Шойгу: 'Минтақадаги хавфсизлик Россия ва Тожикистонга боғлиқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шойгу: 'Марказий Осиёдаги хавфсизлик кўп жиҳатдан Россия ва Тожикистон қуролли кучларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатларига боғлиқ'

МДҲнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Душанбеда тожик-афғон чегарасидан жангариларнинг сизиб киришига қарши тезкор чораларни муҳокама қилишган.

Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзонинг айтишича, ҳозирда Афғонистонда вазият кескинлашишда давом этмоқда.

"Буларнинг ҳаммаси КХШТ га аъзо давлатларнинг сарҳадлари яқинида юз бермоқда. Бу эса минтақавий хавфсизликка таъсир кўрсатади",- деб айтган тожик мулозими.

Анжуманда иштирок этган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Марказий Осиёдаги хавфсизлик кўп жиҳатдан Россия ва Тожикистон қуролли кучларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатларига боғлиқ эканини таъкидлаган.

"Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши билан бизнинг қуролли кучларимиз воқеаларнинг энг ёмон ривожига ҳам тайёр туришлари керак", - деган жаноб Шойгу тожик ҳамкасби билан учрашув чоғида.

Ўтган ой Тожикистонда КХШТнинг йирик ҳарбий машқлари бўлиб ўтган.

Афғонистон расмийларига кўра, Афғонистоннинг шимолий Бадахшон минтақасида "Толибон" билан бирга "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ва бошқа жиҳодий гуруҳлар амал қилмоқда.

Бадахшоннинг бир қисмини ҳозирда аксилҳукумат кучлари назорат қилмоқда.

Бундан ташқари, афғон махсус хизматлари мамлакат шимолида "Исломий Давлат" гуруҳининг бўлинмалари пайдо бўлаётганини айтишган.

Тожикистоннинг Афғонистон билан 1350 километрлик чегарасининг катта қисми қўриқлаш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтади.

Image caption Президент Каримов КХШТни 'самарасиз' дея танқид қилган

2013 йилда КХШТ тожик чегарачиларига техник ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилган, аммо Тожикистон шу йил апрелида ёрдамнинг етарли эмаслигини айтиб, чегара нуқталарини мустаҳкамлаш учун қурол-яроғ ва махсус ҳарбий техника сўраган.

Душанбедаги анжуманда айтилишича, афғон чегарасидан қуролли ҳужум юз бергани тақдирда минтақага КХШТнинг тезкор кучлари ташланади, шунингдек, Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси кучлари жалб этилади.

База пойтахт Душанбе, Қўрғонтепа ва Кўлобда ўз гарнизонларига эга.

'Самарасиз ташкилот'

Душанбедаги анжуманда айтилишича, Афғонистон шимолидаги қуролли гуруҳлар ўзбек-афғон чегарасига яқинлашиб қолган.

Аммо жангариларнинг ҳужуми юз бергани тақдирда Россия ва бошқа аъзо давлатлар КХШТдаги аъзолигини тўхтатган Ўзбекистон билан ҳарбий ҳаракатларни қандай мувофиқлаштиришлари номаълум.

Россиялик ҳарбий эксперт Александр Гольцнинг Би-би-сига айтишича, постсовет ҳудудида Ўзбекистоннинг иштирокисиз самарали хавфсизлик тизимини яратиш имконсиз.

"КХШТга Тошкентда асос солингани бежиз эмас. Ўзбекистон минтақанинг энг кўп сонли, йирик армияга эга ва геосиёсий жиҳатдан энг муҳим давлати. КХШТ асли Марказий Осиё учун тузилган бир ташкилот. Унда Беларуснинг иштироки рамзий холос. Шундай экан, Ўзбекистонсиз КХШТнинг ҳарбий ҳаракатларни қандай мувофиқлаштириши тушунарсиз", дейди Александр Гольц.

Ўтмишда Президент Каримов КХШТни самарасиз ишлаётган тузилма сифатида танқид қилган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиб турган 2010 йилда КХШТнинг Тезкор коллектив кучлари тузилишига фаол қаршилик қилган.

Таҳлилчилар Тошкент бошқа соҳаларда бўлгани каби ҳарбий соҳада ҳам Москва билан тўғридан-тўғри алоқаларни афзал кўришини айтишади.

Ўзбекистон 2012 йилда иккинчи марта КХШТ даги аъзолигини тўхтатиши ортидан Россия билан ҳарбий ҳамкорликка доир қатор икки томонлама келишувларни имзолаган.

Президент Каримов сўнгги чиқишларида Ўзбекистон ҳарбий блокларга қўшилмаслигини таъкидлаган.

Аммо россиялик ҳарбий таҳлилчилар НАТО аъзоси бўлган Олмониянинг Термездаги ҳарбий базаси жангариларнинг эҳтимолий ҳужумига қарши ҳамма вақт ишга солиниши мумкинлигини айтишади.

Президент Каримов ўз чиқишларида Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашишидан хавотир билдирган, аммо жангариларнинг сизиб киришига қарши аниқ ҳарбий ҳаракатлар ҳақида гапирмаган.

Минтақада энг йирик армияга эга бўлган Ўзбекистон сўнгги пайтларда Афғонистон билан чегарани янада мустаҳкамлаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Айни пайтда Душанбедаги мудофаа вазирларининг учрашувини эътиборсиз қолдирган Тошкент Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тожикистон пойтахтида бошланаётган анжуманига ўзининг ички ишлар вазирини юборган.

Генерал-лейтенант Адҳам Аҳмадбоев охирги 17 йил мобайнида Тожикистонга сафар қилган Ўзбекистоннинг биринчи Ички ишлар вазири бўлган.

"Исломий Давлат" таҳдиди Душанбедаги ШҲТ Ички ишлар вазирлари учрашуви кун тартибидаги асосий масалалардан бўлиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта интернетда Тожикистон ИИВсининг юқори мартабали зобити, полковник Гулмурод Ҳалимовнинг ИД сафларига қўшилганини эълон қилган видеоси пайдо бўлган.

Тожик расмийлари собиқ полковник ватанга хиёнатда айбланаётганини айтиб, унинг халқаро қилдирувга берилганини маълум қилишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio