‘Террорчиликни оқлашда Ислом динидан фойдаланиш ҳақоратлидир’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бу ҳақда президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг 5 чи қурултойи чоғида қилган чиқиши пайтида айтган.

Қозоғистон раҳбарига кўра, Ислом динини эсктремизм ва терроризмни оқлашда қўллаш таҳқирлаш билан тенгдир.

У диний арбоблардан ўз жамоатини тоқатлилик ва кечиримли бўлишга чақиришни сўраган.

Остонада бўлиб ўтаётган 5 чи қурултойда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам иштирок этмоқда. Тадбирда 42 давлатдан 80 вакил қатнашмоқда.

Қурултойда чиқиш қилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев дунёда диний бўлинишлар кўринишида рўй бераётган тўқнашувларга эътибор қаратган.

У экстремизм ва терроризмни оқлашда Ислом динини қўллаш таҳқирлаш билан билан баробар эканлигини айтган.

“Дунёдаги барча динлар сабр, босиқлик, урушлар ва тўқнашувларнинг тўхтатилиши, тинчлик ва ҳамжиҳатликка чақиради. Ислом бу – энг тоқатли динлардандир. Экстремизм ва терроризмнинг исталган шаклини оқлашда Ислом динидан фойдаланиш ҳақоратлидир”, - деган Нурсултон Назарбоев.

Қирғизистоннинг собиқ Бош муфтийси Содиқ Қори Камолиддин Қозоғистон давлат раҳбарининг гаплари кўп вақтдан бери айтиб келинаётганини таъкидлайди.

Унга кўра, экстремистик гуруҳларнинг ичида ва уларнинг раҳбариятида мусулмон вакиллар бўлганлиги учун шу ишларни Ислом дини номидан қилиняпти деган қараш мавжуд.

“Албатта биз бу ишларни қоралаймиз, бунга қўшилмаймиз. Ҳар қандай қурбонлик ва хонавайроликларни келтириб чиқарувчи, инсонларнинг жонини кесувчи ҳаракатларни қоралаймиз. Лекин, афсуски, мана шундай ҳаракатларнинг ичида ўзларини Ислом давлати деб номловчи одамларнинг ҳаракатлари ва ишлари бизларни ва бутун дунё мусулмонларини қайғуга солади”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Қозоғистонда мустақиллик йилларида Ислом дини шиддат билан қайта жонланаётгани айтилади.

Шўролар даврида бир неча масжидга эга бўлган Қозоғистонда бугунга келиб 2,5 мингдан ортиқ масжид қурилди. Мамлакат 30 миллион ортиқ аҳолиси бор Ўзбекистондан ҳам кўпроқ масжидга эга бўлиб, Марказий Осиёнинг энг кўп масжиди бор давлатига айланди.

Кузатувчилар Қозоғистонда масжидлар сони ортар экан, ушбу минтақа учун янги бўлган турли оқимларнинг ҳам фаоллашаётганини эътироф этишади.

Натижада Сурия ва Ироқда “Исломий Давлат” гуруҳи фаоллашар экан, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Қозоғистондан ҳам диндорларнинг жанг майдонларига кетиб қолиш ҳоллари учрамоқда.

Бироқ Қозоғистон қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, бошқа оқимларга қарши курашиш мақсадида масжидлар сонини чекламади, ҳижоблиларнинг кўчада юришига тўсқинлик қилмади.

Қозоғистон мусулмонлар диний идораси ҳар бир масжид қошида диний саводхонлик курсларини ташкил қилди.

Унда қизиқувчилар тажвид, ақида ва фикҳдан бепул илм олишлари мумкин.

Қирғизистон собиқ Бош муфтийси Содиқ Қори Камолиддин ҳам ёшларнинг турли оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олишнинг муҳим йўли бу тушунтириш ва таълим эканлигини айтади.

“Одамлар охирига етиб, тушуниши керак. Сурия ва Ироқдаги воқеалар, албатта, бир кун ечимини топади. Чунки бу нарсани келтириб чиқарган кучлар ва давлатлар ўзи кўриниб турибди. Афсуски, бунга дунёдан кўплаб алданган ёшлар жиҳод ёки бошқа сабабларни ушлашиб, аралашиб қоляпти. Лекин бу ҳам бир кун ечимини топади. Чунки ҳақиқий уламоларнинг даъват ва сўзлари одамларнинг қалбига етиб боряпти”, - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ