Туркманистон жумбоқлар мамлакати

Фото муаллифлик ҳуқуқи chronotm.org
Image caption "Хроника Туркменистана" веб-сайти алоҳида фоторепортаж эълон қилган.

Охирги вақтлардаги хабарларга кўра, Туркманистон ҳукумати турар жойлар томларида ўрнатилган хусусий сунъий йўлдош антенналарига қарши курашни кучайтиришган. Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2007 йилнинг охиридаёқ ўз қўл остидагиларига уйларининг томидан "ликопчалар"ни олиб ташлашни буюрган эди. Антенналарнинг шаҳар ташқи кўринишини бузаётгани бунга сабаб қилиб кўрсатилган эди.

Ўшандан бери шахсий сунъий йўлдош антенналарини олиб ташлаш учун тадбир бутун Туркманистон бўйлаб давом этиб келмоқда. Бу тадбир баъзан вақтинча тўхтаб, кейин эса президентнинг қўл остидагиларга берган навбатдаги дашномидан кейин яна янги куч билан давом этиб келмоқда.

Давлат ташкилотларининг бу борадаги фаоллиги 2008, 2011, 2012 ва 2015 йиллари айниқса кучайди. Нафақат пойтахтда, балки вилоят марказларида ҳам антенналар уйлар томларидан сабаблари тушунтирилмаган ҳолда ечиб ташланди.

Аммо бирор кимса йўқ-ки вазиятни ўзгартира олса, ёки оддий Туркман фуқароларининг сунъий йўлдош антеннлари орқали узатиладиган ахборотни олишга бўлган хуқуқларини ҳимоя қила олса. Шу йилнинг 17-июн куни Ашхободда Европа Иттифоқи ва Туркманистон ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича анжуман ўтказилди. Унда Брюссел вакиллари "ликопчалар"нинг мажбурий олиб ташланиши масаласини кўтаришди, лекин афтидан уларнинг саволлари жавобсиз қолди. Чунки, хабар берилишича, "айнан ана шу пайтда пойтахт мулозимлари сунъий йўлдош антенналарини ёввойиларча ёппасига олиб ташлаш билан банд эдилар". Антенналар ўрнига эса, улар фуқароларга кабел телевидениесини ўрнатиб беришни ваъда қилишмоқда.

Ўзи нега мамлакат ҳукумати бунчалар ғайрат ва шижоат билан "ликопчалар"га қарши курашмоқда? Бу фақатгина ҳукуматнинг пойтахт ташқи кўринишини яхшилаш учун қайғуришими ёки бошқа сабаблар ҳам борми? 2007 йилдаёқ мухолифат веб-сайтларидан бири аннтенналарга қарши курашнинг асл сабаблари ҳақида қуйидаги тахминларни олдинга сурган эди:

1. Кабел телевидениеси учун жиҳозларни сотиб олиш ва ўрнатиш Бердимуҳамедов атрофидагилардан кимларгадир фойда келтиради ва ўша одамлар бу жиҳозларни мамлакатга импорт қилиш билан шуғулланади. 2. Айнан ўша одамлар фуқароларнинг кабел телевидениеси учун тўлаган пулларидан фойда оладилар. 3. Учинчи ва энг муҳим сабаб - кабел орқали узатиладиган каналларда одамлар фақат ҳукумат хоҳлаган нарсани томоша қиладилар.

Туркманистондаги оддий томошабинлар ҳам ҳукуматнинг шахсий антенналарга қарши курашининг асл сабаблари борасида ўз фикрларини айтишган. Масалан, "Хроника Туркменистана" сайтида ўз фикрини қолдирган "Атаев Аймурат" номли Интернет фойдаланувчиси шундай дейди: "уларни олиб ташлашларига сабаб, Ашхоботда 2017 йил бўладиган Осиё ёпиқ иншоотлар ва яккакураш ўйинларига келган чет эллик меҳмонлар "Нега сизларда сунъий йўлдош антенналари бунча кўп, маҳаллий каналларда кўришга қизиқарли нарсалар йўқми" деб туркманлардан сўраб қолиши мумкинлигидан қўрқишади".

Бошқа фойдаланувчилар эса кабел орқали намойиш қилинадиган каналларни танқид остига олишган. Туркманистонда маҳаллий ТВ дастурлар оммабоп эмас. Аҳоли асосан Россия ва Туркия каналллари орқали узатиладиган дастурларни томоша қилади. Мамлакат шимолида эса Ўзбек телеканаларини қизиқиб кўришади. Шу ўринда бир қизиқарли фактни айтиб ўтиш зарур - ўз вақтида собиқ Туркман президенти "уйлар устидаги антенналар одамларимизнинг баланд ҳаёт даражасидан далолат беради" дея мақтанар эди.

Туркманистонлик журналист

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ