Тожикистон ‘Исломий Давлат’ни террорчи ташкилот деб эълон қилди

Олий маҳкамасининг айни мазмундаги қарори ортидан, Тожикистон Россия ва Қирғизистон ортидан, дунёдаги энг қудратли ва жангари бу гуруҳни “террорчи”, деб эълон қилган учинчи собиқ Шўро давлати бўлди.

Хабарларга кўра, Тожикистон Бош прокуратура идорасининг сўрови ортидан, мамлакат Олий маҳкамаси бу каби қарорга келган.

Минтақадан олинган хабарларга таянилса, қарор Тожикистон Олий маҳкамаси томонидан шу ой бошида берилган ва унинг нега фақат орадан бир неча ҳафта ўтиб расман эълон қилинаётгани сабаблари маълум эмас.

Аммо сўнгги янгилик Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги полковнигининг Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига қўшилганини эълон қилишидан кун ўтиб маҳаллий интернет нашрларида бўй кўрсатган.

Бу ҳақда махсус милиция отряди – ОМОН қўмондони Гулмурод Ҳалимов турли ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеороликда маълум қилганди.

Сурияда тасвирга олингани тахмин этилаётган ушбу роликда тожикистонлик милиция полковниги намоз ўқиш ва исломий либосда юришга рухсат бермаётган тожик ҳукуматининг амалларига норозилик белгиси сифатида жиҳодчилар сафига қўшилганини айтганди.

Айрим маҳаллий журналистларга кўра, Тожикистон Олий маҳкамасининг қарори расман эълон қилиниши ортиданоқ, Гулмурод Ҳалимовнинг видеоролиги мамлакатдаги барча веб-сайтлардан йиғиштириб олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи YOU TUBE

Полковник Гулмурод Ҳалимов Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” сафларига қўшилган энг юқори мартабали Тожикистон фуқароси бўлганди.

Аммо Сурия ва Ироқда жанг қилаётган тожикистонликлар орасида собиқ меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил қилиши, уларнинг гуруҳ сафларига Россиядан ёлланганликлари айтилади.

Тожикистон ва "Исломий Давлат"

Шу ой бошида Тожикистон Ички ишлар вазири Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган фуқароларининг сонига оид янги баёнотлар билан чиққан, уларнинг сони уч юздан ортишини маълум қилганди.

Бунинг ортидан, вазирлик Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган тожикистонлик жангарилар ортга қайтишса, уларни афв этишга ваъда берган. Қайтишларига ҳам ўзлари кўмак беришларини ҳам баён қилганди.

Тожикистон Ички ишлар вазири, ўз ўрнида, жангариликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан 150 та жиноий иш очилганини ҳам маълум қилган.

Сурия ва Ироқда ҳалок бўлган фуқароларининг сони 50 нафар эканини ҳам қўшимча қилганди.

Тожикистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига бевосита чегарадош Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи анчайин фаоллашишга муваффақ бўлаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, шу кунларда Афғонистоннинг Тожикистонга шундоқ қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида юзлаб толиблар билан бир сафда “Исломий Давлат” жангариларининг ҳам жанг қилишаётгани расман ўз тасдиғини топган.

Хабарлардан бу жангарилар аксариятининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эканликлари англашилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Қундузлик расмийлар эса, “Исломий Давлат” жангарилари, бундан ташқари, толибларни ҳарбий таёргарликдан ўтказишаётгани, уларни янада йирикроқ ва замонавий жангларга ҳозирлашаётганини ҳам айтишганди.

Марказий Осиё ва "Исломий Давлат"

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қўшни Афғонистонда воқеаларнинг бу каби ривожи эҳтимолидан жиддий хавотир изҳор этиб келишаётган эса-да, “Исломий Давлат” таҳдиди чегараларига бу қадар яқинлашмаганди.

"Исломий Давлат" аллақачон Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган. Фаоллик билан Афғонистон ва Покистондан ўзига янги жангарилар ёллаш ҳаракатида.

Ораларида тожикистонлик жангарилар ҳам озмунча бўлмаган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, ўтган йил охирида тўлиғича "Исломий Давлат"га байъат келтириб бўлган.

Бугун айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни қатор вилоятларида фаоллашишга муваффақ бўлишгани кузатилади.

Агар, Халқаро Инқироз гуруҳи яқинда эълон қилган маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган марказий осиёликларнинг сони икки мингдан-тўрт минг нафаргача бўлиши мумкин. Уларнинг орасида энг кўпини ўзбеклар ташкил этиши айтилади.

Яқинда олинган хабарлардан маълум бўлишича, шу кунларда Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари ҳам “Исломий давлат”га қарши йирик тарғибот амалларини бошлашган.

Шахсан президент Каримовнинг ташаббуси деб аталаётган бу кампанияга диний уламолар, журналистлар ва қўшиқчилар ҳам қўшилишган.

Мамлакат диний уламолари ҳам бу хавф-хатардан жамоатчиликни огоҳ этишга даъват қилинган.

Қирғизистон эса, ўз ҳудудида "Исломий Давлат" гуруҳининг фаолиятини расман тақиқланган минтақадаги биринчи давлат бўлганди.

Гуруҳ Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси идораси томонидан экстремистик ва террорчи, дея эълон қилинганди.

Бу уч давлатдан ташқари “Исломий Давлат” Оврўпо Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Индонезия, Малайзия, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон каби қатор давлатлар томонидан “террорчи ташкилот”, деб эълон қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ