Интернетда тожик қўмондони фотосурати пайдо бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи YOU TUBE

"Исломий Давлат" сафига қўшилган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов ҳаво ҳужумида ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан унинг фотосурати Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган.

Илк бор Фейсбукдаги араб исмли фойдаланувчи Гулмурод Ҳалимовнинг фотосуратини эълон қилган.

Бу суратда собиқ Тожик ОМОН подполковниги боши боғланган, ўнг оёғи гипсланганини кўриш мумкин.

Май ойида "Исломий Давлат" сафига қўшилгани ҳақидаги видеоси тарқалган Гулмурод Ҳалимов ҳалок бўлгани ҳақида Ливандаги веб-сайтлардан бири хабар тарқатган.

"Араби Пресс" сайти ўзининг Суриядаги манбаларига таяниб ахборот тарқатган.

Бу хабарда 19 июн, жума куни Дайр аз-Заур вилоятининг Мухасан шаҳридаги масжидда мажлис бораётган пайти Сурия армияси ракетаси келиб тушгани айтилган.

Бу мажлисда "Исломий Давлат" қўмондонларидан бири, асли гуржи Абу Умар аш-Шишаний ва Гулмурод Ҳалимов ҳам қатнашгани хабар қилинган.

Кучли портлаш оқибатида Гулмурод Ҳалимов ҳалок бўлган, Абу Умар аш-Шишаний яраланган деб хабар қилган Ливан веб-сайти манбаси.

Шу йилнинг апрел ойида бедарак кетган Гулмурод Ҳалимов май ойи охирида "Исломий Давлат" жиҳодчи гуруҳи сафига қўшилганини эълон қилган.

Интернет орқали тарқалган видеода Ҳалимов ўз қарорини намоз ўқиш ва исломий кийимда юришга рухсат бермаётган Тожик ҳукуматининг амалларига норозилик сифатида изоҳлаган.

Сурияда тасвирга олингани тахмин этилган видеода у Тожикистондаги тузум хизматчилари ва Тожик меҳнат муҳожирларини "Исломий Давлат" гуруҳи сафига қўшилишга ундаган.

40 ёшли Гулмурод Ҳалимов ӯтган йили Тожикистон Ички ишлар вазирлиги буйруғига кӯра, полковник рутбасини олган.

Уч йил олдин у Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус вазифаларни бажарувчи отрядига қўмондон қилиб тайинланганди.

Бундан ташқари, Ҳалимов ўз фаолияти давомида Россия ва АҚШда махсус ташкил қилинган ҳарбий тайёргарликлардан ҳам ўтган.

Аввалроқ, Қўшма Штатлар Давлат департаменти матбуот котиби Си-эн-эн билан интервюсида Гулмурод Ҳалимов аксилтеррор амалиётлар бўйича машғулотларни ўташ учун Америкага бир неча марта борганини тасдиқлаган.

Собиқ полковник Ҳалимов Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" сафига қўшилганини эълон қилиши ортидан Тожикистон Олий маҳкамаси ушбу жангари гуруҳни "террорчи", деб эълон қилди.

Гулмурод Ҳалимовга нисбатан Интерпол халқаро қидируви эълон қилинган.

Яқинда собиқ полковникнинг иккинчи видеомурожаати ҳам эълон қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ