Ўш қирғинидан беш йил ўтиб: Ким нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.kg

Беш йил аввалги ҳодисаларда 400 дан ортиқ инсон қурбон бўлганлигини тилга олар экан, Қирғизистон президенти ушбу фожеа жаҳонни ларзага солгани ва Қирғизистон халқи хотирасида чуқур из қолдирганлигини айтган.

"Июн ҳодисалари борасида жамият кўплаб маълумотларни олди. Можаро сабаблари, шунингдек, давлат органларининг амаллари миллий, парламент ва халқаро комиссиялар томонидан чуқур ўрганилди. Ҳодисаларнинг хронологияси аниқланиб, давлат органлари учун тавсиялар ишлаб чиқилган. Халқ бирлиги ва миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш учун концепция яратилиб, амалга оширилмоқда", дейилади Президент Алмазбек Атамбаевнинг баёнотида.

Жаноб Атамбоевга кўра, вақт бойлик ва қудрат илинжида ёшларни можаро қаърига итарганлар, фожеадан ўзига фойда излаганлар, халқ ғазабидан қўрққан ва айбни бошқаларга тўнкамоқчи бўлганларни намоён қилган.

Қирғизистон президенти июн ҳодисаларини келтириб чиқарганлар ўз халқига хиёнат қилганликларини айтиб, улардан асосийлари ҳозирда хорижда яшириниб юрганликлари ҳақида ҳам айтган.

Президентга кўра, Ўшда одамлар манфаатдор томонлар томонидан тарқатилган миш-мишларга, афсуски, ишонганлар.

Унинг баёнотида айтилишича, можарони халқнинг ўзи тўхтатиб қолган, ўзбек қирғизга, қирғиз ўзбекка бошпана бериб, яширган, ёрдам берган ҳоллари бўлган.

Ҳодисалардан сўнгги вазиятга тўхталар экан, жаноб Атамбаев давлат органларига этник озчиликлар вакилларини жалб қилиш тизими ҳали ишлаб чиқилмагани, маълумот соҳасида ҳам муаммолар мавжудлиги, бу эса, ўз навбатида, баъзиларни Қирғизистонда ўзларини бегона ҳисоблашларига сабаб бўлаётганлигини тан олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айни вақтда матбуот воситалари орқали Қирғизистондаги ўзбек жамоасининг хорижда яшаётган вакиллари БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга очиқ мактуб билан мурожаат қилишган.

Уларнинг мактубида июн хунрезлигида ҳалок бўлганлар сони 500 га яқин, дея келтирилган.

Мактубда айтилишича, ушбу ҳодисалар юзасидан мамлакат ичида ўтказилган текширувлар бир томонлама, ўзбек жамоасига айбни юклаш илинжи билан ўтказилган.

Халқаро коммиссиянинг чиқарган ҳисоботи ва хулосалари эса, парламент томонидан ноқонуний, нохолис ва миллатлараро низони келтириб чиқарувчи, дея эълон қилинган.

Ўзбек жамоаси вакилларига кўра, кўплаб ўзбеклар ноқонуний ҳисблар, қийноқ ва адолатсиз ҳукмлардан қочиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

"Тазйиқ, кимситиш ва очиқчасига ажратишлар ҳануз Қирғизистонда давом этмоқда", дейилади БМТ Бош котига йўлланган мактубда.

Мактубда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровниннг мисоли бунинг далили сифатида келтирилган.

2013 йили халқ ва миллатлараро бирлик ҳақида қабул қилинган Концепцияда эса, фақатгина қирғиз тили мақомини мустаҳкамлашга эътибор қаратилиб, мамлакатда яшовчи бошқа халқлар тиллари, ҳатто, эслатиб ҳам ўтилмагани мактубда ёзилган.

Мактуб муаллифлари БМТ Бош котибидан Қирғизистон раҳбариятига мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқаро учун миллатларидан қатъиназар, ҳуқуқлари баробар равишда таъминлаш мажбуриятига эга эканликлари ҳақида эслатиб қўйишни сўрашган.

Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларнинг беш йиллик санаси муносабати билан Ўшда расмий хотира маросимлари бўлиб ўтган.

2010 йил июн ойида юз берган ўзбек ва қирғиз жамолари ўртаисдаги тўқнашувлар натижасида юзлаб инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишганди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг 10-13 июн кунлари юз берган зўравонликларни "қирғин" ва "погромлар", дея тасвирлашган.

Финляндиялик дипломат Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия "Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган "муайян ҳужумларни, агар маҳкамада тасдиғини топса, инсониятга қарши жиноятлар сирасига киритиш мумкин"лигини айтганди.

Қирғизистон ҳукумати зўравонликларда собиқ Президент Қурманбек Бакиев ва Ўзбек жамоаси раҳбарларини айблаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ