Тожикистонлик собиқ полковник Интерполга берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи YOU TUBE
Image caption Апрел ойи бедарак кетган Гулмурод Ҳалимов ўтган ҳафта "Исломий Давлат" жиҳодчи гуруҳи сафларига қўшилганини эълон қилди

Тожикистон ҳукумати Ички ишлар вазирлиги махсус милиция отряди - ОМОНнинг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимовни Интерпол халқаро қидирувига берган.

Бу ҳақдаги расмий маълумот халқаро полиция ташкилоти - Интерполнинг вебсаҳифасида эълон қилинган.

Шу йилнинг апрел ойида бедарак кетган Гулмурод Ҳалимов ўтган ҳафта "Исломий Давлат" жиҳодчи гуруҳи сафига қўшилганини эълон қилганди.

Интернет орқали тарқалган видеода Ҳалимов ўз қарорини намоз ўқиш ва исломий кийимда юришга рухсат бермаётган тожик ҳукуматининг амалларига норозилик сифатида изоҳлаганди.

Сурияда тасвирга олингани тахмин этилган видеода у Тожикистондаги тузум хизматчилари ва тожик меҳнат муҳожирларини "Исломий Давлат" гуруҳи сафига қўшилишга ундаган.

40 ёшли Гулмурод Ҳалимов ӯтган йили Тожикистон Ички ишлар вазирлиги буйруғига кӯра, полковник рутбасини олган.

Уч йил олдин у Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус вазифаларни бажарувчи отрядига қўмондон қилиб тайинланганди.

Бундан ташқари, Ҳалимов ўз фаолияти давомида Россия ва АҚШда махсус ташкил қилинган ҳарбий тайёргарликлардан ҳам ўтган.

Аввалроқ, Қўшма Штатлар Давлат департаменти матбуот котиби Си-эн-эн билан интервюсида Гулмурод Ҳалимов аксилтеррор амалиётлар бўйича машғулотларни ўташ учун Америкага бир неча марта борганини тасдиқлаган.

Собиқ полковник Ҳалимов Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" сафига қўшилганини эълон қилиши ортидан Тожикистон Олий маҳкамаси ушбу жангари гуруҳни "террорчи", деб эълон қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ