Қирғизистон жанубида хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Image caption 2010 йил июнидаги этник зўравонликларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган

Қирғизистон жанубида юзлаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган этник тўқнашувларнинг 5 йиллиги арафасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Интерфакс агентлигининг Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, вилоят милицияси кучайтирилган тартибга ўтказилган.

Расмийларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва фаоллар аҳоли орасида турли миш-миш ва иғвогарликларга учмаслик борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Этник тўқнашувларга саҳна бўлган Ўшда ҳам расмийлар эҳтимолий беқарорликларнинг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилаётганини тасдиқлашган, айни пайтда хавотирга ўрин йўқлигини айтганлар.

Бундан беш йил муқаддам Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлар натижасида юзлаб инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишганди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг 10-13 июн кунлари юз берган зўравонликларни "қирғин" ва "погромлар" дея тасвирлашган.

Финляндиялик дипломат Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия "Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган "муайян ҳужумларни, агар маҳкамада тасдиғини топса, инсониятга қарши жиноятлар сирасига киритиш мумкин"лигини айтган.

Халқаро ҳисоботда айтилишича, Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган зўравонликлар чоғида 470 га яқин инсон қурбон бўлган ва яна минглаб одамлар яраланган.

Қирғизистон ҳукумати зўравонликларда собиқ Президент Қурманбек Бакиев ва Ўзбек жамоаси раҳбарларини айблаган.

Қирғиз томони ўзбекларга қарши "қирғин" содир этилганини рад этади ва зўравонликларда ҳар икки томондан қурбонлар бўлганини таъкидлаб келади.

Аммо маҳаллий ва халқаро инсон ҳақлари гуруҳларининг айтишларича, зўравонликлардан энг кўп жабр чекканлар ҳам, ҳодисаларда айбланиб, жазога тортилганлар ҳам ўзбеклардир.

Қирғизистон парламенти халқаро комиссия ҳисоботини рад этган ва Киммо Килюненнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйган.

Қирғизистондаги қатор ўзбек раҳбар ва фаоллари ватанларида умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганлар.

Орадан беш йил ўтиб, Қирғизистондаги ўзбеклар ҳануз ўзларининг камситилаётганликлари ва қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан шикоят қилишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio