Тожикистон: Ўзбеклар билан музокаралар "анчайин умидбахш"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tajik President Press Office
Image caption Қўшнилар

Тожикистон тарафи ўзбек-тожик ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи мажлисини ижобий баҳолаган.

23 июн куни Тожикистон Бош вазири ўринбосари Давлатали Саидов бошчилигидаги ҳайъат Тошкентга борганди.

Тожик ҳукумати манбаларидан бирининг "Азия Плюс" интернет нашрига билдиришича, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан мулоқотлар самарали, амалий ва анчайин умидбахш кечган.

Тошкентда Давлатали Саидов ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимовлар раислигида ўтган йиғинда асосан икки давлат орасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Тожикистон билан муносабатлари совуқ бўлиб келган, бунга асосий сабаб Тожикистоннинг зиддиятли Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш ҳаракатлари сабаблигига ишонилади.

Бунга жавобан расмий Тошкент қиш мавсумида Тожикистонга газ таъминотини тўхтатиб қўйган ва Тожикистон юкларининг чегарадан ўтишига тўсқинлик қилганди.

Совуқчилик аримоқдами?

Тошкентдан сиёсатшунос Фарҳод Толипов икки томон ўртасида кечаётган дипломатик учрашувларнинг ўзи муносабатлар ижобий томонга ўзгараётгани аломатидир.

"Аввало, таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилганда, кузатувчилар ва таҳлилчилар "алоқалар паст даражада, совуқлашган", дея баҳо берадилар. Шу нуқтаи назардан, ҳали бу икки давлат бир-бирига яқинлаша олмаслиги борасида башоратлар ҳам қилишади. Аммо, мен бу башоратларга қўшилмас эдим. Чунки, юзаки қараганда шундай кўриниши мумкин, аммо муносабатлар ҳаётда анча мураккаброқ, кўп қиррали, деб тушуниш керак. Қанчалик муаммолар тўпланиб келган бўлмасин, давлатлар раҳбарияти, ҳукуматлараро алоқалар сақланиб турганлиги, кечагига ўхшаш учрашувлар мунтазам равишда бўлиб турганлигининг ўзи бир ижобий факт, деб биламан... Яъни, бу алоқаларни ривожлантириш учун икки ўртада сиёсий ирода борлигидан далолат беради", дейди Фарҳод Толипов.

Аммо, шунда ҳам, сиёсатшуносга кўра, ҳали икки давлат ўртасидаги муносабатлар потециали тўла очилганича йўқ.

"Бугунги аҳвол, яъни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий аҳволнинг аҳволи кутилгандан анча паст даражада. Шу икки давлатнинг потециали ҳали кенг ёйилмаган, очилмаган, деб ўйлайман. Ва ҳамкорлик жуда кенг олиб борилиши мумкин, потециал жуда катта, алоқаларни ҳали анча-анча ривожлантириш мумкин... Ва муз ёрилиб, эришни бошлади, дейишга асослар бор", дейди у.

Виза тартиби

Image caption Чегаралар...

"Азия Плюс" агентлигининг Тожикистон ҳукуматидаги манбадан иқтибос келтиришича, йиғинда икки давлат ўртасидаги виза тартиби муҳокама қилинмаган.

"Икки томон фақат савдо ва иқтисодий ҳамкорликни тартибга солиш ҳамда кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди. Виза тизимини бекор қилиш сиёсий масаладир ва 23 июн куни сиёсий мавзулар борасида гапирилмади", деб айтган у.

Аммо, тожик ҳукумати манбаси виза муаммоси ҳам вақти соати билан ижобий ҳал қилинишига ишонч билдирган.

Тошкентдан сиёсатшунос Фарҳод Толипов ҳам бу масалада некбин эканини айтади.

"Нафақат таҳлилий ёки экспертлар даражасида, балки расмий даражада ҳам икки томонлама авиаалоқаларни қайта тиклаш ҳақида эълон қилинди. Бу техник сабаблар билан кечиктирилаётган бўлиши мумкин. Аммо, шу хабарнинг чиққани ўзи ҳам амалда жиддий қадамлар қўйилаётганини билдиради. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам виза тартибини юмшатиш масаласини кўриб чиқишяпти, деган хабарлар ҳам чиққанди. Менинг ўйлашимча, шу виза тартибини соддалаштириш ёки агар керак бўлса, умуман, бекор қилиш ҳам кўриб чиқилиши мумкин", дейди Фарҳод Толипов.

Айни пайтда ўзбек-тожик ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғини Душанбеда октябр охирлари ва ноябр бошларида ўтказилишига келишилган. Унда чегара ҳудудларидаги баҳсли нуқталар масаласи мубоҳаса қилиниши кутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio