Хитой: Қашғардаги ҳужумда '18 киши ҳалок бўлган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сўнгги уч йил ичидаги зўравонликларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган

Хабарларга кўра, Хитойнинг уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасидаги полиция назорат нуқтасида юз берган тўқнашувда камида ўн саккиз инсон ҳалок бўлган.

АҚШда жойлашган Озод Осиё радиосига кўра, душанба тунда этник уйғурлар Қашғар шаҳри четидаги полиция идорасига ҳужум қилишган.

Хабарда айтилишича, бомба ва пичоқлар билан қуролланган ҳужумчилар назорат нуқтасидаги полиция зобитларини ўлдирганлар.

Шундан сўнг полиция ҳужум билан жавоб қайтаргани ва ўн беш нафар гумондорни ўлдиргани айтилади.

Хитой расмийлари ҳозирча ҳодиса юзасидан шарҳ беришмаётир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қашғар мусулмон уйғурларнинг ватанидир

Аммо Қашғардаги шифохона ходимларининг Би-би-сига айтишларича, бир неча ярадор полиция ходимлари олиб келинган.

Шинжон Хитойдаги этник озчилик бўлган мусулмон уйғурларнинг ватани саналади.

Ўтган уч йил мобайнида юз берган ҳужумларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Уйғурлар Пекиннинг ўз динлари ва маданиятларига қарши репрессиялари зўравонликларни келтириб чиқараётганини айтишади.

Аммо Хитой ҳужумларда ўз таъбирича, хориждаги гуруҳлар томонидан дастакланаётган "исломчи террористлар"ни айблайди.

Рамазон ойи арафасида Хитой ҳукумати Шинжонда мусулмонларнинг рўза тутишларига қарши қатор чекловларни жорий қилган.

Маҳаллий давлат хизматчилари, ўқитувчи ва талабалардан рўза тутмаслик ҳақида тилхатлар олинган.

Хитой матбуотига кўра, Қашғардаги ошхона ва ресторанларга Рамазон ойида одатдагидек ишлаш ҳақида кўрсатма берилган.

Шунингдек, мусулмонлар яшайдиган ҳудудларда спиртли ичимликлар ичишни тарғиб қилувчи тадбирлар ҳам уюштирилгани ҳақида хабарлар олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio