‘Ўзбеклар ҳақ-ҳимоясиз яшашини англади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Ўшдаги намозхонлар бошида ҳам ўзбек, ҳам қирғиз дўпписи...

Иззатилла Раҳматуллаев. Инсон ҳуқуқлари фаоли. Ўш:

Бугун юртимизда анча тинчлик ва ҳукумат ўзбекларни ҳам ҳимоя қилмоқда. Бу - катта неъмат.

Аммо 2010 йилги қирғин ўзбеклар ва, умуман, миллий озчиликларнинг ҳимоясизлигини кўрсатиб қўйди. Улар ўзларининг ҳуқуқсизлигини англашди. Беш йил олдинги қирғин пайти ўзбекларни ҳимоя қиладиган бирон-бир куч бўлмади. Ўзбеклар уларни истаган пайтда жабрлашлари мумкинлигига яна бир бор иқрор бўлдилар.

1990 йилги хунрезликда одамлар "ҳартугул, СССР бор, Москва бор, бизни келиб ҳимоя қилади" дейишганди. Лекин 2010 йили токи ҳужумчилар ўзлари тўхтамагунча, ҳеч ким зўравонликни тўхтатмади.

Аммо Қирғиз зиёлилари бу биродаркушликни кескин қоралашди ва зўравонликни тўхтатишга кўп ҳаракат қилишди. Ўзбекларни қутқарган қирғизлар бўлди, қирғизларни қутқарган ўзбеклар бўлди.

Ўша воқеалардан кейин ҳам ўзбекларнинг ҳолидан хабар олган, уларга ёрдам кўрсатган қирғиз дўстларимиз бор эди.

Бу низо ҳам ўзбек, ҳам қирғизнинг ҳаётида катта ўзгариш ясади.

Афсус, бугунги кунгача бу ўзгаришларнинг ижобий томонини кўрмаяпман.

Азиза Абдирасулова. Ҳуқуқбон. Бишкек:

Ўзбеклар энди ҳимоясизликка рози бўлиб яшашлари кераклигини англашди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи c
Image caption Азиза Абдирасуловага кўра, миллий камситиш учун жазони кучайтириш керак эди.

Бугун ўзбеклар кўпинча ҳеч қаерга шикоят қилиб боришмайди.

Бўлмаса, ҳамон уларнинг мулкларини тортиб олиш, ушлаб кетиш ва калтаклаш ҳоллари учрайди. Ўзбекларга қарашли ишлаб чиқариш корхоналари, савдо нуқталари, уй-жойлар ҳамон тортиб олинаётган ҳолатлар бор.

Улар ўзлари ишонган фаолларга чиқишади. Масалан, менинг олдимга келишади. Давлат органлари эса бу воқеалар ошкор бўлишини исташмайди.

Мана яқинда Бозорқўрғонда шундай воқеа бўлди. Ўзбекни уришган ва "сен қирғиз эмассан, сизларни ҳеч ким ҳимоя қилмайди, бу мамлакатдан чиқиб кетганинг яхши, керак бўлса, қирғиз тўдалари бошингга келади" каби таҳдидларни қилишган.

Қирғизлар ўзларини хўжайин ҳис қилиб, мамлакатнинг эгасимиз, деган фикрга бориб қолишди. Бу эса ёмон ҳолат.

Мен жанубга сафарларим чоғида бир воқеликка дуч келдим: На Ўшда, на Жалолободда ўзбекларни бугун бирон сиёсий фаолиятга торта оласиз. Бу жуда қийин. Ким президент бўлади, ким депутат - ўзбеклар учун умуман фарқсиз.

Улар фақат бир нарсани исташади. Бу ҳам бўлса - ўзбекларни тинч қўйишсин. Тинчгина яшасак, сиёсатчилар бизни тинч қўйишса, мулкимизга тегишмаса, бизни қамоққа ташлашмаса бўлди, дейишади.

Рашидхон Хўжаев. Ўзбек Миллий Маданият Маркази. Ўш:

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Ўзбеклар ҳозирги тинчликка шукур қилишади.

Ҳаммаси яхши бўлиб кетди, биз зўрмиз, деган фикрдан олисман.

Аммо шу 5 йил давомида қатор яхши ўзгаришлар ҳам бўлди.

Ўрта яшар ва кексаларнинг муносабатлари яхши.

Лекин ёшлар орасида ҳамон ўзаро ишончсизлик ва бир-биридан қўрқиш ҳисси бор. Масалан, кечқурун соат тўққиздан кейин ўзбек таксичилари қирғиз маҳаллаларига боришга қўрқишади.

Қирғиз йигитлар ҳам кечки пайти ўзбек маҳаллаларига келишдан чўчишади. Аммо ёши катталар биргаликда ош еб юришибди.

Мана яқинда Болаларни Ҳимоя Қилиш куни ўзбек аёлларимиз бемалол ўз фарзандларини шаҳар марказидаги истироҳат боғига олиб чиқишди, уларни каруселларга миндиришди.

Мингга яқин болага текин музқаймоқ тарқатилди ва бунда болаларнинг миллатига қарашгани йўқ.

Шуларни кўриб, жуда қувондим.

Надежда Атаева. Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари Уюшмаси. Париж:

Ўш воқеалари тарихий аҳамиятга эга бўлди. У ҳам ўзбекнинг, ҳам қирғизнинг ҳаётида катта ўзгариш ясади. Лекин бу ўзгариш ҳеч бир миллатга яхшилик келтирадиган ўзгариш эмасди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Надежда Атаева зўравонликдан кейин ҳам камситишлар бутунлай бартараф этилмаганини айтади.

Афсус, биз ўрганган ҳолатларга қарасак, ўзбеклар атайдан нишонга олинаётган, шикоятларига қулоқ тутилмаётган ҳолатлар мавжуд.

Улар ё ўзбекларни мамлакатдан чиқариб юбориш, ё улар тенг ҳуқуқли бўлмасин, деган ниятда шундай қилишаётгандек туюлади.

Бугун ҳатто Қирғизистондан чиқиб кетган қатор ўзбеклар ҳам таъқиб қилинмоқда.

Тўғри, одамларнинг арзига қулоқ тутаётган, муаммоларни ҳал этишга уринаётган ҳамда мамлакатда тенглик ва барқарорликни ўрнатишни истаётган қирғиз мулозимлари, дипломатлари жуда кўп.

Уларга дуч келган одамларнинг ишлари битмоқда, ҳақиқатга эришиш мумкин экан-ку, деган умид пайдо бўлмоқда.

Бироқ мен ўзим турли зўравонликка дуч келган ўзбек қиз-жувонларини биламан.

Ҳужумчиларнинг фотороботлари ишлаб чиқилган. Аммо ҳанўз шахси аниқланмаган. Иш очилган, лекин тергов ўтказилмаган.

Аёлларни текширишмаган, экспертиза қилишмаган.

Чунки расмийлар айбдорларни ушлаш учун керакли далилларни атайдан йўқотишни исташган.

НИМА ҚИЛИНДИ Ё ҚИЛИНИШИ КЕРАК?

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Катта ва ўрта ёшли одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишади.

Азиза Абдирасулова:

Қирғизистон миллий асосда одамларни камситиш учун жазони кучайтириши керак эди. Аммо бундай бўлмади.

Миллий озчиликларни давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот тизимларига кўпроқ жалб этиш даркор эди. Бу ҳам бўлгани йўқ.

Бу ердаги бошқа миллат вакиллари ҳозир ўз ўғилларини армияга жўнатишдан қўрқишади ва пул тўлаб муқобил хизмат ўташади.

Ҳарбий хизматга бормаган йигит келажакда кўплаб лавозимларга эриша олмайди, баъзи ишларга киролмайди.

Рашидхон Хўжаев:

Биз ёмон деяверсак, албатта, ёмонликка олиб келади. Шу учун фақат ёмонламасдан, ўз фарзандларимизни ўқитишимиз керак. Шунда улар муваффақият қозонишади.

Қирғизистонда яшаганимиздан кейин бу мамлакатнинг давлат тилини, қирғизчани билишимиз, шу ернинг конституциясига бош эгиб яшашимиз керак экан.

Биз болаларимизга қирғиз ва рус тилларини ўргатишимиз лозим. Улар русча билишса, Россияда иш топишади, қирғизча билишмаса, ишга олишмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Ўзбеклар кўпинча ё савдо, ё ҳунармандчилик ортидан кун кўришади

Ўзбекмиз, деб ўзбекча ўқитганимиз билан, болаларимизни Тошкент ўқишга олармиди?!

Тинч-тотувликни таъминлаш учун ўзбек-қирғиз аралашиб яшаши керак экан.

Надежда Атаева:

Қирғизистон ҳукумати Халқаро комиссия ишига рухсат берган ва бу муҳим қадам эди. Лекин айни комиссия тавсиялари тўлиқ бажарилмаяпти.

Мамлакатда миллатчилик муаммоси чуқур илдиз отган. Зўравонликда жабрланган одамлар ҳам миллатчи гуруҳлар, ҳам расмийлар босими остида қолишмоқда.

Тажовуз, қўполлик ва қўрқитиш усулларидан фойдаланилаяпти.

Бундай ҳолатда яна бошқа зўравонлик эҳтимоли бартараф этилмайди.

Очиқлик, холислик ва хавфсизликни таъминлаш орқали низолар такрорланмаслигига эришиш мумкин.

Мира Риттман. Ҳьюман Райтс Уотч Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти:

Албатта, ўтган йиллар давомида, икки тарафни яраштириш ва барқарорликни ўрнатиш йўлида муайян ишлар қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Ўшда бугун катта-кичик тинчлик истаб дуо қилади.

Оддий одамлар ўртасидаги кундалик муносабатлар 2010 йилдагидек адоватли эмас.

Лекин зўравонлик ортидан ўтган тергов ҳамда маҳкамалар хатоликлар ва қонун бузишлар билан кечгани даъво қилинади.

Одамлар ҳибсда қийноққа солинганларини айтишган.

Айниқса, ўзбеклар маҳкамага тортилган ҳолатларда ҳужумлар бўлган.

Лекин шу пайтгача бу ҳолатларни ҳукумат холис ва одил кўриб чиқмади. Қийноқлар асосида ўтказилган терговларга асосланиб ўқилган ҳукмлар эса ўз кучида қолмоқда.

Ҳукумат Қирғизистондаги барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тенглигини таъминлаши керак.

Хусусан, ўзбекларнинг аҳволига тушуниб қараши, уларга яқинлашиши ва ҳокимият ҳамда адлия тизимларига ўзбекларни ҳам жалб этиши лозим.

Шунингдек, ўзбекларнинг қанчалик ҳимоясиз қолганини ҳам назарда тутиб, шунга мос ҳаракат қилиши даркор.

Видеолавҳаларни bbcuzbek.com сайтимизда томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ