‘Исломий Давлат’ Афғонистонда нималар қилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, дунёдаги энг қудратли бу гуруҳ жангариларининг Марказий Осиёнинг шундоқ биқинида толиблар билан бир сафда, Покистонга қўшни жануби ва шарқида эса, уларга қарши жанг олиб бораётгани Афғонистондаги вазиятнинг янада мураккаблашиб бораётганига далолат қилади.

Жумладан, Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, Афғонистонда ҳозир вужудга келган вазият ўта чалкаш, мураккаб ва ҳеч ким келаси икки-уч ойнинг ичида нималар бўлишини олдиндан башорат қила олмайди.

Аммо, таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, яқинда шарқий Нангарҳор вилоятида бу икки исёнчи гуруҳ ўртасида қақшатқич жанглар кечгани ва камида ўн нафар Толибон қўмондонининг боши танасидан жудо этилганига оид хабарлар “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистонда қанчалик фаоллашиб улгурганига далолат қилади.

Таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, агар, ҳозирги вазият қиёс қилингудек бўлса, “Исломий Давлат” гуруҳи Афғонистонда, ҳатто, бундан бор-йўғи олти ой бурун ҳам бунчалик фаол бўлмаган.

Бошқа томондан, шу билан бир вақтнинг ўзида, гуруҳ жангарилари маҳаллий толиблар билан бир сафда Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита қўшни икки шимолий-шарқий вилояти – Қундуз ва Бадахшонда давомий қақшатқич жангларга қўл уришган, куни-кеча Бадахшоннинг шундоққина Тожикистонга чегарадош Юмгон туманини босиб олишга ҳам муваффақ бўлишган.

Туман ўн кундан ортиқ бадахшонлик масъуллар томонидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига нисбат берилаётган юзлаб хорижий жангарилар бошчилиги остидаги толибларнинг назорати остида қолганди.

Орада Юмгонга пойтахт Кобулдан юборилган қўшимча мадад кучлари ҳам иш бермаган, орада вилоят масъуллари томонидан янада кўпроқ ҳарбий дастакка оид даъватлар ҳам янграган ва туман фақат куни-кеча яна давлат назорати остига ўтгани хабар берилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Яқинда лидери Усмон Ғозий қўшни Покистондан Афғонистонга буткул қайтганликларини расман эълон қилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, ўтган йил сентябр ойидан бошлаб Афғонистонда тўлиғича “Исломий Давлат” гуруҳини намоён этиб келади.

Худди шу омил назарда тутилса, Юмгон, вақтинчалик эса-да, ҳаракат толиблар кўмагида Афғонистонда Марказий Осиёнинг шундоққина биқинида қўлга киритган биринчи жиддий ютуғи бўлганди.

Аммо шу йил январ ойида Афғонистонда ҳам фаолият олиб бориш мақсади билан Покистонда ўзининг Жанубий Осиёдаги янги тармоғига асос солган Яқин Шарқдаги бу қудратли гуруҳ солаётган таҳдид борасида расмий Кобул ва яқин-яқингача мамлакат хавфсизлигига масъул Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг бераётган баҳолари бир-биридан кескин фарқ қилади.

Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани ҳали шу йил бошида “Исломий Давлат” гуруҳи ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бораётгани билан огоҳлантирганди.

Нато кучларининг Афғонистондаги Бош қўмондони Жон Кэмпбелл эса, куни-кеча қилган чиқишида “Исломий Давлат” гуруҳи мамлакатда жадаллик билан ўзига янги жангарилар ёллаётган эса-да, ҳалича, тўлиқ фаолиятга киришиш салоҳиятида эмаслигини баён қилганди.

Аммо шу пайтгача Афғонистон хавфсизлигига масъул ҳеч бир томон мамлакатдаги “Исломий Давлат” жангариларининг сонига оид аниқ маълумотларни келтирмаган.

Турли хил манбаларда сони бир неча юздан бир неча мингтагача экани тахмин этилаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ташқари Афғонистонда “Исломий Давлат” сафларига ёлланаётган жангариларнинг асосан собиқ толиблар экани айтилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирмасидан аввал Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳар икки Толибон ҳаракати ва улар шерикларининг энг яқин иттифоқчиси бўлиб келган.

Лондондан Толибон масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Антонио Жузтоцци Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида “Исломий Давлат” номи остидаги ҳаракат жангариларининг маҳаллий толиблар билан нега бунчалик апоқ-чапоқ эканликларини, бир томондан, айни шу омил билан ҳам изоҳлайди.

“Афғонистон жануби-шарқи билан солиштирганда, “Исломий Давлат” Афғонистон шимолида нисбатан заиф. Яъни, толибларга тўғридан-тўғри жиддий хавф солиш қудратида эмас.

Қўлларида бирор бир ҳудудлари йўқ. Саноқлари ҳам бир неча юз сонда. Яқинда ажралиб чиққанликлари боис, қўмондонлари ҳам ҳануз толиблар билан яхши алоқада бўлишлари, уларга яхшироқ молиявий ва техник кўмак кўрсатган бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, “Исломий Давлат” гуруҳининг маҳаллий етакчилари ойлаб қўл қовуштириб ўтиргандан кўра, жангларга бош қўшишса, бу – ўзларининг обрўлари учун яхшироқ бўлишига оид тўхтамга келган бўлишлари мумкин”, - дейди халқаро таҳлилчи.

Яқин Шарқдаги бу қудратли гуруҳнинг Афғонистондаги фаоллашуви мамлакатда янги миллий бирдамлик ҳукумати иқтидорга келган ўтган саккиз ойлик даврга тўғри келади.

Худди шу манзарада, йилларки, ўзларининг якто амирул мўмининлари Мулла Муҳаммад Умарга содиқ бўлиб келган ҳар икки Толибон сафларидаги сўнгги йиллардаги бўлиниш эса, ҳатто, халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг эътиборини тортган воқеъликлардан бирига айланган.

Чунки шу пайтгача на-да Афғонистон ва на-да Покистонда юзлаб сондаги толибларнинг бошқа бир жангари гуруҳ сафларига ўтиб, унинг лидерига расман байъат келтиришлари ҳеч қачон кузатилган эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Устига устак, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи ўзининг минтақадаги лидерлари этиб ўз вақтида ҳаракат етакчиси Мулла Муҳаммад Умарга яқин юқори мартабали собиқ Толибон қўмондонларини тайин этган.

Мавжуд ҳолат бу йилги баҳорги амалиётларининг аввалидаёқ марказий афғон ҳукуматини мушкул аҳволда қолдиришга муваффақ бўлган эса-да, Афғонистон Толибон ҳаракатини ўз ичидан пайдо бўлган жиддий хавф билан юзма-юз келиш мажбурияти остида қолдирган.

Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилоятидан аввал жанубий Ҳелманд вилоятида ҳам “Исломий Давлат”га янгитдан ёлланган жангарилар ва маҳаллий толиблар орасида қақшатқич жанглар кечгани, ҳар икки томон ҳам жиддийгина талофат беришгани, шунингдек, орада гуруҳ аъзоларининг ғарбий Фароҳ вилоятида ҳам қарши жангларга ўтишганига оид хабарлар олинганди.

Афғонистоннинг, айниқса, жанубий, жанубий-шарқий ва шарқий минтақалари, йилларки, Толибон ҳаракатининг асосий таянч нуқталари бўлиб келган.

Худди шу боис ҳам, Афғонистондаги “Исломий Давлат” жангариларининг бу ҳудудларга дастлабки ҳужумларини гуруҳнинг бундан бир неча йил аввалги Сурия ва Ироқдаги хатти-ҳаракатларига қиёс бераётган ҳарбий таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Бу икки мамлакатда “Исломий Давлат” янги гуруҳ сифатидаги фаолиятини ўзининг ўзагини ташкил этган “ал-Қоида” тармоғи жангариларига қарши курашдан бошлаганди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, “Исломий Давлат” гуруҳи жангарилари толибларнинг анъанавий таянч нуқталари сифатида кўриб келинган ҳудудларга чуқурроқ кириб борадиган бўлишса, бу – Афғонистондаги исёнчиликнинг табиатини мутлақ ўзгартириб юборади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳатто, оммавий қатллари ва қонли худкушлик ҳужумлари назарда тутилганда ҳам, зўравонликлар Марказий Осиёнинг шундоққина биқинида Толибон давридагисидан ҳам кўра шафқатсизроқ тус олади, дейишади улар.

Устига устак, глобал халифалик қуриш илинжида бўлган Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳидан фарқли тарзда, шу пайтгача Толибон ҳаракатининг асосий мақсади – Афғонистон ва Покистоннинг ўзида исломий давлат барпо этиш бўлиб келган.

Бундан ташқари, ҳар икки Толибон ҳаракати ҳам орада кечган вақт давомида у ёки бу кўринишда тинчлик музокараларига мойиллик кўрсатиб келишгани билан ҳам Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳидан фарқланишади.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Афғонистондаги воқеалар ривожининг ҳозирги босқичида худди ана шу идеологик фарқ бу икки жангари гуруҳ ўртасидаги асосий зиддият нуқтаси бўлади.

Бу икки гуруҳнинг ораларидаги бу зиддиятга қанчалик барҳам бериб, ягона глобал жангари иттифоққа айланишини эса, вақт кўрсатади, дейишади улар.

Лондондан Толибон масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Антонио Жузтоццининг айтишича ҳам, Афғонистондаги мавжуд қоришиқ вазият “Исломий Давлат”га байъат келтириб бўлган жангари гуруҳларнинг ҳалича ягона бир иттифоққа бирлашиб улгурмаганликларига далолат қилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Булар лидерлари бошқа-бошқа бўлган фарқли гуруҳлар. Ҳаммалари “Исломий Давлат”га байъат келтирган бўлишса ҳам, ҳануз асосан айро-айро фаолият юритиб келишади. Бу гуруҳлар ҳар бирининг Толибон ҳаракати билан муносабатлари ҳам фарқлича. Дейлик, Афғонистон шимолида Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг муносабатлари ҳалиям яхши. Афғонистоннинг шарқи ва жанубида эса, вазият буткул ўзгача. Пул, мақом устидан талаш ёки шахсий адоватлари боис, бир-бирларини кўрарга кўзлари йўқ. Аммо буларнинг барчаси уларнинг ҳалича ягона бир иттифоққа уюшиб улгурмаганликларига далолат қилади”, - дейди у.

Таҳлилчига кўра, бу каби вазият жорий пайтда Афғонистонда толиблар мавқеъларини заифлаштириши мумкин.

Аммо, унинг айтишича, Афғонистонда кузатилаётган мавжуд жараён, бошқа томондан, Толибон ҳаракати билан сулҳу мадорага эришиш ҳаракатларини ҳам қийинлаштириши эҳтимоли йўқ эмас.

Чунки бу – ашаддий Толибон жангариларига ўз амалиётларини давом эттиришлари учун муқобил молиявий манбалар эшигини очади, дейди таҳлилчи.

Антонио Жузтоццига кўра, “Исломий Давлат” гуруҳининг Толибон ҳаракати орасидаги муваффақияти уларга қанча пул ажратишга тайёр эканию, Афғонистондаги жангарилари орқали ўзини сулҳ жараёнидан норози толиблар орасида қанчалик кўз-кўз эта олишига боғлиқ бўлади.

“Агар, гуруҳ бу стратегиясини мукаммал ҳаётга тадбиқ этиб, толиблар сафларидан ўзига янада кўпроқ жангарилар ёллашга муваффақ бўлса, ҳатто, томонлар сулҳу мадорага борган тақдирларида ҳам, бу – уларга Афғонистонда ўз жангларини давом эттириш имкониятини беради”, - дейди у.

“Жорий пайтда “Исломий Давлат” ва Толибон гуруҳи ўртасидаги алоқаларнинг илиқлашуви ҳақида сўз юритиш ноўрин бўлади. Уларнинг ўртасидаги душманлик янада авж олади, икковлон бир-бирларига қарши шафқатсизроқ жанг олиб боришда давом этишади. Толибон ҳаракати тузилмаси анчайин мураккаб бўлган йирик жангари гуруҳлардан бири саналади. Уни фаолиятда тутиб туриш каттагина пул талаб қилади. Агар, худди шу омил назарда тутилса, менимча, “Исломий Давлат” ҳозир катта сондаги толибларни ўзига оғдириш учун етарлича молиявий қудратга эга”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Антонио Жузтоццига кўра, ҳар қандай янги жангари гуруҳ каби, “Исломий Давлат” ҳам, бир томондан, жангарилар ёллаш, бошқа тарафдан, одамларни қўрқитиш учун жорий пайтда ўзининг жиддий ташкилот экани, ушлаган жойини кесмасдан қўймаслиги ва мутлақ толибларнинг ўрнини эгаллаш мақсадида эканига оид баёнотлар қилишда давом этади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Афғонистондаги мавжуд вазиятни нечоғлик эплай олиши ва исёнчилар билан тинчлик музокараларини ўз фойдасига ҳал қилиш имкониятлари бундан буёғига янги афғон ҳукуматининг мамлакатдаги энг муҳим объектлар бошқарувини қанчалик ўз қўлида сақлаб қолишига боғлиқ бўлади.

Толибон ҳаракати ўтган ўн йилликларда минтақадаги энг асосий ва йирик жангари гуруҳ бўлиб келган. Минтақадаги аксарият исёнчи гуруҳлар ҳам ёлғиз Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтириб келишган.

Минтақавий таҳлилчилар ҳозир ҳар икки Толибон ҳаракати аъзоларининг умумий сонини 10-15 минг атрофида чамалашади.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича ҳам Афғонистондаги мавжуд ҳолат бундан буёғига вазиятнинг янада мураккаблашиб боришига далолат қилади.

“Толиблар Афғонистонда каттагина ҳудудларни назорат қилишади. Ҳозиргача ҳаракат ўзининг асосий эътиборини фақат Афғонистонга қаратиб келган. Мавжуд вазиятда муаммо шундаки, “Исломий Давлат” дохил Афғонистонга четдан келаётган гуруҳлар глобал мақсадларни кўзлаган тармоқнинг бир қисми. Бу эса, Афғонистон учун жиддий хавфни англатиши мумкин. Менимча, АҚШ томони ҳам бу таҳдидни инобатга олади ва Афғонистонда дастлаб режаланганидан кўра кўпроқ қўшин қолдиради”, - дейди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Устига устак, бу каби қалтис вазият катта сондаги халқаро иттифоқ кучлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни тарк этиб бўлган бир йилда кузатилмоқда.

Аллақачон бутун Афғонистон бўйлаб хавфсизлик билан боғлиқ аҳволнинг қанчалик издан чиқиб бораётганини назарда тутган минтақавий таҳлилчиларга кўра, афғон ҳукуматининг ўз Қуролли кучлари ва мамлакатда қолаётган ўн мингдан ортиқ хорижий аскар билан мавжуд вазиятни назорат қилиши қийин бўлади.

Бу таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Афғонистоннинг шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларидаги “Исломий Давлат” жангарилари иштирокидаги сўнгги давомий жангларнинг ўзиёқ бунга далолат қилади.

Дунёдаги энг қудратли ва жангари бу гуруҳ эса, ўзининг Яқин Шарқдаги исломий халифалигини кенгайтириб, Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё минтақасининг ҳам бир қисмини ўз ичига олувчи қадим Хуросон давлатини қайта барпо этишни мақсад қилган.

Расмий маълумотларда жорий пайтда “Исломий Давлат” гуруҳи аъзоларининг сони ўттиз мингдан ортиши, уларнинг сафларида дунёнинг турли бурчакларидан келган минглаб жангариларнинг борликлари айтилади.

Афғонистондан олинган айрим хабарларга кўра, ўз таъсири остидаги ҳудудларда “Исломий Давлат”нинг қадамини “қирқиш” учун Толибон ҳаракати қуроллисидан ташқари, дипломатик воситалару маҳаллий уламоларни ҳам ишга солмоқда.

Бир гал хос ҳайъатлари ёрдамида улар билан музокаралар олиб боришга уринаётган бўлса, бошқасида масжид имомларининг махсус ваъзлари воситасида ўз аъзолари ва маҳаллий аҳолини “Исломий Давлат” сафларига ёлланишдан қайтаришга уринмоқда.

Агар, маҳаллий хабарларга ишонилса, Толибоннинг бу каби саъй-ҳаракатлари амалда ўз самарасини ҳам бермай қолмаган.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракати илк бор "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга очиқ мактуб билан чиқиб, уларни ўзлари ва Афғонистондан узоқроқ туришга ҳам даъват этган. Бу эса, кўпчилик таҳлилчиларни шоширмай қўймаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ