлашгани айтилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, доллар нархини туширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон вино-ароқ саноатига тегишли 20 дан ортиқ корхоналарда текширувлар бошланган.

Куч тизимлари ўтказган амалиётларнинг самараси ўлароқ, сўнгги бир ой мобайнида 20 фоизга қимматлаган АҚШ доллари ўтган дам олиш кунлари қора бозорда яна 15 фоиз қийматини йўқотган.

Аммо 4000 сўмгача тушиб кетган долларнинг охирги кунларда яна кўтарилишни бошлагани ва чоршанба куни 4400-4500 сўмга сотилаётгани айтилмоқда.

Шу тариқа бу сафар ҳам Ўзбекистондаги валюта бозорига биринчи бўлиб Марказий Банк эмас, балки куч тизимлари мудохала қилди.

Марказий Банк эса, валюта айирбошлашга чекловлар жорий этилгани ҳақидаги хабарларни зўр бериб рад этиш билан овора бўлди.

МБнинг Россия телеканалларидан айни хабар учун раддия талаби ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг танқид ва кинояларига сабаб бўлган.

Кузатувчилар ўтмишда бўлгани каби, бу сафар ҳам куч тизимларининг аралашуви вақтинчалик натижа бериши, узоқ муддатда ҳукумат жиддий молиявий-иқтисодий ислоҳотларга қўл урмаса, сўмни бутунлай барбод бўлишдан асраб қолиш имконсиз эканини айтишмоқда.

Сўнгги йилларда меҳнат муҳожирлари уйларига жўнатган миллиардлаб доллар маблағлар миллий валюта қурбини ушлаб тургани айтилади.

Аммо Россиядаги инқироз боис бу пул-маблағлар миқдори, айрим ҳисоб-китобларга кўра, 40 фоизга тушиб кетган.

Жаҳон Банки ва БМТ Россиядаги иқтисодий инқироз пост-совет ҳудудидаги давлатларда иқтисодий ўсишнинг секинлашувига олиб келишини айтган.

Айрим фаразларга кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга сафаридан асосий мақсад ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига сармоялар жалб этишдир.

Сеулга ташрифи чоғида жаноб Каримов Ўзбекистоннинг иккинчи йирик сармоядори бўлган Жанубий Корея ишбилармонларини Ўзбекистонга пул олиб кириш манфаатли эканига ишонтиришга уринади.

Аммо тошкентлик тадбиркор ва мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, мамлакатда эркин конвертациянинг йўқлиги ва қора бозордаги доллар курсининг бир кўтарилиб, бир тушаётгани нафақат хорижий, балки маҳаллий тадбиркорлар ва оддий аҳолини ҳам саросимага солиб қўйган.

Facebook даги BBCO'zbek cаҳифасида қолдирилган шарҳлар:

Bakhrom Akramov: Япония дунёнинг иккинчи экономикаси була туриб доим узининг валютасини кадрсизланиши учун курашади.

Image caption "Ўн минг, Йигирма беш минг, Эллик минг сўмлик пулларни чиқариш кутилмаяптимикан?.."

Asli Cicek: Ўзбекистоннинг экономикаси чўкиб кетаяпти-ку...

Rahmatilla Ram: Ҳаётимиз долларга боғлиқ бўп қолди.

Jahongir Fayzullayev: Доллар нефтни нархи тушса кўтарилса, рубл нефт нархи кўтарилса ошса, сўм нима бўлса кўтарилиб тушаверади...

Ihtiyor Ismailov: Хозир хаммага кийин хеч бир давлат мазза килиб яшаётгани йук.

Нодир Ғофуров: Бугунги курсни ким аниқ билади?..

Dilya Dilya: Тинчлик бўлсин доим, пул топилади, қадри бўлсаям, бўлмасаям...

Utkir Sadikov: Ўн минг, Йигирма беш минг, Эллик минг сўмлик чиқариш кутилмаяптимикан?..

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio