Президент Раҳмон: ‘Исломий Давлат’ сафларида тожик талабалари ҳам бор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тожикистон раҳбари бу ҳақда Миллий Бирдамлик кунининг 18 йиллиги муносабати билан пойтахт Душанбеда қилган чиқиши чоғида баён қилган.

Президент Раҳмоннинг айтишича, жорий пайтда 18 талабалари Яқин Шарқда “Исломий Давлат” сафларида жанг қилишмоқда.

Тожик раҳбарининг сўзларидан аён бўлишича, улардан етти нафари гуруҳ сафларига қўшилишдан аввал четда таҳсил олаётган бўлишган. Қолганлари эса, Тожикистоннинг ўзидаги Олий ўқув юрти талабаларидир.

Президент Раҳмон, ўз ўрнида, ҳозирга келиб “Исломий Давлат” сафларига адашиб кириб қолган фуқароларининг сони уч юздан ортиши, уларнинг ораларида хотин, бола-чақалари билан бирга кетганлари ҳам борлигини билдирган.

Тожик раҳбарининг чиқишидан бугун “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган тожикистонликлар аксариятининг 18 дан 25 ёшгача эканликлари ҳам маълум бўлган.

Президент Раҳмонга кўра, улардан юздан ортиқроғи аллақачон жангларда ҳалок этилишган.

Унинг сўзларига таянилса, тезроқ бойиб кетиш орзуси ёшларни бу каби ташкилотлар сафларига жалб этаётган асосий омиллардан биридир.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу – президент Раҳмоннинг “Исломий Давлат” гуруҳи ва у солаётган таҳдид ҳақида илк бор сўз юритиши эмас.

Тожик раҳбари ўтган йил Халқ-демократик партиясининг съездида чиқиш қиларкан, “Исломий Давлат”ни “янги асрнинг вабоси”га қиёс берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Толибон бўладими, “ал-Қоида” ёки “Исломий Давлат” - улар барчасининг мақсади ягона экани, ёмони эса, айрим кучлар бу каби гуруҳларни мусулмонларнинг ўзларига қарши қўлланишаётганида” эканини айтганди.

Ўз ўрнида, тожик раҳбари “Исломий Давлат” гуруҳининг фаолияти бутун дунё, шу жумладан, Тожикистон учун ҳам хавф эканини баён қилганди.

Президент Раҳмон ўша чиқишида ҳам тожик ёшлари ҳар қандай йўллар “Исломий Давлат” сафларига бориб қўшилишаётгани, “жиҳод”га, ҳатто, оила, оила бўлиб кетишаётганини айтганди.

Тожикистонликларни “бефарқ бўлмаслик ва бу хавфнинг олдини олиш”га даъват қилганди.

“Агар бу таҳдиднинг олди олинмаса, вазият 1992 йилдагисидан кўра баттарроқ бўлиши” билан огоҳлантирганди.

Тожикистон ҳам қолган Марказий Осиё давлатлари каби “Исломий Давлат” гуруҳи фаолиятининг минтақа давлатларига ёйилишидан жиддий хавотирда.

Президент Раҳмоннинг Душанбедаги сўнгги чиқиши ҳам Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи шундоққина биқинларидаги Афғонистонда юзлаб жангарилар ёллаш ва аллақачон қарши ҳужумга ҳам ўтиб улгурган бир манзарада кузатилмоқда.

Айниқса, яқинда қўшни Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош икки шимолий-шарқий вилоятида “Исломий Давлат” жангарилари ҳам иштирок этган шиддатли ва давомий жанглар Тожикистон томонини жиддий ташвишга солган.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қўшни Афғонистонда воқеаларнинг бу каби ривожи эҳтимолидан жиддий хавотир изҳор этиб келишаётган эса-да, “Исломий Давлат” таҳдиди чегараларига бу қадар яқинлашмаганди.

Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабулов ҳам яқинда хавотирли баёнот билан чиққан, сўнгги ойларда Афғонистон шимолида катта сондаги жангарилар тўпланишганини айтаркан, уларнинг Тожикистонга бостириб киришлари эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаганди.

Замир Кабулов жаноблари бу жангариларнинг аксарияти тожиклар, қирғизлар ва ўзбеклар эканини ҳам билдирганди.

“Исломий Давлат” сафларидаги фуқаролари сони ортиб бораркан, яқинда Тожикистон ортга қайтишса, уларни афв этишини расман баён қилган биринчи собиқ Шўро давлати бўлганди.

Ўтган ой ўз Ички Ишлар вазирлиги полковнигининг “Исломий Давлат” сафларига ўтгани маълум бўлиши ортидан эса, Тожикистон дунёдаги энг қудратли ва жангари бу гуруҳни “террорчи”, деб эълон қилган, мамлакат ҳудудида фаолиятини расман тақиқлаб қўйганди.

Полковник Гулмурод Ҳалимов Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” сафларига қўшилган энг юқори мартабали Тожикистон фуқароси бўлганди.

Аммо Сурия ва Ироқда жанг қилаётган тожикистонликлар орасида собиқ меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил қилиши, уларнинг гуруҳ сафларига Россиядан ёлланганликлари айтилади.

Куни-кеча Тожикистон президентининг Хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Шерали Хайруллоев аксарияти марказий осиёлик жангарилардан иборат ва афғон ҳукумат кучларига қарши жанг олиб бораётган турли ноқонуний исёнчи гуруҳлар нафақат минтақа давлатларига реал хавф туғдириши, балки-да, қуролли низоларга Россия ва Хитойни ҳам тортишлари мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ